Линклар

Шошилинч хабар
11 апрел 2021, Тошкент вақти: 21:29

COVID-19: Россиянинг “Спутник V” вакцинаси - cаволлар ва жавоблар


Эрон сотиб олган “Спутник V” вакциналари

1957 йилда инсоният тарихида биринчи сунъий йўлдош фазога учирилганди. Cобиқ Совет Иттифоқи учирган бу йўлдошга “Спутник” номи берилган эди. 63 йил ўтиб, Россия яна бир “Спутник”ни учиришга муваффақ бўлди: биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга олди.

Вакцина етарлича синовларсиз ишлаб чиқилгани жиддий танқидга учраса ҳам, 40дан зиёд мамлакат “Спутник V” вакцинасига ишонч билдирди ва уни муайян даражада қўллашга рухсат берди.

“Спутник V” қандай ишлайди?

“Спутник V” вирус-векторли вакцинадир. Бу вакцина ҳужайрага генетик материални етказишда ўзгартилган бошқа вирусдан фойдаланади деганидир. “Спутник V”ни ишлаб чиқишда аслида нафас олиш йўллари инфекцияларини келтириб чиқарадиган аденовирусдан фойдаланилган. Бу вирус зарар келтирмайдиган шаклга келтирилган ва вектор сифатида ишлатилган. Унга қўшимча ген бириктирилган. COVID-19 вакциналарида бу генга бошоқли оқсилни синтезлаш йўриғи битилган. Эмланган инсонда ушбу вектор ҳужайрага кириб, ундан бошоқли оқсил ишлаб чиқариш учун фойдаланади. Иммун тизими бошоқли оқсилни таниб олиши биланоқ, аксилтаналарни ишлаб чиқара бошлайди ва организмдаги бошқа иммун жараёнларни фаоллаштиради. Иммунитет кейинчалик коронавирусга учраганда, у билан курашиш йўлларидан аллақачон хабардор бўлади.

“Спутник V” қандай ишлаб чиқилган?

Россия COVID-19 вакцинасининг клиник синовларини 2020 йил июнида бошлаган. Икки ой ўтиб, Россия президенти Владимир Путин Гамалея тадқиқот институти инсон организмида коронавирусга қарши давомли иммунитет келтириб чиқарувчи дунёдаги илк вакцинани ишлаб чиққанини эълон қилди. Бир неча ой вақт ва бир неча минг одам иштирокини талаб этадиган учинчи босқич синовлари ҳали ўтказилмаган эди. Шу боис, бу хабар ортидан кўпчилик мутахассислар Россия вакцинаси самарасига ишончсизлик билдирган эди.

Бироз ўтиб Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиник синовлар ҳали якунланмагани, 40 000 одам иштирокидаги якуний синов босқичи тез орада бошланишини билдирди ва учинчи босқич синовлари 2020 йилнинг сентябрида бошланди.

Оммавий ишлаб чиқариш 2020 йилнинг декабрида киришилди, бу даврда вакцина ҳамон синовдан ўтаётган эди. Беларусь бу вакцинани рўйхатдан ўтказган илк хорижий давлат бўлди. 2021 йил февралида дунёнинг етакчи тиббиёт журнали “The Lancet” учинчи босқич тадқиқоти натижаларини эълон қилди, унга кўра, "Спутник V" вакцинаси самараси 91.6 фоизни ташкил этган. Ҳозиргача 40дан ошиқ мамлакатда “Спутник V” давлат рўйхатидан ўтди.

“Спутник V” бошқа вакциналар билан солиштирилганда...

“Спутник V” вакцинаси 2–8 даража хароратда сақланиши мумкин. Бу уни сақлаш бошқа вакциналарга қараганда осонроқ кечади деганидир. Масалан, АҚШнинг “Moderna” ширкати тайёрлаган вакцина минус 20 даража совуқда, “Pfizer/BioNTech” ширкатлари тайёрлаган вакцина минус 70 даража ҳароратда сақланиши лозим.

“The Lancet” журналига кўра, “Спутник V” вакцинаси самараси 91.6 фоизни ташкил этган. Бу “Pfizer/BioNTech” ва “Moderna” вакциналарининг кўрсаткичидан озгина камроқ, лекин “AstraZeneca” ва “Johnson & Johnson” вакциналарникидан юқорироқ кўрсаткичдир. Баъзи олимларнинг айтишича, вакциналар самарасини солиштирмаган маъқул, чунки улар пандемиянинг турли даврларида синовдан ўтказилган, аммо қиёсий синовдан ўтказилмаган.

Аксар бошқа вакциналардан фарқли ўлароқ, “Спутник V”нинг биринчи дозаси иккичиси билан айни бир эмас. Улар вектор сифатида турли вируслардан фойдаланади: биринчи дозада аденовирус Ad26, иккинчи дозада аденовирус Ad5 ишлатилган. Гамалея марказининг фикрича, бу иммун жавобни оширишга ёрдам беради.

Вакцина нархларини солиштириш ҳам мураккаб масаладир. Уларнинг нархлари мамлакатга қараб фарқланиши мумкин. Лекин, умуман олганда, “Pfizer/BioNTech” ва “Moderna” вакциналари қимматроқ, “Johnson & Johnson” энг арзони ҳисобланади, чунки у фақат бир дозадан иборат. Нархи тақрибан 10 АҚШ доллари бўладиган “Спутник V” ўрталарда турибди.

Қайси давлатлар "Спутник V" дан фойдаланмоқчи?

2021 йилнинг 4 март ҳолатига “Спутник V” вакцинаси дунёнинг 40дан кўп давлатида рўйхатдан ўтган ёки фавқулодда қўллаш учун рухсат этилган. Бу давлатларнинг аксариси Лотин Америкасида жойлашган, лекин Африка ва Осиё қитъасидан ҳам бор. Европада бу вакцина Беларусь, Сербия, Венгрия, Молдова, Монтенегро, Сан‑Марино ва Словакия давлатларида рўйхатдан ўтказилган. Баъзи Европа давлатлари вакцина аввал ЕИ регулятори томонидан маъқулланишини кутаётган бўлса, Украина ҳукумати “тажовузкор давлат”нинг (2015 йилдан Россия Украинада шундай аталиб келади) вакциналаридан фойдаланишни тақиқлаб қўйган.

Умуман олганда, Россия 1.2 миллиард доза вакцина етказиб беришга буюртма олган. Тобора кўпроқ давлатлар “Спутник V” вакцинасини маъқуллаётган бир пайтда, Россия вакциналарни ўз вақтида етказиб бериши масаласи очиқ қолмоқда. Барча вакцина ишлаб чиқарувчи ширкатлар ўз фаолиятида қийинчиликлар ва кечикишларга йўлиқаётган бир пайтда, Гамалея маркази ҳам бундан истисно эмас. Масалан, январь ойида Россия Лотин Америкасига, жумладан, Аргентина ва Мексикага вакцина етказиб беришда бироз узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Россиядан ташқари “Спутник V” вакцинасини Ҳиндистон, Қозоғистон, Жанубий Корея каби олтита давлат ҳам ўзида ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Вакциналар дипломатик қурол сифатида

“Спутник V” самараси исботлангандек бўлса-да, баъзи экспертлар ушбу вакцинани ишлаб чиқаришда хавфсизликдан кўра уни тезроқ ишлаб чиқаришга кўпроқ урғу берилганидан хавотирда. Яна баъзи таҳлилчиларнинг айтишича, вакцина Россия учун ўз геосиёсий таъсирини кенгайтириш қуролига айланган.

Венгрия Европа Иттифоқи регулятори маъқуллашидан олдин “Спутник V” вакцинасини истеъмолга рухсат бериб юборгани аллақачон Европа Иттифоқи ичида тангликларга сабаб бўлмоқда. Россия Киев тақиғига қарамай, вакциналарни шарқий Украинадаги айирмачи минтақаларда ҳам тарқатмоқда.

Шунингдек, , рус вакцинаси АҚШда ишлаб чиқилган вакциналардан самаралироқ эканлигини иддао қилаётган ва Лотин Америкасининг испанзабон аҳолисига қаратилган ахборот ҳуружлари ортида ҳам Россия турганлиги гумон қилинмоқда.

“Спутник V” келажаги

Ғарбда ишлаб чиқилаётган вакциналарни етказиб беришдаги танқисликлар деб тобора кўпроқ давлатлар нигоҳини “Спутник V” вакцинасига қаратмоқда. COVID-19 билан касалланганлар сони бўйича Россия ҳозир дунёда бешинчи ўринда турибди. Ҳам ўзининг аҳолисига, ҳам хорижга у вакциналарини етказиб бера олиши мавҳумлигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG