Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2025, Тошкент вақти: 22:49

"Теҳронни тарк этинг". Эрон билан Исроил ўртасида зиддият кескинлашмоқда


Исроилнинг Эронга берган зарбаларидан кейин одамлар қочиб бормоқда.
Исроилнинг Эронга берган зарбаларидан кейин одамлар қочиб бормоқда.

Исроил армияси Эрон қуролли кучларининг янги қўмондони ҳам ўлдирилганини эълон қилди.

Зарбалар кучайиши мумкинлигидан қўрққан Теҳроннинг минглаб аҳолиси пойтахтдан чиқиб кетишга уринмоқда. Айримлари эса озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа энг зарур маҳсулотларни захира қилиб олишга ошиқмоқда.

Исроил Теҳроннинг энг нуфузли ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларидан бири — 3-туман яшовчиларини ҳаво ҳужумлари ҳақида огоҳлантириб, тинч ҳудудларга кўчишни талаб қилгандан сўнг одамлар орасида хавотир янада ошди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху мудофаа кучлари тинч аҳолини нишонга олмаётганини таъкидламоқда. Бироқ Теҳрон ва бошқа шаҳарлардан тарқалаётган видеолар ва суратлар вазиятнинг оғир эканини кўрсатяпти.

Кузатувчиларга кўра, Исроилда ҳам, Эронда ҳам одамлар ваҳимага тушиб қолган. Бироқ Исроилдан фарқли ўлароқ, Эронда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари чекланган. Ҳаво ҳужумлари одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилаётган бир пайтда, оддий эронликлар қандай шароитда яшаётгани ва уларнинг фикрлари ҳақида хабарлар жуда ҳам кам. Минтақада ҳаво ҳудудлари ёпилган.

Теҳрондан чиқиб кетаётган машиналар тирбандлиги. 15 июнь, 2025 йил.
Теҳрондан чиқиб кетаётган машиналар тирбандлиги. 15 июнь, 2025 йил.

Яна бир ҳарбий етакчининг ўлими

Ҳаво хужумларининг бешинчи кунида — 17 июнда Исроил ҳарбийлари Эрон Қуролли Кучлари марказий штаби “Хатам ал-Анбия”га янги тайинланган етакчи Али Шадмоний ўлдирилганини маълум қилди.

Исроил армияси расмийси, генерал Эффи Дефринга кўра, Шадмоний Эрон Олий Раҳнамосига энг яқин одамлардан бири бўлган. Исроил ҳаво кучлари сешанба куни эрталаб Теҳронда Шадмоний иштирок этган махфий йиғилишни нишонга олган. Эрон бунга ҳозирча изоҳ бермади.

Али Шодмоний
Али Шодмоний

Али Шадмоний аввал “Хатам ал-Анбия” штаби раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган. У 13-июн куни Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган ўзининг собиқ раҳбари Ғулом Али Рашиднинг ўрнига тўрт кун аввал тайинланган эди.

"Хатам ал-Анбия" штаби — Иранда ҳарбий операциялар давомида, хусусан, инқироз ёки уруш шароитида қўшинларга умумий қўмондонлик қилувчи энг юқори ҳарбий орган ҳисобланади.

Исроил ўз ҳаво ҳужумини кутилмаган зарба билан бошлаб, Эрон ҳарбий қўмондонларининг деярли бутун юқори қатламини ва етакчи ядровий олимларини йўқ қилганини айтмоқда. Айни пайтда Исроил Эрон ҳаво фазоси устидан назоратни қўлга киритганини ва яқин кунларда ҳужумни янада кучайтиришни режалаштираётганини билдирди.

Исроилга отилган ракеталар, Эроннинг ТВ марказига зарба

17 июнда эрталаб Эрон томонидан амалга оширилган ракета ҳужумидан сўнг Исроилнинг марказий қисмида жойлашган Ҳерцлия шаҳрида улкан қора тутун осмонга кўтарилди. Интернетга тарқаган видеоларда автотураргоҳда шикастланган автобуслар ва портлашдан ҳосил бўлган чуқурликлар кўзга ташланади.

Ахборот воситаларининг ёзишича, Тел-Авивда ҳаво ҳужуми сиреналари янграган пайтда бир неча портлаш овозлари эшитилди. Полиция марказий ҳудудда мулкка зарар етганини тасдиқлади, аммо аниқ қайси объектларга зарба берилганини маълум қилмади.

