Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:06

Эрон пойтахтида ит боқиш тақиқлаб қўйилди


Теҳронлик аёл АҚШнинг собиқ элчихонаси биноси деворига чизилган сатирик сурат ёнидан кучуги билан кетмоқда. 2018, 8 май.
Теҳронлик аёл АҚШнинг собиқ элчихонаси биноси деворига чизилган сатирик сурат ёнидан кучуги билан кетмоқда. 2018, 8 май.

29 январда Теҳрон полицияси раҳбари, бригада генерали Ҳусайн Раҳимий итларни пойтахт кўчалари ва хиёбонларида сайр қилдириш ва уларни уловда олиб юришни тақиқлади. Раҳимийнинг айтишича, ушбу қарор Теҳрон прокуратураси вакиллари билан учрашув вақтида қабул қилинган.

Раҳимий тақиққа итлар жамиятда туғдираётган “қўрқув ва хавотир” сабаб бўлганини айтаркан, деди:

‒ Итларни автомобилларда олиб юриш тақиқланади, мабодо полиция буни кўриб қолса, автомобиль эгаларига қарши жиддий чоралар кўрилади.

Эроннинг бош ветеринари янги тақиқни мантиқсиз деб атади:

‒ Агар эгаларига итларни жамоат жойларга олиб чиқиш ва автомобилларида ташишга рухсат этилмаса, ветеринарлар уларни қандай даволайди? ‒ деб савол берди Эрон Ветеринарлар жамиятининг катта аъзоси Пайом Муҳибий. ‒Улар қандай қилиб касал итларини олдимизга олиб келади?

Итларни боғ ёки бошқа жамоат жойларда сайр қилдириш ва автомобилларда олиб юришни тақиқлаш ислом республикасининг ит боқишга қарши қўллаётган сўнгги амалидир. Ит боқишни мамлакатнинг диний раҳбарияти Ғарб маданиятига тақлид деб ҳисоблайди.

1979 йилги ислом инқилобидан бери Эронда ит боқиш зиддиятли масала бўлиб келмоқда. Расмийларга кўра, ислом таълимотида итларга ифлос жонивор деб қаралади.

Ветеринар Муҳибий “Озодлик”нинг “Фарда” радиосига интервьюсида ушбу чорани анчадан бери амалда бўлиб келаётган сунъий йўлдош антенналари ва приёмникларини тақиқлашга ўхшатди. Унинг фикрича, доимий қатағонлар миллионлаб эронликларни “ғайриисломий” ва “ахлоқий зарар келтирувчи” чет эл телеканалларини томоша қилишдан қайтара олмади.

Ўтган йилларда ит эгалари огоҳлантиришлар олди, айрим ҳолларда уларнинг ити мусодара қилиниб, жониворларга мўлжалланган қамоқларда сақланди.

2014 йили қонун чиқарувчилар итларини жамоат жойга олиб чиқиб, сайр қилдирган кишиларни 74 дарра уриш ва 3500 доллардан ошиқ жарима тўлашга мажбур қилиш тўғрисида қонун қабул қилишни таклиф этган эди.

‒ Аҳволимиз оғир, энди навбат инсоннинг энг яқин дўстларига келди, ‒ деб ёзди Твиттерда бир киши тақиққа жавобан.

XS
SM
MD
LG