Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 09:57

COVID-19: Ўзбекистоннинг беш қўшниси билан чегараларида вазият қандай?


Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларини 16 мартдан бошлаб ёпганди

Ўзбекитон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев мамлакатда коронавируснинг янги, "британча" штамми қайд этилгани боис карантин чекловлари яна кучайтирилиши мумкинлигини айтган.

Ўзбекистон-24 каналига берган интервьюсида мулозим фуқароларни санитария қоидаларига риоя этиш, зарурат бўлмагани тақдирда хориж, жумладан, қўшни давлатларга сафар қилмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 январь куни Ўзбекистон ҳудудида коронавируснинг "британча" штамми аниқлангани тўғрисида хабар берди.

Ўзбекистон айрим қўшни давлатлар билан қарийб 11 ой аввал ёпилган чегараларини янги йилдан бошлаб очган эди.

3 февраль кунги маълумотларга кўра, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистонга боришни истовчилар, карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтиб-қайтишлари мумкин.

Тожикистонга бориб-келиш учун мутасадди ташкилотлардан рухсатнома олиш шарт қилиб қўйилган.

Ўзбек-туркман чегараси эса ҳануз ёпиқ. Бу чегарадан охирги марта ўтган йилнинг 16 март куни одам ўтиб-қайтган.

Пандемия боис ҳукумат қўллаган чораларга кўра, 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилди.

Фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланди, ҳукумат хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш чораларини кўрди.

Янги йилдан бошлаб авиа қатновлар тиклана бошлади. Айрим давлатлар билан чегаралар ҳам очилди.

Ўзбек-қирғиз чегараси

3 февраль куни Озодликка боғланган андижонлик талабанинг мурожаати Ўзбекистоннинг чегараларидаги вазиятни ўрганишга сабаб бўлди.

Ўшдаги институтларнинг биридан ўқишини Андижонга кўчирган талаба қиз ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтишда дуч келаётган қийинчиликлари ҳақида гапирди:

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги тест маркази берган маълумотнома.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги тест маркази берган маълумотнома.

"Мен ҳали ҳужжатларимни Ўшдан тўлиқ олиб келганим йўқ. Шу сабаб тез-тез ўтишимга тўғри келяпти. Қирғизистонга ўтиш учун 160 минг сўм тўлаб, тест топшираман. Ўзбекистонга қайтиб кираётганимда яна 160 минг сўм тўлаб, қайта тест топшираман. Икки давлатнинг чегарада алоҳида ўзининг тест марказлари бор. Бирининг тести иккинчисига ўтмайди. Бу оддий халққа жуда қимматга тушиб кетяпти”.

Озодликнинг Ўшдаги мухбири Шерзод Юсуф ўзбек-қирғиз чегарасининг “Дўстлик” постидаги тест топшириш жараёнини шундай тасвирлади:

- Ўзбекистон чегарасида тест олувчилар учун палатка қилган. Анализ топширасиз, 5 минутда тест жавоби ёзилган қоғозни қўлингизга печать босиб беришади. Нархи 160 минг сўм. Шу билан Ўзбекистонга 3 кунга рухсат берилади. Қайтишда худди шу тартибда Қирғизистонга чегаранинг ўзида тест топшириб кириб кетасиз. Чегарадан ҳар бир ўтиб қайтганингизда шу тартиб такрорланади. Янги йилдан аввал поликлиникадан 200 қирғиз сўмига тест топшириб, шу билан Ўзбекистонга бориб қайтса бўларди, бу 2,5 доллар бўлади. Янги йилдан бу тартиб бекор қилиниб, чегарада анализ топширадиган қилиб қўйди. Бу қимматлик қиляпти аҳолига. Кампирлар, қўлида ёш боласи бор аёлларнинг чегарачиларга ялиниб турганини кўрдим. Улар “Ўтказиб юборинг, пулимиз йўқ. Уйимизга кетяпмиз”, - деб ялиниб турганди.

Пандемиядан аввал ўзбек-қирғиз чегарасининг “Дўстлик” постидан бир кунда 15 минг одам ўтиб қайтган.

Шерзод Юсуфга кўра, бир пайтлари турнақатор навбатлар кузатилган ушбу чегара постида ҳозирда одам сийрак:

- Ўзим чегарадан ўтиб-қайтиб, ҳозирги вазиятни кўрдим. Олдингига нисбатан чегарадан ўтувчилар сони 70-80 фоизга қисқарган. Ҳозир чегарадан савдогарлар ўтмаяпти. Кейин шу чегара яқинида савдогарлар юкларига ёрдамлашиб, тирикчилик қиладиган мардикорлар бор эди. Ҳозир улар ҳам йўқ. Деярли одам йўқ. Чегарада навбатлар йўқ. Кутмасдан бемалол ўтиб кетасиз. Чегара 24 соат очиқ икки томонлама. Фақат ковидга анализ топшириш керак.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги эълон. Сурат 3 февраль куни олинган.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги эълон. Сурат 3 февраль куни олинган.

