Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:26

Эшагини ўғирлатган пайариқликлар колбаса ейишдан қўрқаяпти


Самарқанд вилоят, Пайариқ тумани аҳолиси эшак ўғрилари пайдо бўлганидан шикоят қилишди. Пайариқликларга кўра, кейинги ўн кун ичида камида иккита эшак ўғирланган, чекка жойда сўйилиб, териси шилиб олинган. Туман ИИБ ходимининг айтишича, қишлоқликлар агар йирик буқа ўғирланмаса, майда чорва моллари ўғирланишидан одатда ариза беришмайди.

“Ўғирланган эшакларнинг териси шилинаяпти”

Пайариқнинг Кўкдала қишлоғида яшовчи йигитнинг Озодликка айтишича, бир ҳафта аввал ўғирланган иккита эшакнинг териси шилиб кетилган:

Йўқолган эшакларни баъзилар овлоқ жойлардан териси бурнидан то думигача шилинган ҳолда топишcа, баъзилар эса фақат суягини топаяпти. Бир ҳафтача олдин ҳам қишлоғимизнинг икки эшагини терисини шилиб кетибди, бориб кўрдик. Қишлоқ чеккасида ётибди. Укол билан ўлдиришганми ёки тириклай шилишганми, билмадим. Лекин эшаклар бўғизланмаган. Териси қиммат экан деган гап бор. Битта эшак териси 100 доллар дейишди”, дейди пайариқлик йигит.

Кўкдала қишлоғининг Ҳоса маҳалласида яшовчи бир қария ҳам қишлоқда эшак ўғрилари пайдо бўлганидан хавотир билдирди:

Ҳозир ҳамманинг оғзида шу эшак ўғрилари ҳақидаги гаплар. Одамлар орасида ваҳима. Эшаги борлар кечаси эшагини кўчада қолдирмаяпти. Бизда ҳам битта эшак ва кичкина эшак боласи бор. Кечаси молхонага сигирлар ёнига олиб кириб, боғлаб қўйяпмиз”, дейди кўкдалалик қария.

“Колбаса емай қўйдик”

Озодлик суҳбатлашган пайариқликларга кўра, эшак ўғрилари пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлардан кейин одамлар “колбасага эшак гўшти аралаштирилаяпти” деган хавотир билан колбаса емай қўйган:

“Пайариқда эшак ўғрилиги бошланганидан кейин маҳаллий аҳоли колбасаларни ейишга қўрқиб қолди. Лекин шубҳага бормаcликнинг иложи йўқда. Чунки 1 кило мол гўшти 22-25 минг сўм атрофида. Колбаса эса гўшт нархининг салкам ярим нархида. Ахир қайта ишланган маҳсулотни зарарга сотишмайдику?”, дейди пайариқлик манба.

“Эшак ўғриларидан шикоят бўлмади”

Пайариқ туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир ой ичида эшак ўғирлаш ҳолати қайд қилинмаган:

“Мен қайд дафтаримизни бир ойлик муддатини текшириб чиқдим. Эшак ўғирлаш бўйича бизга ариза тушмаган. Энди қишлоқ одамлари агар йирик буқа ўғирланмаса, майда чорва моллари ўғирланишидан одатда ариза беришмайди. Эшак биз томонларда сотилмайди. Одамлар ўзлари кўпайтириб олишади. Балки шунинг учун эшак ўғирланса ҳам ариза беришмайди”, деди туман ИИБ ходими.

Самарқанддаги эшаклар қабристони
Самарқанддаги эшаклар қабристони

Эшак терисини шилган бизнесменлар судланди

Ўтган йилнинг 15 декабрь куни Самарқанд шаҳри яқинида “эшак бизнеси” билан шуғулланган гуруҳ судланди.

Самарқандлик Шоҳрух Алибеков бошчилигидаги Даврон Раббимов, Элбек Ибрагимов, Улуғбек Тўхташев, Дилшод Тўхтамишевлардан иборат беш кишилик гуруҳ Хишрав қўрғони ҳудудида эшакларнинг сирли кушхонаси ва гўристони ташкил қилгани аниқланган.

Ушбу маҳкамани кузатган самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевга кўра, суд гуруҳ аъзоларини "маъмурий жиноят содир этиш ва ҳайвонлар билан шафқатсиз муомала қилиш"да айбдор деб топган:

- Эшак бизнеси билан шуғулланган беш киши аниқланиб, улар Самарқанд туман судида кўриб чиқилиб, судланган ва бешовига ҳам энг кам ишҳақининг икки баробари миқдорида жарима солинган,- дейди Раҳматуллаев.

Журналист билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглайсиз:

Журналист Тошпўлат Раҳматуллаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00
Бевосита линк

“Эшак гўшти колбасага ишлатилмаган”

Судланувчилар маҳкамадаги кўрсатмаларида эшакларни сўйиб, терисини ўзларида олиб қолиб, гўштини ташландиқ жой ва сув ҳавзасига ташлашгани ва суякларни майдалаб товуқлар учун озуқа сифатида фойдаланилганини айтишган.

Эшак териси нимага ишлатилади?

Кейинги икки йил мобайнида эшак терисига қизиқиш нафақат Ўзбекистонда, балқи қўшни Қирғизистонда ҳам кучайган.

Қирғиз журналистлари ўтказган суриштирувга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистонда сўйилган эшакларнинг териси Хитойга жўнатилади. Хитойда эса эшак терисидан қимматбаҳо дорилар тайёрланиши айтилади.

Ўзбекистонда эшак энг арзон уй ҳайвонларидан бири ҳисобланади. Самарқандлик Ҳасанбой исмли чорва моллари бозори даллолининг айтишича, айни пайтда Самарқанд вилоятининг Жомбой, Булунғур туманларида эшакни 40-50 минг сўмга, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл туманларида эса энг сара эшакни 150 минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

XS
SM
MD
LG