Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 19:03

Испан сайëҳлари шикояти ортидан Бухородаги машҳур ресторан ва меҳмонхона текшир-текшир остида қолди


"Бадриддин" ресторани Бухоронинг Эски шаҳар қисмидаги Лаби ҳовуз ансамбли марказида жойлашган.

Халқаро туризм агентликлари рейтинги бўйича Бухородаги энг яхши 10 ресторандан бири саналган "Бадриддин" ресторани бу ерда овқатланган испаниялик эр-хотиннинг оғзаки шикояти ортидан, Озодлик кўрган ҳужжатларга кўра, маҳаллий ҳуқуқ тизимлари текширувлари ëмғири остида қолди.

Бухоронинг сайëҳлар гавжум Лаби ҳовуз ансамблида жойлашган "Бадриддин" ресторанида жорий йилнинг 5 сентябрь куни емак еган испан туристларидан иккитаси вегетариан ошнинг қимматлигидан туризм полициясига оғзаки шикоят қилгани ортидан¸ вилоят ИИБси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғаган.

Жиноят иши доирасида нафақат "Бадриддин" ресторани, балки у қарашли бўлган Бухоро Лола Сервис МЧЖ фаолияти ИИБ¸ прокуратура ва солиқчилар томонидан кенг кўламли тафтиш нишонига айланган.

Бу ширкатга яқин тадбиркорлар¸ "ҳеч қандай жиноят аломати йўқ воқеа баҳонасида Лола сервиснинг нафақат "Бадриддин" ресторани¸ балки унинг икки меҳмонхонасини қасддан синдириш уринишлари бораëтгани" ва бунга маҳаллий матбуот ҳам жалб қилинганини билдирди.

Жиноят ишини очган ва уни юритаëтган ИИБ расмийлари Озодликнинг воқеа юзасидан саволларига жавоб беришни истамади.

Испанлар шикояти

Воқеанинг бевосита гувоҳлари ҳикоясига кўра¸ 2018 йилнинг 5 сентябрида Лаби ҳовуз ансамбли марказидаги "Бадриддин" ресторанига келган испаниялик олти мижоз тўртта ош (иккитаси гўштсиз)¸ салат ва ичимлик буюрган.

Овқатланиб бўлганидан сўнг тақдим этилган 189 минг 200 сўмлик ҳисоб¸ аниқроғи¸ ундаги вегетариан ош нархини кўрган испаниялик сайёҳ Ortiz Sanchez Francisco Javier ва унинг хотини Rodriguez-Contreras Perez¸ нархни қиммат деб топган.

Стол устида турган иккита менюни олиб¸ уларнинг биридаги нархнинг иккинчисидан икки баравар қимматлигини рўкач қилган эр-хотин¸ туризм полицияси вакилини чақиртириб¸ унга оғзаки шикоят қилган.

Бу шикоятдан ярим соат ўтиб-ўтмай¸ Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ниëзий Болтаев бошчилигидаги 10 кишилик отряд "Бадриддин" ресторанига етиб келди¸ дейди воқеа гувоҳларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Ҳамманинг¸ хусусан¸ испаниялик ва бошқа чет эллик сайëҳлар кўз ўнгида Болтаев "Бадриддин" ресторани бошқарувчисини роса ҳақорат қилди. “Пул учун ўлиб кетасан сен пасткашлар”¸ деб. Гўë чет эллик одаму бизникилар одаммасдек. Унинг ҳақоратларини сайëҳларга таржима қилиб туришди”¸ дейди Лаби ҳовуздаги машҳур ресторанда кўтарилган жанжалга бевосита гувоҳ бўлган мижозлардан бири.

"Бадриддин" ресторанининг собиқ хизматчиларидан бирига кўра¸ Лаби ҳовуз ансамблида жойлашган бу емакхона мижозларининг 75 фоизини туристлар¸ қолганини эса¸ маҳаллийлар ташкил этади.

