Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:48

"ТВ “Эшак гўшти” кўрсатувига кабобхонамни қўшиб, савдомни касод қилди"


Фарғона вилоят, Тошлоқ тумани марказидаги кунига 500 сих кабоб сотиладиган кафенинг эгаси “эшак гўшти” ҳақидаги гап-сўзлардан кейин савдоси деярли касод аҳволга келиб қолганидан арз қилди.

Кафе эгаси, 28 яшар Аҳлиëрнинг 28 март куни Озодликка айтишича¸ 23 март куни «Ўзбекистон 24» канали орқали намойиш қилинган дастурда Тошлоқ туманидаги кафеларда эшак гўшти сотилгани айтилгандан кейин мижозлар келмай қўйган:

- Кунига 50 сих шашлик сотяпмиз¸ олдин кунига 500 сих сотар эдик. Бунинг устига, кўчадан ўтган машиналар бибиплатиб эшак гўшти сотганлар, деб ҳақорат қилмоқда. Бизда ҳеч қачон эшак гўшти ишлатилмаган. «Ўзбекистон 24» канали бошқа бир кафенинг расмини қўйиб, бизнинг “Ягона кафе” номини айтиб туҳмат қилди. Туман прокуратураси ҳам туҳматлигини аниқлаб берди. Биз асоссиз тарзда жабр кўрдик¸ деди Тошлоқ тумани марказидаги “Ягона кафе” эгаси.

Фарғона вилоят Санитария-эпидемия маркази қошидаги Овқатланишни назорат қилиш бўлими врачининг 28 март куни Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ Тошлоқ туманидаги “Ягона кафе”да эшак гўшти ишлатилгани аниқланмаган.

Врачнинг айтишича¸ вилоятнинг Қўштепа туманидаги хонадонлардан бирида сўйилиб, гўшти Фарғона шаҳрида ва Тошлоқ туманидаги сомсахона ва лағмонхоналарга тарқатилгани юзасидан март ойи бошида рейд ўтказилган. Аммо бу рейд давомида шашлик билан савдо қилинадиган “Ягона кафе” маъмуриятига эътироз бўлмаган.

Қадримга йиғлайман

Тошлоқ туманидаги “Ягона кафе” эгаси Аҳлиëр ўз бизнеси айбсиз айбдор қилинганлигидан норози:

- Республика Бош прокуратураси¸ «Ўзбекистон 24» канали ва Ўзбекистон журналистлар уюшмасига шикоят хати ëздик. Туман прокуратураси бу шикоят юзасидан биз билан боғланиб, «Ўзбекистон 24» канали хатога йўл қўйганлигини ва бизнинг кафемизга нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқлигини тушунтирди. Аммо барибир номимиз қора бўлди. Мижозлар биздан ўзини нари олмоқда. Гап пулда ҳам эмас. Бу кабобхона бизга ота мерос. 20 йилдан бери ишлатиб фақат дуо олиб келганмиз. Қадримга йиғлайман¸ - деди кабобпаз.

Айбсизлик презумпцияси

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи ва вилоятда “эшак гўшти сотди”, дея номи ëмонга чиққан тадбиркорларни ҳимоя қилаëтган мулозим¸ Озодлик билан 28 март кунги суҳбатда бу воқеани ëритган журналистлар “айбсизлик презумпциясига риоя қилмаганлигини” таъкидлар экан, бундай деди:

- Конститутциямизнинг 26- моддасига биноан, “жиноят содир этганликда айбланаётган хар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора куриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”.

Жиноят кодексининг 23-моддасида бундай дейилган: Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб “Ўзбекистон 24” канали айби исботланмаган қассоб ва ошпазларни айбдор, деб кўрсатишга ҳақли эмас эди. Бу ҳолат бўйича телеканал конунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблайман¸ деди Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозим Озодликка.

Мулозимнинг яна айтишича, 23 мартдаги кўрсатувда “айбсиз айбдор” қилинган фақат Тошлоқдаги “Ягона кафе” эмас:

- Ўша дастурда эшак гўшти сотди деб кўрсатилган қассоб ҳам аслида эшак гўшти сотмаган. Фақат итимга берман деб эшак гўшти сотувчилари билан телефонда ëзишган. Шу ëзувлар асаосида унинг устидан ҳам жиноий иш очилган. Телеканал журналистлари бўлса бу қассобдан сўрамасдан видеога олиб эфирга чиқариб юборди. Бу билан мен эшак гўшти сотганларни оқлаëтганим йўқ. Беайб одамларни тинч қўйиш керак деяпман,- деди мулозим.

Озодлик бу масала юзасидан «Ўзбекистон 24» каналига қўнғироқ қилди. Каналнинг ўзини таништирмаган ходими “эшак гўшти ҳақидаги дастур Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги ахборот-таҳлилий мультимедиа марказидан тайëр холда келгани ва барча маъсулият прокуратура зиммасида” эканлигини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги ахборот-таҳлилий мультимедиа маркази мулозими телекўрсатувнинг уларга оидлигини тасдиқлади. Лекин, прокуратура ходими бу ҳақда қўшимча маълумот беролмаслигини айтди.

Озодлик ўтган ҳафтада, юқорида тилга олинган кўрсатув "Ўзбекистон 24"да намойиш қилинишидан олдин, Фарғона вилоятнинг Қўштепа туманидаги хонадонлардан бирида эшаклар сўйилиб, гўшти Фарғона шаҳрида ва Тошлоқ туманидаги сомсахона ва лағмонхоналарга тарқатилгани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Ўзбекистон бош прокуратураси мулозими Озодлик билан 22 март кунги суҳбатда эшак гўшти савдоси бўйича иш очилиб, ​тергов бораётганини айтган эди.

"Тўрт одамга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-моддаси, 1-қисми - «Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»ни содир этганлик бўйича жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда тергов давом этмоқда", - деган эди прокуратура расмийси.

Бироқ Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича¸ “Айнан эшак гўшти сотганлик учун жазога тортиш борасида аниқ ҳуқуқий механизм йўқ”

Эшак гўшти тақиқланмаган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси мулозими Саид Ғаффоровга кўра, “Ўзбекистонда эшак гўштини истеъмол қилиш тақиқланмаган”:

- Мен эшак гўшти Ўзбекистонда тақиқланган деган гапни айта олмайман. Ҳеч ким айта олмайди буни. Бу борада бирорта норматив ҳужжат йўқ. Эшак гўшти истеъмол қилганлар сальмонеллёз¸ эшак эми каби касаллликларга чалинади, деган гаплар ҳам асоссиз. Лекин эшак гўшти динимизда ҳаром қилинган. Мусулмонлар яшайдиган жамият учун шу тақиқнинг ўзи етади. Мулозим эмас¸ шу ватанда яшаëтган одам сифатида эшак сўйиб сотишни қоралайман. Эшак сўйганлар орасида хожи акалар ҳам борлигидан ғазабим келди,- деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими.

XS
SM
MD
LG