Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:18

Мирзиёев БМТда Ўзбекистон сўз ва виждон эркинлиги принципларига содиқлигини иддао қилди


БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида 19 сентябрь куни нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўз ва виждон эркинлиги принципларига содиқлигини иддао қилди.

“Жорий йил апрель ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди”,- деди президент.

Нутқи давомида Мирзиёев Ўзбекистон бу билан миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатини яна бир бор тасдиқлаганини айтди.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар аввал-бошдан референдумдан кўзланган асосий мақсад Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириш эканини тахмин қилишган эди. 30 апрелдаги референдумда президент муддати ҳамда ваколатлари ўзгартирилган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Референдумни кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссияси овоз бериш жараёнлари яхши ташкил этилгани, аммо унда сиёсий рақобат бўлмаганини айтганди.

Айни пайтда 9 июлда ўтган президентлик сайловини кузатган ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади”, деган дастлабки хулосасини эълон қилган эди. АҚШ элчихонаси ҳам 10 июль куни тарқатган баёнотида ЕХҲТ ДИИҲБнинг "сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаси"ни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Президент Мирзиёев БМТдаги нутқида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари тамойилларига содиқ қолаётганини айтган бўлса-да, реалликда Ўзбекистонда ўнлаб блогерлар танқидий чиқишлари учун қамалганини кўриш мумкин.

Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқида Ўзбекистонда изчил иқтисодий ислоҳотлар давом этаётгани ҳақида гапирди. Унга кўра, “глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатлари” кузатилмоқда ва сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Мирзиёев 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга ошириш режалаштирилаётганини айтди.

“Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифамиз – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишдир",- деди президент.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистонда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача камбағалликни 7 фоизга тушириш режа қилинмоқда.

Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон пахта қуллигидан қутулганини ҳам иддао қилди.

Президент камбағаллик даражаси пасайгани ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Тошкентда 27 апрель куни Иккинчи инвестиция форумида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги бир йилда 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани ва камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилгани тўғрисидаги иддаосини такрорлаганди. Президент илк бор бу ҳақда 2023 йил 25 январь куни ўтган видеоселектор йиғилишида гапирган эди. Мирзиёевга кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг киши камбағалликдан чиқарилган.

10 май куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилишини билдирган эди. Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилиши билдирилган.

Шу билан бир қаторда Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ўтказган видеоселекторда йил охиригача қолган беш ой ичида 200 минг кишини камбағалликдан чиқаришга буйруқ берганди. Унга кўра, бу билан камбағаллик даражаси 14 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Мирзиёев халқаро ва минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, “минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсгани”ни таъкидлади.

“Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги – минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда”,- деди у.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон БМТнинг хотин-қизлар тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Президент келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти нутқида Орол муаммоси ва глобал иқлим ўзгаришига ҳам эътибор қаратди.

“Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим”, - деди у.

Мирзиёевнинг айтишича, кейинги 30 йилда Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир.

“Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда”,- деди президент.

Шундан келиб чиққан ҳолда Мирзиёев Ўзбекистон БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдори эканини таъкидлади.

Форум

XS
SM
MD
LG