Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 01:02

БМТнинг диний эксперти Ўзбекистонга сафари бўйича хулосаларини эълон қилди


БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид.

“Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, жумладан дин ёки эътиқод эркинлиги асосида бўлиши керак”. Бу БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги ҳақидаги масалалар бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг Ўзбекистонга қилган расмий сафари якунлари бўйича хулосасидир.

Дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачи Аҳмед Шоҳиднинг 11 кунлик сафари якуни бўйича ҳисоботида, шунингдек, “Кўплаб этник ва диний жамоалар биргаликда тинч яшаётган Ўзбекистонда динлар ёки эътиқодларга таҳдид сифатида қаралмаслиги лозим,” – дейилган.

“Диний экстремизмга қарши кураш дин ёки эътиқодларнинг хилма-хиллиги, жумладан унинг эркинлигини барқарорлаштириш асосида қурилиши лозим", дейилган ҳисоботда жумладан.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат амалдаги тартиб-қоидаларни халқаро стандартларга мослаштириш учун жорий ислоҳотларда дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасига кўпроқ маблағ сарфлаши керак бўлади.

Махсус маърузачи “Зўравонликка, экстремизмнинг олдини олиш ёки унга қарши кураш йўлида дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқи қурбон қилинмаслиги керак”, - дея огоҳлантирди Шоҳид, - Бу мақсад қилинган ҳозирги ислоҳотларга кенг йўл очиш ўрнига, имкониятларни қисқартириб юборади”.

Шоҳиднинг фикрига кўра, мамлакат Президенти кўзда тутган ислоҳотлар, агар улар тизимли равишда амалга ошириладиган бўлса, Ўзбекистонни ривожлантиришда катта бурилиш ясаши мумкин. Бироқ унинг таъкидлашича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп муаммолар юзага келган ва энди дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш учун барқарор ва ошкора саъй-ҳаракатлар талаб қилинади.

У, шунингдек, ҳуқуқий ислоҳотларга эътибор қилиниши баробарида, ҳукумат инсон ҳуқуқлари соҳасига "амалий" ёндашув, жумладан, институционал ва давлат сиёсати борасида ислоҳотлар зарур эканлигини айтиб ўтди.

"Дин ёки эътиқод эркинлиги, уюшиш эркинлиги, тинч йиғилишлар ва сўз эркинлиги, шунингдек қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти мустақиллигини кафолатлаш учун қулай имкониятлар яратиб берилишини талаб қилади", дейилган Шоҳид тайёрлаган ҳисоботда.

“Ўзбекистон - дунёвий давлат эканлигини ҳисобга олсак, мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади. Диний жамоалар фақат рўйхатга олиш асосида фаолият юритиши мумкин ва ҳокимият барча диний ҳаракатларга ҳушёр туришга мойилдир”.

Махсус маърузачи: "Ўзбекистондаги турли миллат ва элатларнинг ўзаро бирдамликда яшашлари динлараро ҳамжиҳатлик ва жамият фаровонлигини рағбатлантириш, шунингдек, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эркин ифодалаши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади,” – дея давом этди.

"Кишилар дин ҳақида фикр билдиришда ёки эътиқод амалларини бажаришларида ўзини-ўзи цензура қилишлари шарт эмас”.

Шоҳиднинг ёшларнинг таълим соҳасидаги айниқса, диний саводхонликни ошириш борасида яхши ташаббуслар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлганини айтди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, “диний эркинлик соҳасида ҳам саводхонликни ошириш ва айни вақтнинг ўзида рағбатлантириш жуда муҳим".

Шоҳид ўзининг ташрифи чоғида Тошкент, Фарғона, Бухоро вилоятлари, Нукус шаҳри давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек “Жаслиқ” жазони ижро этиш колонияси раҳбарлари билан учрашди. Шунингдек, у этник ва диний жамоалар вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, дипломатик ҳамжамият ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасини ҳам бориб кўрганини ҳам ёзган Шоҳидга кўра, қамоқхона маъмурият у ерда 700 маҳбус сақланаётганини билдирган.

“Мен бир неча маҳбус билан махфий равишда ҳам гаплашишга муваффақ бўлдим. Қамоқхона бошлиғининг тушунтиришича, маҳбуслар ички тартиб, қоида ва жадвални бузмаса, диний ибодатларни бажаришлари мумкин. Ўзим гувоҳ бўлган нарсадан келиб чиқсак, маҳбуслар, айниқса диний экстремизмда айбланиб қамалганларнинг реабилитацияси учун сезиларли саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Уларнинг айримларига колонияда ўзларини яхши тутганлари ва чин дилдан афсус қилганлари туфайли муддатидан аввал қамоқдан чиқиш ёки амнистия бўлиш имкони тақдим этилган. Шунга қарамай, менга айтишларича, уларнинг кўпчилиги 1 йилдан 3 йилгача қўшимча муддатни ўташмоқда. Бунга сабаб ЖКнинг 221-моддаси аломатларини содир этишдир. Айрим ҳолларда қўшиб берилган муддатлар суд тайинлаган муддатдан ҳам ортиб кетган”, - деб ёзган Шоҳид.

Махсус маърузачи ўзининг маърузалари ва тавсияларинини ўз ичига олган ҳисоботини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига 2018 йил март ойида тақдим этади.

Маълумот учун: Аҳмад Шоҳид (Малдив ороллари) – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши томонидан 2016 йилда Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи этиб тайинланган. Шоҳид Буюк Британиядаги Эссекс университетида Инсон ҳуқуқлари маркази директорининг ўринбосари ва Канададаги Раул Валленберг Инсон ҳуқуқлари марказида катта илмий ходим ҳисобланади. У 2005-2007 йиллар ва 2008-2010 йилларда Малдив оролларининг ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Унинг ҳаракатлари билан мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонун ва амалиётга татбиқ этилиши бўйича жами тўққизта халқаро конвенцияини имзолаш ва ратификация қилиш амалга оширилган. Шоҳид Эронда инсон ҳуқуқлари аҳволи бўйича собиқ Махсус маърузачи ҳисобланади.

Махсус маърузалар Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг махсус тартиблари таркибига киради. Махсус тартиблар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари тизимида мустақил экспертларнинг энг йирик органи бўлиб, у дунёнинг барча ҳудудларига оид вазиятларни ёки махсус мавзудаги масалаларга қаратилган маълумотларни мустақил йиғиш ва назорат қилиш механизмлари кенгашининг умумий номи ҳисобланади.Махсус тартиблар мутахассислари кўнгилли равишда ишлайди; улар БМТ ходимлари эмас ва ўзларининг иши учун маош олмайдилар. Улар ҳар қандай ҳукумат ёки ташкилотга боғлиқ эмас ва ўзларининг шахсий салоҳияти учун фаолият кўрсатади.

Материал ҳисоботнинг ўзбек тилидаги норасмий таржимаси асосида тайёрланди.

XS
SM
MD
LG