Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 19:21

Ўзбекистон хабарлари

Афғонистон Украинадаги уруш туфайли Ўзбекистонга электр энергиясидан қарзини тўлай олмаётганини билдирди

Афғонистон Энергетика ва сув заҳиралари вазирлиги мамлакат Ўзбекистон ва Тожикистондан сотиб олинаётган электр энергияси учун камида 100 миллион доллар қарз бўлиб қолганини билдирди.

TOLOnews нашри хабар беришича, вазирлик расмий вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат бунга Украинадаги уруш туфайли Марказий Осиё банкларига пул ўтказишда муаммолар юзага келгани билан изоҳлади.

“Ўзбекистоннинг ўз муаммолари бор, биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда”,- деди Ахтар Муҳаммад Нусрат Афғонистон қарзини тўлашга ҳаракат қилаётганини урғулаган ҳолда.

Афғонистон энергетика ширкати – DABSнинг собиқ раҳбари Омонулло Ғолиб эса мамлакат ҳар йили электр учун Марказий Осиё давлатларига 300 миллион доллар ҳақ тўлашини айтди:

“Афғонистон Ўзбекистондан электрнинг асосий қисмини сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда ҳақни тўлашда муаммолар юзага келмоқда”.

Омонулло Ғолибга кўра, Украинадаги уруш туфайли банкларнинг ўзаро ҳисоб-китоб қилишлари мураккаблашган.

“Газета.uz” нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Афғонистон 2021 йилдаги электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ тўлаб бўлганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.

Кун янгиликлари

Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади

Кобул манзараси.

Тошкентда 25-26 июль кунлари 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, тадбирдан мақсад Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни қайта тиклаш, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Тошкентда 2018 йил 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси, 2021 йил 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциялари ўтказилган эди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Қобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Марказий банк Ўзбекистонда нақд валюта муаммоси пайдо бўлганини рад этди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларида нақд валюта сотиш ва сотиб олишда, хориждан ўтказилган пулларни долларда берилишида муаммолар пайдо бўлгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

Марказий банкнинг таъкидлашича, барча тижорат банклари нақд хорижий валюта билан таъминланган. Банкларда жисмоний ва юридик шахслар учун валюта сотиш, сотиб олиш амалиётлари ҳамда хориждан пул ўтказмалари узлуксиз ишламоқда.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда ва маҳллий матбуотда “Халқ банки”, “Ипак йўли банк”, “Трастбанк”, “Капиталбанк”, “Ҳамкорбанк”, “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Инфинбанк” ва “Ипотека банк” мижозлари нақд валюта танқислиги кузатилаётгани, хориждан яқинлари жўнатган пул жўнатмаларини долларда ололмаётганликлари тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Қаршида 18 ёшли аскар ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Чегарани қўриқлаётган ўзбекистонлик аскарлар (иллюстратив сурат)

Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида муддатли хизмат ўтаётган 18 ёшли Руслан Қидиралиевнинг ўлими юзасидан иш қўзғатилди.

Kun.uz нашрининг марҳум аскар отаси Ринат Суалетов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур иш 27 июнь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда ифодаланган эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўлимига сабабчи бўлиш) билан шифокорларга нисбатан иш қўзғатилган, ҳолат юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси дастлабки терговни бошлаган.

Айтилишича, Руслан Қидиралиев хизматга чақирилганидан 50 кун ўтиб Қарши ҳарбий госпиталида вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида аскарнинг ўлимига “Юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари Kun.uz'га экспертиза хулосасига ишонмаётганларини айтишган. Уларга кўра, агар Русланда қандайдир сурункали касаллик бўлганида, бу тиббий кўриклар вақтида аниқланган ва у ҳарбий хизматга олинмаган бўларди.

Отасининг иддаосича, ўғлининг жасадида моматалоқ излари бўлган, бироқ ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномада марҳумнинг танасидаги кўкариш ва қизариш сабаблари ҳақида лом-мим дейилмаган. Русланнинг ота-онаси моматалоқ излари калтак асорати бўлиши мумкинлиги, ўғилларининг ўлимига айнан шу нарса сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити қайси кунга тўғри келиши маълум бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази “ҳижрий 1443 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоб бўйича 2022 йил 30 июн кунига тўғри келаётгани эълон қилинди”, деб хабар берди.

Фатво марказининг билдиришича: “Шу муносабат билан Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётган зиёратчилар 2022 йил 8 июл, арафа куни Арафот тоғида жам бўладилар”.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг изоҳ беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг бу баёноти “Қурбон ҳайити 9 июлда нишонланиши”ни англатади.

Маҳаллий матбуотдаги хабарлардан англанишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Қурбон ҳайитини 9 июлда нишонлаш тўғрисидаги президент қарори эълон қилинмагани ортидан, 9 июлни Қурбон ҳайити куни деб эълон қилишдан тийилмоқда.

“Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 9 июлда нишонланиши президент қарори билан расман эълон қилинса, дам олиш кунлари кетма-кет 4 кунни ташкил этади”, -деб ёзди “Кун уз” нашри.

“Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бугун — 30 июнь пайшанба куни Зулҳижжа ойининг 1-куни эканини маълум қилди. Шунга кўра, Қурбон Ҳайити 9 июль — шанба кунига тўғри келади”,-деб дадиллик кўрсатди “Газета уз” нашри.

“9 июль Қурбон ҳайити сифатида расман тасдиқланса, ўзбекистонликлар иш ҳафтасининг туридан қатъи назар кетма-кет 4 кун дам олади”,-деб эҳтиёткорлик қилди “Дарё уз” нашри.

Айни пайтда Қирғизистон ва Қозоғистон мусулмонлари диний идоралари “30 июнь Зулҳижжа ойининг биринчи куни бўлгани муносабати билан 8 июль арафа, 9 июль куни эса Қурбон ҳайит нишонланади”, деб эълон қилди.

Энергетика вазирлиги: Ўзбекистонда энг йирик нефть ва битум кони топилди

Иллюстратив сурат.

Навоий вилоятининг Зарафшон тубсизлигида Ўзбекистондаги энг йирик ўта ёпишқоқ нефть ва битум кони топилди. Мазкур конга “Янги Ўзбекистон” номи берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги 29 июнь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, кон “Sanoat Energetika Guruhi” ва “Kontiki-Exploration” компанияси томонидан топилган. Кон Марказий Осиёдаги энг юқори технологияли конлардан бирига айланиши режалаштирилмоқда. “Янги Ўзбекистон” конининг битумли нефть захиралари тахминан 100 миллион тоннага баҳоланмоқда.

“Битумли нефть қазиб олишнинг максимал йиллик даражаси 2025 йилга бориб 1 миллион тоннани ташкил этади. Битумли нефть қазиб олиш даражасини таъминлаш учун йилига 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган. Кейинги 12 йилда конни ўзлаштиришга 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши тахмин қилинмоқда”,-дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликнинг билдиришича, мазкур лойиҳани амалга ошириш Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида 15 майдан бошланган. Бурғилаш ишлари жараёнида “алб”, “сеноман” ва “турон” даврларига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси нефть, қўшимча ёпишқоқ мой ва битум билан тўйинган бўлиб чиқди.

Вазирлик мазкур лойиҳага Канаданинг McDANIEL ва GenOil, АҚШнинг BYIS Manufacturing ва O‘NEILL Industries, Россиянинг Energy and Engineering ва Veraton I.T.C., ширкатлари жалб қилинганини иддао қилмоқда.

“Ҳозирда маҳсулдор қалинликларни аниқлаш ва битум ва нефть конларини аниқлаш бўйича қидирув ишлари, шунингдек, қазиб олиш усулини аниқлаш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда”,-дейилади баёнотда.

Тошкент хорижликлар яшаши учун энг арзон шаҳарлардан бири деб топилди

Tashkent City паркининг юқоридан кўриниши (архив сурати)

Cost of Living City Ranking рейтингига мувофиқ, Тошкент чет эллик мутахассислар яшаши учун энг арзон шаҳарлардан биридир.

Ўзбекистон пойтахти рўйхатга киритилган дунёнинг 227 шаҳри орасида 221-ўринга қўйилган.

Рейтингда хорижлик яшаши учун энг қиммат шаҳар ўлароқ Ҳонконг, энг арзон шаҳар сифатида эса Туркия пойтахти бўлмиш Анқара кўрсатилган.

Рейтинг кўздан кечирилса, нафақат Анқарада, балки Туркиянинг Истанбул, Покистоннинг Карачи ва Исломобод, Тожикистоннинг Душанбе ҳамда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳарларида ҳам турмуш кечириш Тошкентдагига нисбатан арзонроқ эканини кўриш мумкин.

Тошкентда COVID-19 поликлиникалари фаолияти қайта тикланмоқда

Сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сони кўпая бошлагани муносабати билан Тошкент шаҳрининг 12 туманида COVID-19га ихтисослашган махсус поликлиникалар фаолияти қайта тикланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 июнь куни маълум қилди.

“24 соат ишлайдиган ушбу муассасаларнинг асосий вазифаси хасталикни эрта босқичларда аниқлаш, беморларга ўз вақтида ташхис қўйиш ҳамда зарур даво муолажаларини олиб боришдан иборат”, дейилади билдирувда.

Вазирлик ушбу муассасаларда коронавирусни аниқлаш бўйича экспресс ва ПЗР тест олиш, биринчи ёрдам кўрсатиш, рентген текширувларини ўтказиш, касалликнинг оғир даражалари қайд этилган беморларни тез ёрдам машиналари орқали коронавирусга ихтисослашган шифохоналарга етказиш каби имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

Сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда кунига юзга яқин киши коронавирусга чалинаётгани аниқланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 240667 нафарни ташкил этмоқда. Соғайганлар жами 237995 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда 1 июлдан электр ва газ нархи қимматламайдиган бўлди

Ўзбекистонда аввал режалаштирилганидек 1 июлдан электр ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмайди, деб билдирди Энергетика вазирлиги 29 июнь куни.

Расман билдирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан фуқаролардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатлар айни пайтда Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутахассислари томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

“Қабул қилинган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилгандан сўнг, ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилинади”,-дейилади билдирувда.

“Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси 31 майда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинганди. Мазкур қарорда 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб электр қуввати ва табиий газ табақалаштирилган нарх асосида “ижтимоий истеъмол нормаси”га амал қилинган ҳолда берилиши таъкидланган.

Қарорда маълум қилинишича, 1 июлдан 1 киловатт-соат электрга овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар 165 сўмдан ҳақ тўлайди.

Қолган маиший истеъмолчилар ойига 250 кВт соатгача 325 сўм, ойига 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун 650 сўмдан тўлайди. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 кВт соат электр қуввати нархи 295 сўмни ташкил этади.

Ҳукумат қарорида 250 кВт соатгача 325 сўм тўланадими ёки 250 кВт соатгача бўлган миқдорнинг ҳар бир киловаттига 325 сўмдан тўланадими, деган савол жавобсиз қолган.

Аммо расмий изоҳдан аниқланишича, ойига 250 кВт соатгача электр ишлатадиган хонадонлар тўлайдиган ҳақ миқдори ойига 7,5 минг сўмга ошади.

300 кВт соатгача ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 25 минг сўмга, 400 кВт соатгача электр ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 61 минг сўмга кўпаяди.

Шунингдек, газ нархи истиш мавсумида ҳисобга олиш ускуналари мавжуд бўлган аҳолига ойига 700 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан белгиланди.

Иситиш мавсумидан ташқари пайтларда ойига 200 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан тўланади.

АҚШ Россияга микрочип сотган Ўзбекистон ширкатига санкция жорий қилди

АҚШ Давлат департаменти биноси.

АҚШ Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic ширкатини санкциялар жорий этилган корхоналар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти расмий сайтида 28 июнь куни маълум қилинди.

Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, 3 март куни АҚШ мудофаа саноатига маҳсулот етказиб бергани учун Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатини санкциялар рўйхатига киритган эди. Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистонаги Promcomplektlogistic компанияси “Радиавтоматика” ширкатига санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган ва мазкур ширкатга микрочиплар етказиб берган.

АҚШ Давлат департаменти Promcomplektlogistic компаниясига санкция жорий этилиши бутун дунёдаги ширкатлар учун “огоҳлантириш” эканини таъкидлади. “Агар сиз санкция остидаги юридик ёки жисмоний шахс билан бизнес қилаётган бўлсангиз, билингки, ўзингиз ҳам санкциялар остида қолишингиз мумкин”, дейилади баёнотда.

Санкцияларга мувофиқ Promcomplektlogistic ширкатининг АҚШдаги барча активлари музлатилади ва АҚШ ширкатларига Promcomplektlogistic билан бизнес қилиш тақиқланади.

Очиқ маълумотларда қайд этилишича, Promcomplektlogistic ширкатига 2018 йилда асос солинган ва компания ер устида транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланади.

Тошкентда рўйхатдан ўтказилган ширкатнинг ягона эгаси Олег Граблин экани, у Россияда ҳам бир неча ширкатга эга экани кўрсатилган.

Хива 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти айланади

Хива манзараси

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири бўлмиш Хивани 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилишга доир қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик қайдича, йиғилишда Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отел ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланган.

Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига БАА, Туркия, Нигерия, Тожикистон ва Ўзбекистондан Абу-Даби, Шанлиурфа, Лагос, Душанбе ва Хива шаҳарлари номзоди қўйилган бўлиб, сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилган. Пировардида бу мақомга Хива шаҳри лойиқ топилган.

Россиянинг Совкомбанки санкциялар оқибатида Ўзагроэкспортбанкни сотиб олиш битимини бекор қилди

Совкомбанк Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлигидан Ўзагроэкспортбанкнинг юз фоиз акцияларини сотиб олиш тўғрисидаги битимни бекор қилди. Бу ҳақда Совкомбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимскийга таянган ҳолда Интерфакс агентлиги маълум қилди.

“Афсуски, Россиядаги барча нуфузли банклар қаторида бизга ҳам санкциялар жорий этилгани оқибатида мазкур лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд бўлмай қолди. Ҳозир томонларнинг ўзаро келишуви асосида битимни бекор қилиш жараёни олиб борилмоқда. Битим деярли бекор қилинди, десак ҳам бўлаверади”,-деди Сергей Хотимский.

