Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:16

Пахта - 2018 қурбонлари: Бухорода портлаган автобусдагилар макка эмас¸ пахтага кетаётган бўлган


Пахта теримига чиққан ёрдамчилар
Пахта теримига чиққан ёрдамчилар

Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудида юз берган автобус портлаши қурбонлари маккажўхори эмас, пахта теримига кетаётган бўлган. Озодликка мурожаат қилган ҳалокат қурбонининг фарзанди ва ҳалокатдан омон қолган аёл шундай маълумот берди ва воқеа тафсилотларини очиқлади.

Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси воқеадан бир неча соат ўтиб¸ газ балони портлаган автобус йўловчиларининг Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига маккажўхори теримига кетаëтган мардикорлар эканини билдирган эди.

Ўша куннинг ўзидаёқ Озодлик ҳодиса қурбонларининг яқинлари ва ҳалокатдан омон қолганларни излашга тушди.

Ҳалокатдан бир ҳафта ўтиб¸ 25 сентябрь куни Озодликкка мурожаат қилган портлаш қурбонларидан бирининг фарзанди Бекзод Шаймуродов ва жароҳатланганлардан бири Гулзода Розиқова автобусдагиларнинг¸ расмий хабардаги каби маккажўхори эмас¸ балки пахта теримига кетаëтганини билдирди.

45 яшар Гулзода Розиқова Озодлик билан суҳбатда ўзининг пахта теримига кетаётган “кунлик теримчилар бригадири" бўлганини айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00
Бевосита линк

- Ўша куни биз пахтага кетаётган эдик. "Раҳмон Аҳмад" фермер хўжалигига. Қоровул бозорига. Мен бригадир эдим. 15 сентябрда теримга борамиз деган эдик, ҳоким "ҳали пахта хом" деб айтибдилар. Улар теримни "18 сентябрдан бошланглар" деган экан. Биз у ерларни ўташгаям борганмиз. Чопиқлариниям қилганмиз. Кунлик ишчи эдик, - дейди Гулзода Розиқова.

Гулшода ва Гулзода Розиқовалар
Гулшода ва Гулзода Розиқовалар

Гулзода Розиқованинг айтишича, теримчиларнинг барчаси аёллар бўлган ва уларга Қоровулбозор туманидаги “Раҳмон Аҳмад” фермер хўжалиги раиси пахтанинг ҳар бир килоси учун 750 сўмдан тўлашни ваъда қилган.

Унинг маълум қилишича, қурбонларнинг тўрт нафари Когон туманининг "Хайрободча" қишлоғида ва бир нафари – унинг опаси 48 яшар Гулшодa Розиқова “Кумушкент” қишлоғида истиқомат қилган.

Гулшода Розиқованинг 27 яшар ўғли Бекзод ҳам Озодлик билан суҳбатда онасининг пахта теримига бораётиб нобуд бўлганини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00
Бевосита линк

- Ҳаммасининг қўлларида пахта этаклари ва қоплари бўлган. Энди мен тушунмадим: нега бунақа (маккажўхори теримига - таҳр.) дейишди? Нега бунақа ёзишаяпти, нотўғри маълумот беришаяпти? - дея савол берди Озодлик билан суҳбатда Бекзод.

Гулзода Розиқова ва Бекзод Шаймуродов қурбонлар оилаларига маҳаллий ҳукумат томонидан 10 миллион сўмдан маблағ ажратилгани, жароҳат олганларга эса, жароҳат даражасига қараб¸ 2 миллион сўмдан 5 миллион сўмга қадар ёрдам пули берилганини айтди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 сентябрь куни эълон қилган расмий хабарда¸ автоҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани¸ шунингдек мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси, 2-қисми “а”, “б” бандлари, Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши очгани билдирилган эди.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ёки техник ноқисликлар туфайли авариялар содир бўлади.

Когонда автобуснинг портлаши Озодлик 2018 йилги пахта мавсумида аниқланган илк фожиадир.

XS
SM
MD
LG