Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Фермерлар: "Ҳокимлар Каримов даврида ҳам бизни бунчалик қақшатмаган!"


Ўриб олинган буғдойзор.
Ўриб олинган буғдойзор.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Озодликка келаётган хабарларга кўра, фермерлар буғдой топшириш бўйича контрактация шартномасини бажариб қўйган бўлса ҳам, туман ҳокимлари яна шартноманинг 10 фоизи миқдорида буғдой топширишга мажбурланяпти.

Озодлик олган маълумотларга кўра, ҳоким ҳар бир фермердан қўшимча топшириши керак бўлган буғдойни ундиришда милицияни ишга солмоқда.

Фермерлар, кўп жойларда буғдой етиштириш ва уни давлатга сотиш жараёни Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг ҳам ўзгармай, зўравонлик билан амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

Фермерлар: "Ҳокимлар Каримов даврида ҳам бизни бунчалик қақшатмаган!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Жиззах: “10 фоиз - бу муттаҳамлик”

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан Озодликка мурожаат қилган фермернинг айтишича, уларга шартномадан ташқари яна 10 фоиз қўшимча мажбурият юклатилган:

“Зафаробод тумани ҳокими ғалла режасини 100 фоиз қилиб бажарган фермерларга яна 10 фоиздан топшириш мажбурияти юклади. Мисол учун, 55 тонна буғдой топширишингиз керак, лекин 60 тонна топширишга мажбурсиз. Буни топширмасдан иложингиз йўқ. Менинг ҳам ўз ҳаққим бўлган буғдойимни қақшатиб ўриб кетишди. Ахир, шартномадан ортиғи деҳқонники бўлиши керак, унинг ҳам бола-чақаси бор, умид билан шу буғдойдан тегармикин деб мўлтираб турган ишчилари бор. 10 фоизлик мажбурият, муттаҳамликдан бошқа нарса эмас”, дейди фермер.

Унинг айтишича, юз гектардан ортиқ ери бўлган фермерларга шартномадан ташқари яна 50 тонна буғдой топшириш мажбурияти юкланган:

“Буларнинг айёрлигини қаранг. 50 тонна қўшимча буғдой топширасан ва сенга Lacetti, Соbalt автомобили бераман деяпти. Энди ҳисоблаймиз, 50 тонна буғдойнинг давлат харид нархи 37.500 000 сўм бўлади. Буғдойнинг бозордаги нархи эса 1500 сўмдан нақд бўлиб турибди. Агар бу буғдой фермернинг ўзида қолса, 75 миллион сўм бўлади. Фермер икки баравар ютқизяпти, бу ерда. Лекин, топширишга мажбур”, дейди фермер.

Сурхондарё: “Ўзимга ва ишчиларимга ҳеч вақо қолмади”

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидан бўлган, исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, унинг шартномадан орттирган буғдойи беш тонна чиққан, лекин 10 фоизлик мажбурият ҳисобига уни ҳам тортиб олишган:

“Режани бажардим. Қўйинглар, шу беш тонна ишчиларимни ва ўзимни ҳаққим десам ҳам, ўриб олиб кетишди. Шартномани 110 фоиз қилиб бажардиму, ўзим эса қуппа-қуруқ қолдим”, дейди фермер.

Фермер ана шу қўшимча 10 фоиз мажбуриятнинг қаердан пайдо бўлишини тушунтириб берди:

“Вилоятда “темир дафтар” бўлади. У дафтарда, мени 100 тонна режам бўлса, яна 10 тонна топширишим керак деб ёзилган бўлади. Ҳамма фермерга ҳам шундай ёзилган. Ғаллани ички ишлар ходими бошлиқ бўлган “отряд” ўради. Ходимнинг қўлида шу дафтар туради. Режа бажарилгандан кейин ҳам токи ана шу 10 фоизни ўрдириб олмаса, комбайн даладан чиқарилмайди. Бу ёқда дод деб қолаверасиз”, дейди фермер.

Андижон: “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир!”

Андижонлик фермер етиштирган буғдой хирмони устида ҳозиру нозир бўлганлар борасида шундай дейди:

“Буларнинг биттаси менинг буғдойимга сув қўймаган, биттаси битта ўтини юлмаган. Лекин, милиция, ҳокимият ва бошқа ташкилотлардан вакил бўлиб 15-20 тадан хирмон бошига келиб олишади. Худди ўзлари меҳнат қилиб қўйгандек, хўжайинлик қилишади. Уларга ялинамиз, ҳой ака, режадан ортиғи қолсин, ишчиларимга нима бераман, деб. Президентимиз, халқни ўйлаб қанча қарорлар чиқаряптию, булар нуқул тескарисини қилади. Каримов даврида қандай бўлган бўлса, ўшандай бўляпти. Аксинча анча оғирлашди ҳам. Ўзимизнинг буғдойга ўзимиз ўғримизда, ҳозирам”, дейди фермер.

10 фоизлик ёки режадан ортган буғдой қаерга кетади?

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, бундан икки мақсад кўзланган:

“Биринчиси, ҳокимлар ўзларини ҳимоя қилади. Яъни туманда режани бажаролмай қолган фермерлар туман режасига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун, улар ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида буғдойи яхши бўлган фермерлар ҳисобига туман режасини тўлдиради. Иккинчиси эса, коррупция. Яъни, давлат нархидаги буғдой билан бозор нархидагисининг ўртасида икки баравар фарқ бор. Тасаввур қилинг минг тонна буғдойдан қанча фойда кўриш мумкин. Режаси тўлмаган фермерлар эса, қабул пунктларига пул бериб, буғдой топширганлик ҳақида қоғоз сотиб олади. Бу ҳолат 20 йиллардан буён давом этмоқда”, дейди фермер.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, қонун бўйича фермерга шартномадан ортиқча мажбурият юклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ:

"Фермер дон қабул қилиш комбинати ва ҳокимлик билан уч томонлама контрактация шартномасини йил бошида тузади. Шартнома тузилдими, демак, фермер фақат ўша шартномада кўрсатилган тоннани топшириши керак, ундан ортгани ўзиники бўлади. Агар шундай ҳолат бўлаётган бўлса, бунга вилоят ҳокимликлари масъул, биз эмас", деди вазирлик мулозими.

Аммо, Озодлик суриштируви давомида ҳамма вилоятда ҳам бундай ҳолат бўлмаганини аниқлади.

Наманганлик фермернинг Озодликка айтишича, контрактация шартномасидан ортган буғдой ўрилмай, қолдириб кетилмоқда:

"Менда 20 гектар буғдой бор эди. 15 гектарини ўрганимда план тўлди. Қолганини ташлаб кетишди. Ҳозир ўрдириб, қўшни фермерларга килосини 1400 сўмдан сотяпман", дейди фермер.

Озодлик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олинаётгани ҳақида илгари ҳам хабар берган.

20 июнь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий равишда оширилганидан шикоят қилган эди.

Жорий йилнинг 18 июнида Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинган. Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва моллари тортиб олинган.

Озодликдан: Агар сиз яшаётган ҳудудда ҳам фермерлар билан шундай ҳолатлар кузатилаётган бўлса, бизга хабар беринг.

XS
SM
MD
LG