АҚШ Совкомбанка нисбатан санкцияларни Россия Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб жорий этган эди. Шундан сўнг бошқа қатор давлатлар ҳам мазкур банкни санкциялар рўйхатига киритган.

Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни 4 миллион долларга сотиб олиш ниятида экани 2021 йилнинг ноябрида хабар қилинган эди. Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни хусусийлаштириш юзасидан очиқ танловда ғолиб чиққани ва Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги билан шартнома имзолагани айтилган.

2017 йилнинг ёзида ташкил қилинган Ўзагроэкспортбанк фаолияти асосан агросаноат соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.

“Ўзтрансгаз” раҳбари: Ўзбекистон икки йил ичида газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб хорижга газ сотишнинг бутунлай тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда журналистларга “Ўзтрансгаз” раҳбари Беҳзод Норматов маълум қилган.

“Ички истеъмол ошгани туфайли яқин келажакда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг ҳаммаси ЯИМнинг барқарор ўсишини таъмишлашга йўналтирилади. Ҳа, бизда экспорт бўлган, бироқ ҳали иқтисодиётимиз динамикаси унча юқори эмас. Биз иш ўринлари яратишимиз лозим, газни қайта ишлаш ва қўшилган қийматнинг қўшимча занжирини яратиш имконияти турганда газнинг ўзини экспорт қилишдан иқтисодиёт қанча фойда кўради?” дея иқтибос келтирган Беҳзод Норматов сўзларидан “Газета.уз” нашри.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган табиий газнинг тақрибан 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда. “Ўзтрансгаз” раҳбари бу фоиз Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ойдан ой ўзгариб турганини айтган. Одатда, қишда экспорт қилинаётган газ ҳажми қисқартирилиб, ёз мавсумида оширилади.

Ўзбекистонда 2025 йилга бориб газ экспортини тўхтатиш режаси борлиги ҳақида бундан икки йил муқаддам бош вазир Абдулла Арипов ҳам айтган эди. Ўшанда у қазиб олинаётган газнинг ҳаммаси мамлакат ичида қайта ишланишини билдирган.

Ўзбекистон ОАВларининг фойда солиғи тенг ярмига қисқартирилди

Жорий йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 июлигача Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларидан олинадиган фойда солиғи 50 фоизга қисқартирилади. Бу ҳақда президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни имзолаган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади”.

Бундан ташқари фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади.

2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофотининг бош совриндори автомобиль берилади. Биринчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида мукофот пули тўланади.

27 июнь — Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Аввалроқ шу кун муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги қатор журналистларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлагани хабар қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркин бўлмаган давлатлар қаторида баҳолайди. Жумладан, Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 133-ўринга қўйди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 24 поғона юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда блогерларга таҳдид қилиш ва уларни қамоққа ташлаш давом этаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Маҳмудов 49 ёшида вафот этди

Фарҳод Маҳмудов. Фотосурат журналист Азиза Қурбонованинг телеграм каналидан олинди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов 27 июнда вафот этгани тўғрисида журналист Азиза Қурбонова маълум қилди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, аввалроқ Фарҳод Маҳмудов оғир касалликка чалинган эди. Унинг ўлимига мана шу касаллиги сабаб бўлган. Маҳаллий нашрлар “оғир касаллик”нинг номини айтмаган.

1973 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган Фарҳод Маҳмудов 1996 йил Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У 1995 йилдан бери Миллий телерадиокомпанияда турли лавозимларда ишлаб келган. Жумладан, «Ўзбекистон 24» телеканалига раҳбарлик қилган.

2018 йилнинг сентябрида Фарҳод Маҳмудов ОАВ, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлган. 2019 йил сентябрида эса президент администрацияси раҳбарига ўринбосар этиб тайинланади.

2020 йил ёзидан Маҳмудов Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётганди. У 2008 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2018 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланган.

Мирзиёев Матбуот куни муносабати билан қатор журналистларга унвон, орден ва медалларни улашди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мамлакатдаги қатор журналистларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлади.

Президент сайтида эълон қилинган фармон матнига кўра, журналистлар мазкур мукофотларга Ўзбекистонда “сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган демократик ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаётгани, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги яратувчилик ва янгиланиш жараёнларида эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун” лойиқ топилган.

Фармонга мувофиқ, уч кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, икки кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, яна уч кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонлари берилган. Шунингдек, 6 киши “Меҳнат шуҳрати” ордени, 12 киши “Дўстлик” ордени, 2 киши II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, бир киши “Соғлом турмуш” медали, 7 киши “Содиқ хизматлари учун” медали, 2 киши “Келажак бунёдкори” медали, 14 киши эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG