Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:20

Оқ уйга тақдим этилган "Украина тинчлик режаси"ни танилмаган украин депутати тайёрлаган


Андрий Артеменко (ўнгда)

Трамп маъмуриятига тақдим этилган Украинада тинчлик ўрнатиш режаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Мазкур режада Украинада тинчлик ўрнатилиши эвазига Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилган бўлиб, уни унчалик танилмаган украин депутати ёзган.

Радикал партия депутати Андрий Артеменко ўзининг тинчлик режасини Россия президентининг маслаҳатчилари маъқуллаганини иддао қилди. Аммо 20 февраль куни Кремль буни дарров рад этди.

Бу ҳақда биринчи бўлиб хабар берган The New York Times газетасига кўра, мазкур режа Трамп атрофидаги бир неча шахс қўлидан ўтиб, Майкл Флинн қўлига етиб борган. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимида 24 кун ишлаган Флинн ўтган ҳафтада АҚШдаги Россия элчиси билан суҳбатлари тўғрисида нотўғри маълумот бергани ошкор этилиши ортидан истеъфо берган эди.

Артеменконинг Радикал партиядаги шериклари тезда ўзларини унинг таклифидан узоқлаштирдилар. 20 февраль куни Артеменко Радикал партиядан чиқариб юборилди. Партия етакчиси Олех Ляшко Артеменкони парламентдан четлатишга чақирди ва: “Россия – агрессор, Россия – босқинчи, Россия Украинадан чиқиб кетиши керак. Артеменко таклифи унинг шахсий позициясидир”, деди.

The New York Times газетасисида ёзилишича, Артеменкода Украина президенти Петро Порошенко қўл урган коррупция бўйича далиллар бор. Депутатнинг айтишича, унинг қўлидаги далиллар Порошенкони ағдаришга ёрдам беради.

Артеменконинг ҳатти-ҳаракатлари Украина расмийлари ғазабини келтирди.

Порошенконинг матбуот котиби Озодлик радиоси билан суҳбатда президент қўл урган коррупция ҳақида далил-исбот тақдим этилмагунича бирор шарҳ беришдан бош тортди. Бошқалар эса Артеменконинг устидан кулмоқда.

Украиналик таниқли журналист Кристина Бердинских: “Агар Трамп маъмурияти Артеменко билан чиндан ҳамкорлик қилаётган бўлса, улар аҳмоқ эканлар”, деди.

АҚШ тарафи Артеменко таклифи олингани ёки Оқ уй уни жиддий кўриб чиқаётганини расмий тадиқлагани йўқ.

The New York Times газетасига кўра, Трампнинг шахсий ҳуқуқшуноси Майкл Коэн Артеменко ташаббусини Флиннга етказиб беришда муҳим роль ўйнаган.

Артеменко ташаббусида Украинада Қримни Россияга 30-50 йилга лизингга бериш бўйича референдум ўтказиш таклиф қилинган.

Донбасс масаласи бўйича эса сиёсатчи айирмачилар Украинага қайтиши кераклигини ва улар афв этилиши кераклигини таклиф қилган. Артеменко режаси бўйича, бунинг ортидан шарқий вилоятларга махсус автоном статус бериш бўйича миллий референдум ўтказиш керак. Агар халқ буни маъқулласа, Россия Қрим учун тўлаган маблағ ёрдамида вилоятларни ривожлантириш керак.

XS
SM
MD
LG