Исроил армияси ушбу ҳужумларга жавобан ўзининг мудофаа тизимлари фаоллаштирилганини маълум қилди. Уларга кўра, Эрон томонидан учирилган ракета таҳдиди аниқланган ва уни йўқ қилиш чоралари кўрилган.

Эронда эса Исроил нишонга олган объектлар орасида давлат телерадиоэшиттириш маркази ҳам бор. 16 июндаги жонли эфир пайтида ракета зарбасидан бошловчи студияни тарк этишга мажбур бўлди. Расмий маълумотга кўра, бу ҳужумда каналнинг уч ҳодими ўлди. Орасида муҳаррир ҳам бор. Исроил бу телерадиомарказни Эрон ҳарбийлари учун алоқа майдони сифатида фаолият юритган деб ҳисоблайди.

Эрон давлат телерадиоэшиттириш марказига урилган зарбадан кейин олинган тасвир.
Эрон давлат телерадиоэшиттириш марказига урилган зарбадан кейин олинган тасвир.

Ҳаво уруши 13 июнь куни Исроилнинг Эронга зарбалари билан бошланган. Исроил Ироннинг ядровий объектлари, баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводлари ва ҳарбий қўмондонлик марказлари жойлашган ҳудудларга зарба берган. Тель-Авив бу ҳаракат орқали Теҳроннинг ядровий қурол яратиш имкониятларини чеклашни мақсад қилганини билдирган. Эртаси Эрон Исроил томон юзлаб баллистик ракета отган. Ушбу ҳужумлар Яқин Шарқда аввалдан таранг бўлиб турган вазиятни янада оғирлаштирган.

Эрон расмийларининг маълум қилишича, ҳужумлар натижасида 220 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги тинч аҳоли вакилларидир. Исроил эса ўз навбатида 24 нафар фуқаросининг ҳалок бўлганини маълум қилди.

Эрон Исроилга урган зарбалардан кейинги ҳолат.
Эрон Исроилга урган зарбалардан кейинги ҳолат.

Исроилнинг баёнотига кўра, асосий мақсади — Теҳроннинг ядровий қурол яратиш салоҳиятини йўқ қилишдир. Эрон эса бундай қурол яратиш нияти борлигини рад этмоқда.

Ислом Инқилоби посбонлари корпуси собиқ раҳбари, Мақбулиятни баҳолаш кенгаши раиси Муҳсинн Ризоий 15 июнда миллий телевиденияда чиқиш қилиб, Эрон ядровий бомба яратишга интилмаган ва бундай ниятда эмаслигини билдирган.

"Вақт ўтиши билан воқеалар қандай ривожланишини кузатамиз, лекин ҳозирча ядровий бомба яратиш йўлида ҳаракат қилишни режалаштирмаяпмиз", — деган у.

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 15 июнда баёнот бериб, Исроилнинг Эрондан ҳимояланиш ҳуқуқи борлигини таъкидлаган, бироқ Эроннинг ядровий дастури муаммосини ҳал этишда узоқ муддатли энг яхши ечим — дипломатик йўл эканини урғулаган.

У Канададаги G7 саммити олдидан журналистларга Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан телефон орқали вазиятни муҳокама қилганини маълум қилган.

Трамп теҳронликларни огоҳлантирди

Reuters агентлигининг ёзишича, Эрон АҚШ президенти Дональд Трампга Исроилни ўт очишни тўхтатишга босим ўтказишга ундаб Форс Кўрфази давлатлари орқали мурожаат йўллаган. Теҳрон бунинг эвазига АҚШ билан ядровий музокараларга тайёр эканини билдирган. Ҳозирча бу маълумот расма тасдиқланган эмас.

Дональд Трамп Канадада ўтаётган G7 саммитидаги иштирокини душанбада муддатидан олдин тугатиб, Вашингтонга қайтишини эълон қилган. У бу қарорни Яқин Шарқдаги вазият билан изоҳлаган. Fox News телеканалига кўра, Трамп Миллий хавфсизлик кенгашини чақиришни режалаштирган.

