Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 21:23

Бухоро марказидаги "Дилкушо" бозори бузилиб¸ гипермаркетга айланади


"Дилкушо" бозоридаги бузилаëтган дўконлардан бири.
"Дилкушо" бозоридаги бузилаëтган дўконлардан бири.

Бухоро шаҳри марказида жойлашган “Дилкушо” бозоридаги савдо дўконларини бузиш эгаларини огоҳлантиришсиз бошланди¸ деб хабар қилди Озодликка айрим маҳаллий тадбиркорлар. Бузилган дўконлар учун товон пули тўлаш ва савдогарларга янги жой беришдан бош тортган шаҳар ҳокимлиги¸ норозилик кучайгач, бу талабларни қабул қилган.

Бухоро шаҳри марказидаги “Дилкушо” (маҳаллий халқ тилида “Крытый бозор” деб айтилади – таҳририят) бозорида савдо қилиб келган дўкондорларнинг Озодликка билдиришича, кутилмаганда тадбиркорларга савдони тўхтатиб¸ дўконларини бузиб олиб кетиш ҳақида шаҳар ҳокимлигидан келган қарор тутқазилган:

“Бухоро шаҳридаги Крытий бозорни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузишни бошлашди. Ҳамма ҳайратда, чунки кўпчиликнинг бу ерда 2-3 тадан магазини бор эди. Бузиладиган дўконларга товон пули тўлаш ҳақида гап ҳам йўқ, ўрнига ўрин магазин ҳам қуриб бермас экан. Буни эшитиб, баъзи тадбиркорларнинг қон босими кўтарилиб, йиқилиб қолаяпти”, деди 17 апрель куни Озодликка мурожаат қилган айрим тадбиркорлар.

Бухородаги бузилаётган "Дилкушо" бозори
Бухородаги бузилаётган "Дилкушо" бозори

18 апрель куни "Дилкушо" бозорида савдо қилиб келган тадбиркорлардан бири¸ бузилаëтган дўкон эгаларининг қаттиқ норозилиги ортидан ҳокимлик қошида тузилган махсус комиссия вакиллари тадбиркорлар билан учрашиб, бошқа бозорлардан жой ваъда қилганини билдирди.

“Кеча тадбиркорлар анча тўполон қилган эдик. Чунки, жой ҳам бермаймиз, пул ҳам бермаймиз, дейишган эди. Вилоят ҳокимига арз қилиб бордик, президент порталига ҳаммамиз ариза ёздик, телефон қилдик. Бугун эрталаб комиссия вакиллари келиб, шу ерда янги бозор қурамиз ва шу жойдан яна жой берамиз, деб бизга ёзма равишда кадастр ҳужжатларимизга ёзиб бердилар. Янги бозор қуриб бўлингунча, шаҳардаги бошқа бозорлардан жой топиб берамиз, деб ваъда ҳам беришди. Лекин товон пули ҳақида гап бўлгани йўқ", деди Озодликка шахси очиқланмаслиги шарти билан гапирган тадбиркорлардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ комиссия бозордаги 591 нафар тадбиркорга янги қурилган бозордан дўкон ваъда қилган.

Бухородаги бузилаётган "Дилкушо" бозори
Бухородаги бузилаётган "Дилкушо" бозори

​Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Мақсудов Озодлик билан суҳбатда, янги қуриладиган бозор фақат озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослаштирилишини айтди:

- Президентимизнинг 28/53 қарорига мувофиқ бу бозор қайта қурилади. Лекин фақат озиқ-овқат йўналишида бўлади. Ичкарисида катта гипермаркет ҳам қурилади. Кийим-кечак бўлмайди. Уларнинг ҳаммасини ихтисослашган бозорларга ўтказамиз”, деди ҳоким ўринбосари.

Бахтиёр Мақсудов тадбиркорларга товон пули берилиши ва уларнинг бирор нафари ҳам жойсиз қолмаслиги ваъдасини Озодликка ҳам такрорлади:

- 97-қарорга асосан тадбиркорларга компенсация пули ҳам берилади. Ҳозир тадбиркорларни “Карвон”, “ЦУМ” ва “Марказий бозор”га жойлаштирaяпмиз. Комиссиянинг рухсатномаси билан бориб жойлашишaяпти, кимнинг шикояти бўлса, бозордаги штабга келсин, ҳал қиламиз, мен шу ерда ўтирибман, деди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Мақсудов.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни имзолаган қарорига кўра, 2019 йилгача Ўзбекистондаги барча деҳқон бозорлари қайта қурилади.

Қарорда айтилишича¸ деҳқон бозорларини қайта қуриш учун 746 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу маблағнинг 631,5 миллиарди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки томонидан ажратилади¸ қолган 81,5 миллиард сўми эса тадбиркорлар ва бошқа банклар берадиган кредит ҳисобига қопланади.

XS
SM
MD
LG