Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:36

Мирзиёев энерготизимдаги авариядан сабоқ чиқаришга чақирди - электр ҳануз тўлиқ тиклангани йўқ


Чироғи ўчган Тошкент, 25 январь, 2022
Чироғи ўчган Тошкент, 25 январь, 2022

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни ўтган видеоселекторда сешанба куни Ўзбекистон ва минтақада юз берган блэкаут сабаблари ва оқибатларига тўхталди. У вазиятни шахсан назоратига олганини айтиб, техноген авариядан сабоқ чиқариш муҳимлигини таъкидлади.

“Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни шахсан назоратимга олдим", дея Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирмоқда Президент матбуот хизмати.

Айни пайтда, Мирзиёев топшириғи билан тузилган махсус ҳукумат комиссияси орадан бир сутка ўтиб, ҳодиса юзасидан матбуотга бирор баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдумалик Назировнинг маълум қилишича, мамлакатда электр энергия таъминотини тиклаш ишлари 27 январь куни ҳам давом этади.

Чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 15:00 ҳолатига республиканинг 75 фоиз қисмида электр таъминоти тўлиқ тикланган, иссиқлик, табиий газ ва сув таъминотида ҳануз муаммолар бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасалари 25 январнинг ўзидаёқ узлуксиз энергия таъминотига ўтказилганини билдирди.

Аммо Озодликка келаётган хабарларга кўра, расмий баёнотларга зид равишда, табиий газга уланган аксар ҳудудларда босим жуда пастлаб кетган, кўп қаватли уйлар ҳануз исигани йўқ, ичимлик суви эса бир текисда етказилмаётир.

Блэкаут турли ҳудудларда 3 соатдан 10 соатгача давом этди

25 январь куни Ўзбекистон ва қўшни 2 давлат Қозоғистон ва Қирғизистонда, минтақа тарихида кузатилмаган кенг кўламида электр токи узилиши, зулмат ёки блэкаут юз берди.

Тошкент вақти билан соат 11ларда Ўзбекистоннинг қарийб ҳамма ҳудуди, қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонннинг ҳам катта қисми электр токидан бирдан узилиб қолди.

Расмий маълумотга кўра, блэкаут турли ҳудудларда тақрибан 3 соатдан 10 соатгача давом этган. Аммо, мамлакат тарихида кузатилган мислсиз техноген ҳодисадан бир кун ўтиб, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳануз чироқ ёнгани йўқ.

Расмий хронология

26 январь, Тошкент вақти билан соат 15 га қадар берилган маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг 75 фоиз қисмида электр таъминоти тикланган.

Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб сессиясида Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдумалик Назиров маълум қилди.

Назиров шунингдек, блэкаутнинг расмий хронологиясини ҳам баён қилди:

"Блэкaут 25 январь куни 10:57 да Сирдарё ИЭСда носозликлар юзага келиши билан бошланди. Бунинг оқибатида эса 1600 Мегаватт қувват йўқотилди. Натижада юзага келган носозликни тўхтатиш ва зарарнинг оқибатларини камайтириш учун бошқа генераторларнинг ишлаши ҳам тўхтатилди. Бунда кенг кўламли авария ҳолатининг олдини олиш мақсади кўзланганди. Сабаби тизимлар бир-бири билан ўзаро боғланган. Шундан сўнг, электр таъминотини тиклаш ишлари доирасида биринчи навбатда Чорвоқ ГЭС фаолияти тикланди.
Ўз навбатида қўшни давлатлар томонидан ҳам ёрдам кўрсатилди. Газ конлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бу жуда муҳим омил, сабаби электр токи ишлаб чиқариш газ билан узвий боғлиқ"
, деди у.

Айрим ҳудудларда носозликлар бор

26 январь кунига келиб республикадаги 8 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида электр таъминоти тўлиқ тикланган.

“Бироқ, айрим носозликлар туфайли трансформатор пунктлари, подстанциялар ва кабель тармоқларида муаммолар пайдо бўлиши ва электр таъминотида узилиши кузатилган ҳолатлар бўлиши мумкин. Шу сабабли, баъзи хонадонлар ҳали ҳам электр энергиясига уланмаган бўлиши мумкин. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган муаммолар зудлик билан бартараф этилади», дейилди вазирлик 26 январь куни эълон қилган яна бир хабарда.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродованинг АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, сешанба куни мамлакат электр тизимида юзага келган носозликлар туфайли газ ишлаб чиқариш ҳажми камайган, шу боис, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ Иссиқлик электр станциялари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига йўналтирилишини билдирди.

Бунинг оқибатида, 26 январдан бошлаб, автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилди. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга эса табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди.

Коммунал хизмат: Қозонхоналар қайта ишга тушди

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига кўра, 26 январь соат 09:30 га келиб, мавжуд 500 та қозонхонадан 444 таси ишини қайта тиклаган.

Тошкент шаҳридаги марказий иситиш қозонхоналари 3-4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтиши ва кўп қаватли уйлардаги хонадонлар исий бошлашини ваъда қилган эди.

Вазирликнинг қайд этишича, айни пайтгача Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аҳолига ичимлик суви етказиб бериш 100 фоизга тикланган.

“Ҳудудгазтаъминот”: табиий газ таъминотида муаммолар бор

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ҳудудидаги вилоятлари, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида, блэкаутдан бир сутка ўтиб, табиий газ етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилмоқда.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.

Айни пайтда ташкилот аҳолини огоҳлантирмоқда:

“Ҳозирги вақтда газ етишмаслиги ёки уни етказиб бериш пайтида босим пасайган манзилларда газ ишлатадиган барча жиҳозларни ўчириб қўйиш ва биноларда газ ҳиди йўқлигини текшириш керак”.

Блэкаут сабабли, Ўзбекистон бўйлаб 25 январь куни электр таъминотида юзага келган ва узоқ давом этган узилишлар туфайли “Газли”, “Шўртан” ва “Муборак” нефть-газ қазиб олиш бошқармасига қарашли 64 та коннинг иши вақтинча тўхтатилган эди.

Бу эса “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурлари ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ маҳаллий тармоқларида газ босимининг пасайишига таъсир кўрсатган.

26 январь куни, аксар конларда иш тиклангани ва тез орада табиий ва суюлтирилган газ таъминоти изга тушиши ваъда қилинди.

Шохобчаларда турнақатор навбатлар

Фэйсбук, Телеграм, Инстаграм, Одноклассники каби ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган постларга кўра, республиканинг аксар ҳудудлари, ҳатто Тошкент шаҳрида ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва метан газга яна навбатлар юзага келган.

Аҳолига берилаётган табиий газ таъминотига оид хабарлар турлича. Айрим ҳудудларда, масалан Наманганда сешанба куни электр узилган пайтда табиий газ босими ортгани кузатилди.

Аммо, бугунга келиб, барча табиий газга уланган ҳудуларда, аслида паст босим янада пасайгани кузатилмоқда. Буни, “Ҳудудгазтаъмнот” жамияти ҳам тан олди ва таъминот блэкаутдан олдинги ҳолига қачон қайтиши ҳозирча номаълум.

Тармоқлар: Уйлар ҳануз исимади, ичимлик суви йўқ

Аксар йирик шаҳарларда марказий иситиш тизимига уланган уйлар ҳануз исимагани ҳақида ва бу қозонхоналарнинг босқичма-босқич ишга тушаётган билан боғлиқ экани расман изоҳланди.

Бундан ташқари, ичимлик суви борасида ҳам, расмий баёнотларга зид равишда, бир текис таъминот кузатилмаётганидан шикоятлар кузатилмоқда.

Ҳатто, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларига сув етказиб берилмагани ва натижада, 25 январь кечга яқин Тошкентда аҳолига сув етказиб берувчи кўнгилли мобил гуруҳлар пайдо бўлгани кузатилди.

Бозорлар: Шам ҳануз танқис

Тармоқда трендга чиққан хабар мамлакат бўйлаб шам нархининг 1 ярим минг сўмдан 7 минг сўмга ошиб кетгани бўлди.

Чироғимиз ёниб қолар, деб кутиб ўтирган аҳоли, 25 январь свет ёнавермагач тушдан кейин бозорга чопгани ва узундан-узоқ навбатлар, ҳатто ур-йиқит билан шам сотиб олаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳатто Тошкентнинг Ўрикзор бозорида ҳам айни ҳолат қайд этилди.

Ҳозирга келиб, бозорларда аҳвол олдинги ҳолига қайтган, осойишталик кузатилмоқда. Аммо, бу осойишталик шам нархини туширмаган. Кузатилишича, бозорларда шам нархи 4 ярим - 5 минг сўм атрофида қолмоқда.

Ҳозирча блэкаут мамлакат иқтисодиётига қанча зарар етказгани борасида расмий рақам айтилгани йўқ.

Телеграм-каналларда пойтахт ва вилоятларда газга мослашган умумий овқатланиш марказлари фаолиятини вақтинча тўхтатгани хабар қилинди.

"Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 15-20 фоизга қимматлаштирди", деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида.

Унинг таъкидлашича, блэкаут етказган зарар январь ойидаги инфляция кўрсаткичларида акс этмай қолмайди.

XS
SM
MD
LG