Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:57

Эронликлар давлат амадорлари болалари қандай "ёғли" жойларни эгаллаб олганини суриштирмоқда


Эронликлар давлат амалдорлари ўртасидаги қариндош-уруғчиликдан ҳафсаласи пир бўлганини ижтимоий тармоқлар орқали изҳор қилмоқда (иллюстрацион сурат).
Эронликлар давлат амалдорлари ўртасидаги қариндош-уруғчиликдан ҳафсаласи пир бўлганини ижтимоий тармоқлар орқали изҳор қилмоқда (иллюстрацион сурат).

Яқинда ижтимоий тармоқларда Эрон ҳукумати амалдорларига қарши бир кампания бошланди. Унда расмийлардан таъсири ва алоқалари туфайли фарзандлари қандай имтиёзларга эга бўлаётганини очиқ айтиш талаб қилинмоқда.

#Фарзандингиз_қаерда? ҳештеги билан Эрон сиёсатчилари фарзандлари тажрибаси йўқлигига қарамай юқори давлат лавозимларига тайинланаётгани ва “ҳашаматли” ҳаёт кечираётгани хусусида хабарлар тарқалмоқда. Айни дамда кўпчилик эронликлар пул кескин қадрсизланаётгани сабабли қора қозонни сувга ташлаб қўйишга мажбур бўлмоқда. Ҳамма АҚШ қайта жорий қилаётган санкциялардан ва улар эронликлар ҳаётини янада мураккаблаштиришидан хавотирда.

Жорий ой бошида иқтисодий қийинчиликлар, нарх-наво ошиб кетиши ва коррупцияга қарши Эроннинг ўнлаб шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар ҳатто Эрон раҳбарларига қарши шиорларни ҳам кўтариб чиқди.

“Фарзандингиз қаерда?” ҳештеги улар Эрон ёки Америкада эканини аниқлаш учун эмас, аксинча, жамиятнинг бошқа аъзолари сингари яшаётган ёки яшамаётганини аниқлаш учундир, ‒ деб ёзди Халилуллоҳ Балучий Твиттерда. ‒ Улар ўз меҳнати билан кун кўряптими ёки халқнинг ризқига кўз олайтиряптими?”

Кўпчилик аъёнлар кампанияга фарзандлари давлат ишида ишламаслигини айтиб, раддия билдирди, айримлари эса, улар ишсиз экани ёки ўз бизнеси борлигини маълум қилмоқда.

Бундай амалдорлар сирасига Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф киради. У Денвер университетини битирган, Эроннинг БМТдаги доимий вакили бўлиб ишлаган кезлар бир неча йил Нью-Йоркда яшаган.

Эрон ОАВ хабарига кўра, Зарифнинг қизи билан ўғли оилалари билан Теҳронда истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, ўғли маркет менежменти бўйича консультация бериш билан шуғулланади. Қизининг мутахассислиги – биноларнинг ички қисми дизайнери, кўпроқ фарзандлари тарбияси билан банд.

Президент Ҳасан Руҳонийнинг ватандошлар ҳақлари бўйича махсус ёрдамчиси Шаҳиндўхт Мўлаверди икки қизи Эрон университетларини битирганини маълум қилди. Бир қизи таржимонлик қилади, аммо доимий иши йўқ, иккинчиси эса заргарлик бўйича махсус курсни битираётган экан.

Айрим амалдорларнинг фарзандлари ҳақидаги саволларга жавоб қайтаришга мажбур бўлаётганига қараганда, дўппи тор келаётган кўринади. Аммо халқ уларнинг фикрига ишончсизлик билдирмоқда.

Ҳукумат яқинда молиявий жиноят, коррупция ва чайқовчиликка қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириб, 67 кишини қамоққа олди.

Олий раҳбар Оятуллоҳ али Хаменеи дам олиш кунлари суд идораларининг қоррупцияга қарши махсус судлар ташкил қилиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Унинг фикрича, иқтисодий коррупцияда айбланган кишилар учун жазо “қаттиқ ва адолатли” бўлиши керак.

XS
SM
MD
LG