Трамп агар Эрон АҚШнинг ядровий дастур бўйича талабларини қабул қилса, Исроилнинг ҳарбий амалиёти қисқа муддатда тўхташи мумкинлигини, таъкидлаб келади.

АҚШ президенти душанба куни эронликларни Теҳрондан тезроқ чиқиб кетишга чақирди. Бу ҳақда у Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзди.

“Эрон мен таклиф қилган “келишувга” қўл қўйиши керак эди. Бу жуда ҳам уят ва инсон ҳаётининг йўқ бўлишидир. Оддий тил билан айтганда, Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак. Буни мен такрорлаб келяпман. Ҳамма дарҳол Теҳрон ҳудудидан эвакуация қилиниши шарт” – деган Трамп.

Дональд Трамп
Дональд Трамп

Исроил армияси 16 июнда Теҳроннинг уч ҳудудида жойлашган “Эрон режимининг ҳарбий инфратузилмасига зарба беришини” эслатган баёнот тарқатган. Ҳужумга учраган телерадиомарказ ҳам шу ҳудудда эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Теҳрондан ғарб томонда жойлашган Караж шаҳрига элтувчи йўлда катта тирбандлик кузатилди. Reuters агентлиги геолокацияни бинолар ва йўл шакли орқали аниқлаганини маълум қилди. Бироқ, видеони айнан қачон тасвирга олинганини аниқлаш имкони бўлмаган.

Таҳлилчилар фикри

Ўзбекистонлик таҳлилчи, Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов Kun.uz нашридаги муҳокамада Эрон ва иттифоқдошлари ўртасида ҳозир алоқалар деярли узилганини айтиб, бу можаронинг мантиқий якуни қандай бўлишига нисбатан фикрини билдирган.

“Ҳизбуллоҳнинг Эронга сезиларли ёрдам кўрсата оладиган қудрати қолмаган. Молиявий ёки ҳарбий жиҳатдан ёрдам етиб келмаяпти, Исроил уларнинг бор-будини пейджерлари билан қўшиб йўқ қилди. Бу фронтда асосан фақат ҲАМАС қолган, лекин у ҳам ҳозир ўзининг Ғазодаги ҳудудини ҳимоя қила олиш даражасида эмас. Илгариги шароитда Исроилни тийиб туриш учун маълум механизмлар бор эди, бугун эса улар ишламаяпти. Исроил ҳатто Суриядаги Ислом инқилоби поспонлари корпусининг бир қатор генералларини йўқ қилиб, Эрон билан ҳудудий алоқани ҳам кесиб ташлади. Ҳозирги пайтда Ҳизбуллоҳ билан фақат интернет ёки бошқа воситалар орқали алоқа сақланаётгандек туюлиши мумкин, аммо ушбу алоқани таъминлаётган шахсларнинг ўзи ҳам йўқ қилинди. Яъни, бутун бир бошқарув ва алоқа инфратузилмаси йўққа чиқди. Эрон урушни қабул қилди ва энди бу низо ўзининг мантиқий якунига етиши мумкин. Агар бу якун Эроннинг ўзи орқали келадиган бўлса, мамлакат ичида кучли сиёсий ва ижтимоий ўзгаришларга олиб келади. Жамоатчилик ҳукуматни мағлубият ва қўрқоқликда айблай бошлайди — буни Эроннинг бир қатор шаҳарларида аллақачон кузатдик. Бу эса ички ижтимоий босимларни кучайтиради. Шу ҳолатда Исроил ўз мақсадига етади. Аввало ядровий дастурларни йўқотиш, кейин Эроннинг қаршилик кўрсатиш салоҳиятини парчалаш, Исроил айнан шу мақсадда ҳаракат қилмоқда. Агар уруш чўзилса, Эрон учун ана шу мантиқий ва оғриқли якунга олиб бориши эҳтимолдан холи эмас”.

Қизил ярим ой жамияти қутқарувчилари Теҳрондаги вайроналар ичида ишлашяпти. 17 июнь, 2025 йил.
Қизил ярим ой жамияти қутқарувчилари Теҳрондаги вайроналар ичида ишлашяпти. 17 июнь, 2025 йил.

Дунё ўлкалари Эрон ҳудудидан ўз фуқароларини олиб кетишни давом этяпти. 16 июнда 30дан ортиқ ўзбекистонлик ватанига қайтарилди. Улар Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилингани ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълумот берган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар ҳам юзлаб фуқароларини эвакуация қилганини билдирган.

Туркманистон қўшни Эрон билан чегарадош ҳудудларда ҳавфсизлик чораларини кучайтирди. Озодликнинг туркман хизмати тарқатган хабарларга кўра, ҳарбийлар Туркманистон-Эрон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктида тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Ракета Туркманистон ҳудудига ўтиб кетиш хавфи борлиги туфайли, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўлиқ ишга туширилган. Туркманистон билан Эрон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1100 километр.

Қирғизистонлик эксперт, минтақашунос Искендер Ормон ўғли бу можаронинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида бундай фикрда:

“Албатта, бунинг Марказий Осиёга билвосита иқтисодий таъсири бўлади. Нефт нархи янада ошиб кетиши мумкин. Савдо йўлларидаги тўсиқлар туфайли логистика харажатлари ҳам кўпайиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу билан бирга, Эрон Украина ва Россия ўртасидаги урушда Москвага дрон етказиб бериб келаётган мамлакат. Бу жиҳатдан ҳам муайян ўзгаришлар юз бериши мумкин. Яқин Шарқдаги зиддиятлар умумий тарзда минтақага узоқ муддатли ва билвосита таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳозироқ эҳтиёт чоралари ҳақида ўйлаш зарур. Энг муҳим жиҳат, бу уруш диний шиорлар билан олиб борилаётгани. Шунинг учун уруш айрим доираларда геосиёсий эмас, балки динлараро тўқнашув сифатида кўрсатилмоқда. Бундай манзара, афсуски, баъзи одамларнинг онгини ўзгартириб, уларни радикаллашув сари юзлантириши мумкин. Бу хавфдан қочиш учун минтақада узоқ муддатли ва маърифий ёндашув талаб этилади”.

Исроил элчихонасининг огоҳлантириш мурожаати

Айни дамда Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Яқин Шарқдаги вазият туфайли Ўзбекистон ва Тожикистондаги фуқароларига ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди. Миллий хавфсизлик кенгаши эса хориждаги, жумладан, Ўзбекистондаги исроилликларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этди.

Исроил элчихонасининг Телеграм каналидаги хабарга кўра, фуқаролардан жамоат жойларида яҳудий рамзларини намоён этмаслик, ижтимоий тармоқларда қаерда юрганлиги ҳақидаги маълумотларни тарқатмаслик, оммавий диний тадбирларда иштирок этмаслик, маҳаллий хавфсизлик органлари билан ҳамкорлик қилиш ва хавф юзага келганда уларнинг кўрсатмаларига риоя қилиш сўралган.

Шунингдек, фақат ишончли такси иловаларидан фойдаланиш, йўловчи машиналарга чиқмаслик, хавф туғилса Исроил Ташқи ишлар вазирлигига хабар бериш тавсия қилинган.

Ғазодаги вазият

16 июнда Исроил армияси томонидан Ғазонинг Хон-Юнис шаҳридаги кўчирилган аҳолига мўлжалланган чодирлар жойлашган ҳудудга уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида бир неча фаластинлик ҳалок бўлгани ҳақида Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Зарбалар ортидан Хон-Юнисда кўтарилаётган тутун. 16 июнь, 2025 йил.
Зарбалар ортидан Хон-Юнисда кўтарилаётган тутун. 16 июнь, 2025 йил.

Reuters агентлиги шифокорлар маълумотига таяниб ёзишича, Исроил ҳарбийлари озуқа юклаган юк машинаси атрофида тўпланган одамларга ўт очган. Камида 51 киши ҳалок бўлгани, 200 киши жароҳат олгани, камида 20 нафари оғир аҳволда экани айтилмоқда. Исроил бунга ҳозирча изоҳ бермаган.

Ғазодаги уруш 2023 йил октябрда ХАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган эди. Исроил маълумотларига кўра, бу ҳужумда 1200 киши ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган. Бунинг ортидан Исроил Ғазода бошлаган ҳарбий операцияларда 55 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлгани ва 2,3 миллион аҳоли кўчишга мажбур бўлди. Уруш оқибатида ҳудудда очлик инқирози юзага келган.

Форум

XS
SM
MD
LG