Ўзбек-қозоқ чегараси

Айни вазият ўзбек-қозоқ чегарасида ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистоннинг қўшнилари билан чегараларидаги энг гавжум пост ҳисобланган "Ғишткўприк" ("Черняевка") пункти ҳам ҳозирда ҳувиллаб қолган.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги тест маркази. Сурат 3 февраль куни олинган
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги тест маркази. Сурат 3 февраль куни олинган

3 февраль куни “Ғишткўприк” постига бориб, вазиятни ўрганган Озодлик мобил мухбирига кўра, чегарадан чекланган тартибда ўтиш мумкин:

“Одам кўп эмас. Кириб- чиқаётганларнинг барчаси ПЦР тест топширишлари керак. Қозоғистонга ўтгач, яна тест топшириш керак экан. Ўзбекистонда 5-10 минутда чиқса, тест жавоби, Қозоғистон тестининг жавобини 2 соат кутиш керак экан. Баъзилар кутмаслик учун чегарачилар билан келишиб, пул бериб, ўтиб кетиш йўлини ҳам топишибди. Икки томонга ўтиш учун ҳам маълум сабаб кўрсатиш лозим. Кўпчилик даволанишга деб ўтяпти ”.

Пандемия сабаб чегаралар ёпиб қўйилганида "Ғишткўприк" пости энг кўп муҳожир тўпланган чегара пункти бўлганди. Россиядан қайтган ўзбекистонлик муҳожирлаб бир неча кунлаб, чегарада ётиб, кутишга мажбур бўлишган.

Ўзбек-тожик чегараси

Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида 2017 йилда тикланган авиапарвозлар ўтган йилнинг 16 март санасида тўхтатилган эди.

15 январь куни "Ховар" агентлиги икки мамлакат орасида мунтазам парвозлар тикланганини хабар қилди.

Ҳар чоршанба куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, ҳар жума эса Тожикистоннинг “Сомон Эйр” компаниялари Тошкент-Душанбе рейсларини амалга оширади.

Ўзбек-тожик чегараси 1 октябрдан бошлаб очилган, бироқ чегарадан фақат махсус рухсатнома орқали ўтиш тартиби йўлга қўйилган.

Чегарасидаги вазиятни кузатаётган Озодликнинг тожик хизмати мухбири Фарзон Мухаммадига кўра, фақат уч тоифага мансуб фуқароларгина чегарадан ўтиши мумкин:

“Тожик-ўзбек чегараси ёпиқ, лекин чекланган шахсларгина чегарадан ўтиши мумкин. Биринчиси, икки мамлакат институтларида ўқиётган талабалар, ўқиш жойидан берилган ҳужжат билан ўтиши мумкин. Кейин қўшни мамлакатда қариндоши бўлганлар дафн ёки тўй маросимлари бўлса, элчихона ёки консулликдан махсус рухсатнома олиб чегарадан ўтиб-қайтишлари мумкин”.

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон ёки Тожикистоннинг коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабларидан тегишли рухсатнома олган кишилар ҳам чегарадан ўтиб-қайтишлари мумкин бўлади.

Тожик-ўзбек чегараси.
Тожик-ўзбек чегараси.

Ўзбек-туркман чегараси

Ўзбек-туркман чегараси 2020 йилнинг 17 март куни ёпиб қўйилганича, ҳануз очилгани йўқ.

3 февраль куни ўзбек-туркман чегарасининг Шовот туманидаги постига бориб, келган Озодликнинг мобил мухбирига кўра, икки давлат чегараси қачон очилиши ҳам номаълум.

“Чегара мутлақо ёпиқ. Қулфлаб қўйилган. Ҳеч ким ўтмаяпти. Чегарада фақат чегарачиларгина бор. Улар чегара қачон очилишини ўзлари ҳам билмасликларини айтишди. Уларга кўра, Ўзбекистон томони ўзбек-туркман чегарасини очишни сўраб, Туркманистон ҳукуматига сўров жўнатган. Бироқ жавоб келмаган. Бу чегарадан охирги марта 16 март куни одам ўтган. 17 мартдан бошлаб чегара ёпилган”.

Ўзбек-туркман чегарасидаги Шовот пости. Сурат 3 февраль куни олинган.
Ўзбек-туркман чегарасидаги Шовот пости. Сурат 3 февраль куни олинган.

Ўзбек-афғон чегараси

Озодликнинг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳканга кўра, март ойида ёпилган ўзбек-афғон чегараси ҳозирда очилган бўлиб, икки давлат фуқаролари карантин талабларига амал қилган ҳолда чегарадан чекланган тартибда ўтишлари мумкин.

Бу ерда ҳам худди Қозоғистон чегарасидан ўтишдаги каби тартиб-қоидаларга амал қилиш лозим бўлади.

Ўзбекистон ўзбек-афғон чегарасини 16 март куни бир томонлама ёпган ва эртасига Афғонистон ҳам ўз чегарасини ёпиб қўйганди.

XS
SM
MD
LG