Uzbekistan touristic Bukhara
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Икки хил нарх белгиланган иккита меню борлиги рост гап. Биринчи¸ арзон нархлар турфирма билан буюртма берадиганлар ва маҳаллий аҳоли учун, иккинчиси ўзича кирадиган туристлар учун. Оптом, розницага ўхшайди буям. Чет элликларга хизмат кўрсатадиган официантларнинг деярли ҳаммаси олий маълумотли¸ чет тилларини биладиганлар эди. Уларнинг ойлиги ҳам шунга яраша бўлган. Туристларга бериладиган менюда нарх аниқ ëзиб қўйилган. Ëқмаса¸ бу ерда овқатланмаслиги мумкин эдику! Испанлар овқат буюришдан олдин менюни кўрган¸ овқатнинг нархини олдиндан билиб¸ заказ қилган”¸ дейди "Бадриддин" ресторани собиқ хизматчиларидан бири.

"Бадриддин" ресторани 5 сентябрь куни сайëҳларга тақдим этгани айтилган менюда овқатлар нархи аниқ кўрсатилган.
"Бадриддин" ресторани 5 сентябрь куни сайëҳларга тақдим этгани айтилган менюда овқатлар нархи аниқ кўрсатилган.

4 декабрь куни Озодликка маълум бўлишича¸ бораëтган тергов-текширув жараëнида "Бадриддин" ресторани икки хил таомнома - икки хил нарх концепциясидан воз кечган.

“Жиноят аломати йўқ жойда¸ жиноят иши очилди”

"Бадриддин" ресторанига яқин тадбиркорлардан бирининг Озодликка шахси сир қолиш шарти билан билдиришича¸ ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари¸ подполковник Ниëзий Болтаев ташаббуси билан 5 сентябрь кунги воқеа катталашиб¸ 15 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Бухоро шаҳар бўлими ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишга қарор қилган. Шундан сўнг ишни тергов қилиш Бухоро ИИБсига оширилган.

Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйичa иш қўзғашди. Бу ерда жиноят йўқку! Икки хил меню¸ икки хил нарх кўп жойда бор нарса. Бу пулни испанлардан олиб¸ ҳеч ким чўнтагига солмадику! Касса аппаратидан чиқарилган ҳисоб берилган¸ бундан давлатга солиқ тўланган. Мижоздан менюда кўрсатилган нархда хизмат ҳаққи олинган – жиноят нима? Жиноят иши қўзғатишнинг ўзи ноқонунийку!”¸ дейди бухоролик тадбиркор.

Озодлик воқеани ўрганиш жараëнида "Бадриддин" ресторанида 5 сентябрь куни бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини расмийлаштиришда бевосита қатнашган подполковник Болтаев ва ишни тергов қилаëтган ИИБ терговчиси билан боғланди.

Болтаев¸ воқеа тафсилотлари ҳақида 10 дақиқадан сўнг батафсил маълумот беришни ваъда қилиб¸ сўнгра кун давомида телефонига жавоб бермаган бўлса¸ ИИБ терговчиси¸ бу иш юзасидан расмий мактуб билан мурожаат қилиш лозимлигини билдирди.

Испанлар баҳона¸ бизнес ғанимат?

"Бадриддин" ресторани билан боғлиқ иш тафсилотларидан бевосита хабардор тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ 5 сентябрь кунги испан туристларининг шикояти баҳонасида Бухоро Лола сервис МЧЖга қарашли нафақат бу ресторан¸ балки унинг меҳмонхоналарини ҳам комплекс текшириш бошланган.

Президент тадбиркорларни ҳимоя қилиб¸ текширишларни тўхтатган эди. Иккита туристнинг оғзаки шикояти асосида қўзғатилган жиноят иши¸ ëш тадбиркорнинг бутун бизнесини синдиришга қаратилганга ўхшайди. Жиноят иши очилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда бўлар-бўлмас хабарлар тарқаганидан кейин рестораннинг бизнеси касодга учраяпти – даромади кескин камайиб¸ 16 ишчиси ишдан кетди. Ҳозир бу меню қолиб кетиб¸ прокуратураям ИИБ ва солиқчилар ҳам ресторан, меҳмонхоналарга ëпишган. Лола сервис фаолиятини 4 йиллик ревизия қилишмоқчи. Бу энди меню муаммоси эмаску!”¸ дейди "Бадриддин" ресторанидаги воқеа юзасидан бораëтган иш тафсилотларидан яхши хабардор бухоролик тадбиркор.

Медиа кампания

Озодликка маълум бўлишича¸ ҳали жиноят иш якунига етмай¸ иш судга оширилмай¸ демакки суд ҳали ҳукм чиқармай¸ ИИБ подполковниги маҳаллий матбуот воситасида "Бадриддин" ресторанининг эгаси бўлган Бухоро Лола сервис МЧЖга қарши кампания бошлаган.

"Бухоронома"даги мақоласида ИИБ расмийси "Бадриддин" ресторанини¸ суд ҳукм чиқармай туриб¸ сайëҳларни "тунаш"да айблаган.
"Бухоронома"даги мақоласида ИИБ расмийси "Бадриддин" ресторанини¸ суд ҳукм чиқармай туриб¸ сайëҳларни "тунаш"да айблаган.

Ўтган ой вилоят ҳокимлиги расмий нашри бўлган “Бухоронома” газетасида чоп этилган “Меҳмоннинг иззати йўқми?” сарлавҳали мақоланинг Озодликка юборилган нусхасидан англашилишича¸ подполковник Ниëзий Болтаев¸ ҳали суд ҳукм чиқармаган иш бўйича “Бадриддин” ресторани эгаси ва бошқарувчи/хизматчиларини “меҳмонларни чув тушириш ва тўнаш”да айблайди.

Шунингдек¸ Бухоро инфо ва Дарë.уз нашрлари “Бухорода испаниялик сайёҳларга таомларни қиммат нархга сотган кафе раҳбарияти жиноий жавобгарликка тортилди” деган хабар тарқатган.

Ҳали жиноий иш якунланмай¸ иш судгача бормай туриб уюштирилаëтган бу медиа кампаниялардан мақсад "Бадриддин" ресторани ва унинг эгасини қўрқитиш¸ руҳини чўктиришдир. Кимдир унинг бизнесини тортиб олишга қаттиқ киришганга ўхшайди¸ лекин кимлигини аниқ айтолмайман”¸ дейди Бухоро Лола сервис МЧЖга яқин тадбиркорлардан бири.

Хавфсиз туризм концепцияси

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2017 йилдаги 939-сон қарори билан
Ўзбекистоннинг сайëҳлик маркази деб қараладиган Самарқанд¸ Бухоро¸ Хива ва Шаҳрисабзда ИИБ қошида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилган эди.

Концепцияга кўра¸ "хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни бўлғуси хавф-хатарлар ҳақида реал вақт режимида огоҳлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш" бу бошқармаларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Бухородаги Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси раҳбари "Бадриддин" ресторанида икки тоифадаги мижоз учун мўлжалланган икки хил таомнома борлигини "хорижлик меҳмонлар ҳақ-ҳуқуқи бузилиши" деб баҳолаб¸ бу юзадан акт тузиб¸ ресторанга қарши жиноят иши қўзғатишга муваффақ бўлган бир кезда¸ Озодлик Бухородаги тарихий обидаларни зиëрат қилиш учун олинадиган билетлар нархининг расман икки хиллигидан хабар топди.

4 декабрь куни бухоролик манбалар юборган маълумотга кўра¸ масалан¸ Бухоро Аркига кириш билети маҳаллий аҳоли учун 5000 сўм¸ сайëҳлар учун эса¸ 15 минг сўмни ташкил этади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG