Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2025, Тошкент вақти: 20:17

"Ўзавто"дан Украинадаги урушга. Россия томонида жанг қилаётган ўзбек мигранти ҳикояси


Украинанинг Киев вилоятида ҳалок бўлган россиялик аскарлар, 2022 йил.
Украинанинг Киев вилоятида ҳалок бўлган россиялик аскарлар, 2022 йил.

Бугун Россия томонидан Украинага қарши урушда Марказий Осиёдан чиққан минглаб одамлар иштирок этмоқда: улардан айримлари депортация билан қўрқитилиб мажбурий фронтга юборилган, бошқалари эса пул ишлаш умиди билан у ерга борган. 2024 йил июнь ойида Тергoв қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳуқуқий форумда шундай деди: Россия фуқаролигини яқинда олган 30 минг кишини «ушлаб», мажбуран ҳарбий рўйхатдан ўтказишган ва улардан 10 минги фронтга жўнатилган. Бастрикин буни миграцияга қарши курашдаги «фишкa» деб атади.

Матн: «Окно» лойиҳаси

45 ёшли ўзбекистонлик Шавкат Машрабов россия телеканалларидаги ватанпарварлик руҳидаги дастурларни кўриб, ихтиёрий равишда ёлланма жангчи сифатида урушга кетган. Охир-оқибат у Россия фуқаролигини олди, аммо бундан умуман хурсанд эмас. Машрабов Президент Путинга, Бош ҳарбий прокуратурага ва Мудофаа вазирлигига мурожаат юборган.

«Икки йилдан бери яқинларимни кўрмадим. Илтимос қиламан, тиз чўкиб сўрайман — менга хизматдан бўшатилишга ёрдам беринг», — деб ёзган у.

Шавкат Машрабов
Шавкат Машрабов

Экспертлар бу ҳолатни одатий деб ҳисоблайди: урушга чет элликларни ва яқинда Россия фуқаролигини олганларни ёллаш авж олган, чунки улар ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз ва амалда оддий россияликларга қараганда ҳам тажовузкорроқ мобилизацияга дуч келмоқда.

Шавкат олий муҳандислик маълумотига эга ва ўз бошидан кечирганларини шундай тасвирлайди:

«Уруш — бу бир томонлама билет. Ҳатто чет эллик фуқаро учун ҳам… Ҳамма жой ботқоқ, совуқ, нам. Ўлимни доимий кутиш. Ҳар дақиқада, миянгнинг туб-тубига сингиб кетган ҳис, яъни навбатдаги ҳар бир қадаминг охирги бўлиши мумкин Атрофдаги ҳар бир нарса сени энг азобли йўллар билан ўлдиришни истайди… Сен жуда яхши тушунасан — бу охир. Имзолаган шартноманг… бир томонлама чипта эди. Бу ердан чиқиб кетишнинг иложи йўқ, ҳатто қайтсанг ҳам. Чунки қайтишга жой йўқ. Россияда сенда уй-жой ҳам йўқ, сени кутган ва севган яқинлар ҳам йўқ. Балки қайтиши мумкин бўлган нарса — фақат бир жасад, уни эҳтимол оммавий қабрга кўмишар. Аммо ақл-ҳуш эса… абадий қиёмат… ўлик… далалар устида сарсон бўлиб юришга маҳкум», — деб ёзган Шавкат.

"Ўзбек паспорти билан мени дарҳол қамашади"

Ўзбекистонда Шавкат GM-Uz ва UzAuto Motors компанияларида кафолат бўйича муҳандис бўлиб ишлаган. Вақт ўтгач, у Петербургга келиб, General Motors заводида муҳандис-ишлаб чиқарувчи сифатида ишлаган.

Шавкат Машрабов томонидан олинган автоэлектрик мутахассислиги бўйича сертификат (UZAuto).
Шавкат Машрабов томонидан олинган автоэлектрик мутахассислиги бўйича сертификат (UZAuto).

Уруш бошланишидан анча олдин у Ўзбекистонга қайтган, у ерда унинг хотини ва икки фарзанди бор. Унинг таъкидлашича, у урушга пул учун эмас, фақатгина «СССРга бўлган муҳаббати» туфайли, шунингдек рус телеканаллари янгиликларидан олган маълумотлар таъсирида боришга қарор қилган.

— Путин «СВО»ни эълон қилганда («махсус ҳарбий операция» — Россияда Украинага қарши урушнинг расмий атамаси, — «Окно»), менинг Петербургга қайтгим келди. Бордим, ҳарбий комиссариатга кирдим, «Мен ёрдам бера оламан», дедим. Лекин ўша пайтда мени олишмади. «Чет эл фуқароларини олмаймиз, Россия фуқаролиги керак», дейишди.

Шавкат (чапда) Ўзбекистонда ишда ака-укалари билан.
Шавкат (чапда) Ўзбекистонда ишда ака-укалари билан.

Шавкат Ўзбекистонга қайтди. Лекин у ерда ҳам Россия телеканалларини томоша қилишни давом эттирди. Кўнгиллиларга оид эълонни кўриб қолди, унда хоҳловчилар 117 рақамига қўнғироқ қилиши айтилган эди. Шавкат қўнғироқ қилди ва: «Чет элликларни оласизларми?» — деб сўради. «Ҳа, оламиз», — деб жавоб беришди. Бу сафар у Петербургга эмас, балки Красноярскка борди — у ерда унга вақтинчалик рўйхатдан ўтказишга ваъда берган дўсти бор эди.

— Бордим, барча ҳужжатларни тўпладим, тиббий кўрикдан ўтдим, «соғлом» деган маълумотнома олдим ва ҳарбий комиссариатга бордим. Ҳужжатларимни, дипломларимни, мутахассислигимни тасдиқловчи сертификатларни топширдим ва шартнома имзоладим. Менга: «О, сизни фақат мақсад бўйичаишлатамиз, бизга кераксиз», дейишди, — дея эслайди у.

Шартнома имзолаганидан сўнг, Шавкатнинг айтишича, у дарҳол 450 минг рубль олган. Ва фронтга жўнатилган.

— Мен разведка-штурм бригадасига тушдим, пулемётчи сифатида, 09332-рақамли қисм, штурмга. Улар ҳатто мен кимлигимга, нима қила олишимга қарашмади — тўлиқ қувват билан ишлатишди. Дарҳол Бахмут йўналишига штурмга юборишди. Бизга «мавик»лар, «фипик»лар (дрон турлари — «Окно») ёмғирдек ёғилди. Олдимда бухгалтер йигит бор эди, уни парчалаб юборди, ҳаммамизни учириб юбoрди, биз дарҳол орқага чекиндик. Лекин мен омадли эканман. Менинг олдимда кассеталар билан ҳам, миномётлар билан ҳам ишлади, бирорта тирналиш ҳам олмадим. Худоша шукурЮ бирота минага босмадим, ваҳоланки, бир кўзим кўрмайди, кўзойнак тақаман.

Аммо кунлардан бир куни Шавкат барибир госпиталга тушди — қаттиқ совқотиш ва жароҳати сабаб: қишда сирпаниб кетиб, пулемёт ва оғир ўқ-дорилар қутиси билан бирга йиқилган эди.

— Госпиталда бизга взвод командири келиб: «Ким РЭБда хизмат қилмоқчи?» деди (радиоэлектрон кураш бўлими — «Окно»). Мен: «Мен», дедим. «Нима қила оласан?» деди. Мен унга барча ҳужжатларимни, кўникмаларимни кўрсатдим ва мени РЭБ ротасига, 24314-рақамли қисмга олишди. Кўп нарсаларни ишлаб чиқдим, кўп техникани, кўп жангчиларни асраб қолдим. Ҳатто мукофотга тавсия ҳам қилишган. Лекин Москва мукофот учун паспортни юборишни талаб қилганда, улар кўришса-ки, менинг паспорти узбекники. « Ўзбекистон фуқаросига давлат мукофоти берилмайди», дебди.Шавкат урушдаги муваффақиятлари билан мағрурланади.

— 2024 йил бошида FPV-дронлар учун картинани алмаштиришни биринчи бўлиб мен ўйлаб топганман. Масалан, FPV-дрон учиб бормоқда ва нишон қидирмоқда. Оператор воқеа жойини кўряпти, мен эса тасвирни алмаштириб, оддий қилиб — Москва, Кремль, Путин тасвирини қўйиб қўя оламан. Шу пайт оператор дронини йўқотиб қўяди ва нишонга уролмайди. Кейин мен «купол»ни ўйлаб топдим ва уни «Молчaн» деб атадим, чунки менинг позивнойим «Молчaн» эди. У умуман FPV-дронларни ўтказмасди. Ҳаммасини ўзим қайта ишлаб чиқдим, ўрнатмаларни ҳам ўзим тайёрладим — кунига 25–30 та FPV-ни уриб туширардик. Шу пайт мени мукофотга — Суворов медалига тавсия қилишди, фақат президент ҳали имзо қўймаган.

Шавкат Машрабовга «радиоэлектрон кураш мутахассиси куни» муносабати билан «оқилона ташаббуси, меҳнатсеварлиги ва маҳорати» учун берилган гувоҳнома.
Шавкат Машрабовга «радиоэлектрон кураш мутахассиси куни» муносабати билан «оқилона ташаббуси, меҳнатсеварлиги ва маҳорати» учун берилган гувоҳнома.

Шавкат мукофотни олишга умид қилади — чунки унда энди Россия фуқаролиги бор. (Материал нашрга тайёрланаётган пайтда мукофотлаш тўғрисидаги буйруқ аллақачон имзолангани маълум бўлди).

— ИИВга фарқи йўқ, сен СВОда қатнашганмисан ёки бошқа кимсан. Агар сен бир йил Россияда ноқонуний турган бўлсан, сени шунчаки депортация қилиб юборишлари мумкин. Шуни ўйлаб, ўзимча: «Менга фуқаролик берилишини сўраб қўяй», деб ўйладим.

31831-ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан БПЛА бўлинмаларини ўқитиш ва таъминотда кўрсатган ёрдами учун Шавкат Машрабовга берилган ташаккур хати.
31831-ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан БПЛА бўлинмаларини ўқитиш ва таъминотда кўрсатган ёрдами учун Шавкат Машрабовга берилган ташаккур хати.

Аммо Шавкат фақат россиялик полициячилардан эмас, балки ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳам қўрқарди: чунки Ўзбекистон қонунларига кўра, чет эл урушларида ёлланма жангчи сифатида қатнашганлик учун қамоқ жазоси бор.

"Қарши кўрсатмалар йўқ"

2024 йил май ойида Шавкат унга Россия фуқаролигини беришни сўради ва сентябрда уни олди. Унинг контракти 2024 йил 29 октябрда тугаётган эди, 30 октябр куни эса у бўшатилиш ҳақида рапорт ёзиб топширди.

— Мен хотиржам ҳолда бўшатилишимни, судланмаслигимни, қамалмаслигимни ўйлардим. Рапорт ёздим, улар эса: «Сен Россия фуқаросисан», дейишди. Мен: «Тушунаман, лекин контрактни мен Ўзбекистон фуқароси сифатида имзолагандим. Ҳатто паспортимни ҳам тан олгансизлар, шунинг учун мукофот бермагансизлар», дедим.

Бироқ Шавкатга айтилишича, энди унда Россия паспорти бор экан, уни қуролли кучлардан бўшатиб бўлмас экан. Шавкат бундан норози.

— Айтинг, илтимос, ҳарбий киши ҳарбий қасамёд бериши шартми? Россия фуқаросини бу ерга мажбуран ҳайдашингиз мумкинми? Йўқ, у ё ихтиёрий контракт имзолайди, ё мобилизация қилинади. Ахир мен Россия фуқароси бўлганимга энди бир ой бўлди. Мен ҳеч қандай контракт имзоламаганман, ҳеч қандай қасамёд бермаганман, қандай ҳуқуқ билан мени ушлаб турибсизлар?

Шавкатнинг армиядан кетиш истагига унинг саломатлиги ҳам таъсир қилди — ёзда унинг ротасидаги шароитлар «абгор» аҳволга келди, Шавкатнинг ҳарорати кўтарилиб, тунлар билан ухлай олмай, йўталдан нафаси қийинлашиб қолди. У ўпкасидан шикоят қилиб, рентгенга олиб боришларини сўради. У ердан уни КТга ва фтизиатрга юборишди (чунки ўтмишда унда сил касаллиги бўлган). Шавкатнинг айтишича, барча текширувлар учун ўз ҳисобидан тўлаган (чеклар таҳририят ихтиёрида мавжуд).

Фтизиатр унга икки ҳафталик даволаниш, қайта кўрик ва КТ тавсия қилди, лекин унга даволанишга рухсат беришмади. Бутунлай йиқилиб қолмаслик учун у таътил беришларини ёлвориб сўради, гарчи таътиллари йиғилиб қолган бўлса ҳам.

Шавкат Машрабовнинг касаллиги ва унинг ташхиси ҳақида терапевт хулосаси.
Шавкат Машрабовнинг касаллиги ва унинг ташхиси ҳақида терапевт хулосаси.

–— Таътилдан қайтмадим, командир билан жанжаллашдим, «Тамом, энди ҳарбий бўлиб ишлашни истамайман», дедим. Ўша куннинг ўзидаёқ ҳарбий полиция етиб келди, мени ҳибсга олиб, қайтариб юборишди, бир кишилик камерага қўйиб, 15 кун давомида жиноятчидек ушлаб туришди, ҳеч кимга мен билан гаплашишга рухсат беришмади, ҳақоратлашди. Кейин мени 15-сонли тарбия колониясига юборишди. У ерда ҳужжатларимни кўриб: «Сени бундай диагноз билан бу ерга қандай олиб келишган?» деб ҳайрон бўлишди ва мени орқага қайтаришди.

Бизда эса даволовчи шифокорда «суперқобилиятлар» бор экан, у мени дарҳол «даволаб қўйди» ва қуйидаги маълумотномани берди: «СВОда вазифаларни бажаришга қарши кўрсатмалар йўқ».

Шавкат Машрабовнинг ҳарбий вазифаларни бажаришга яроқли экани ҳақидаги ҳарбий шифокор маълумотномаси.
Шавкат Машрабовнинг ҳарбий вазифаларни бажаришга яроқли экани ҳақидаги ҳарбий шифокор маълумотномаси.

Шавкатнинг бўшатилиш ҳақидаги рапортларига жавобан унга: «Қаерга мурожаат қилсанг ҳам, фойдасиз, ҳеч нарса ўзгармайди», деб айтишди. У ҳали ҳам урушда қатнашмоқда.

— Бизда на дам олиш бор, на иш вақти. Кунда 24 соат, ҳафтада 7 кун. Жисмонан ҳам, руҳан ҳам чарчадим. Икки йилдан бери ота-онамни кўра олмаяпман, болаларимни эса анча вақтдан бери кўрмаганман. Уйга таътилга чиқиш мумкин эмас — ҳарбий хизматдаман, хорижга чиқиш паспорти бермайди. Ўзбек паспорти билан кирсам, дарҳол қамашади. Агар россия паспорти билан борсам, унда чиқади: гўё мен Россия фуқароси сифатида Россия учун урушганман ва бунинг учун мени қамамайди.

«Ўт билан сув орасида»

«Идите лесом» лойиҳаси ходими Иван Чувиляевнинг айтишича, Шавкат Машрабовнинг ҳолати типик.

— Бизга кўп ҳолларда шундай одамлар мурожаат қилади: улар контрак имзолаганда аллақачон Россия фуқаролигига эга бўлган, лекин қонунни билмаган. Қонунга кўра (ўтган йили киритилган ўзгариш): Россия фуқаролигини олган одам ҳарбий рўйхатга туриши шарт, акс ҳолда фуқароликдан маҳрум қилиниш мумкин. Полициячилар эса бу қонунни бошқача талқин қилади: «Фуқаролик олгансан — контракт имзолашинг шарт». Аммо рўйхатга туриш билан контракт имзолаш орасида катта фарқ бор. Марказий Осиёдан бизга мурожаат қилганларнинг аксари контрактни айнан шундай фириб билан имзолаган.

Машрабовнинг ватанга қайтишдан қўрқиши Иван Чувиляев назарида тўла асосли:

— Бундай ёлланма жангчилар яхши тушунади: шунчаки уйга қайтиб бўлмайди — улар ўт билан сув орасида. Бир томондан, Россияда контракт имзолаган, ва Россия уларни ўлимга юбормоқда. Иккинчи томондан, уларнинг чўнтагида ўз мамлакати паспорти бор, у ерда эса ёлланма жанг учун жазо кутмоқда.

Бундай тузоққа фақат Марказий Осиё фуқаролари эмас, ҳатто Европа Итифоқи мамлакатлари фуқаролари ҳам тушиб қолиши мумкин.

— Бизда Швеция фуқаролари бўлганлар ҳам учраган. Биз уларга оддий йўлни таклиф қилдик: ўз консулхонангизга боринг, вазиятни тушунтиринг ва улар сизга ватанга қайтишда ёрдам беради. Лекин бирортаси бунга журъат этмаган. Улар суҳбатдан йўқ бўлиб қолган — эҳтимол, улар ҳам ёлланма жангчилар ҳақидаги жавобгарликдан қўрққан.

Шавкат ҳам шу сабабли ўзбек паспорти билан ватанга қайтишдан қўрқади; таътил берилиши билан Петербургга боради, лекин у ерда ҳам ўзини хотиржам ҳис қилмайди.

Шавкат Машрабовнинг мактубидан:

«… Бир оз ножоиз ҳаракат қилсанг, яна мигрантга айланасан: фуқаролигингни олиб қўйишади, қимматсиз одамдек сени чиқариб юборишади. Янгиликларда яна бир мигрант фуқароликдан маҳрум қилингани ҳақида эшитиб турасан. СВОда эса ҳуқуқлар ҳаммага бир хил — сен туғилганидан россиялик бўласанми ёки контракт тугашига яқин Россия фуқароси бўлганмисан, фарқи йўқ… Кейин уч кунлаб ичиб ётасан… Ҳар бир қаттиқ овоздан титраб кетасан. Одамлар сенга жиннидай қарашади. Баъзиларнинг кўзида эса ҳарбий формангга нисбатан ҳақоратли нафрат акс этади…»

У яқинларини икки йилдан бери кўрмаган.

— Агар Ўзбекистондан уларни Россияга чақирсам, камида бир миллион пул керак бўлади — самолёт билетлари ва қайтиш учун. Онамга қўнғироқ қилсам, доим йиғлайди. Янгиликларда ўқийман: кимдир биров билан жанжаллашибди ёки муштлашибди — уни дарҳол суд қилишган, фуқаролигини олиб қўйиб, ватанга юборишган. Россияда туғилганни фуқароликдан маҳрум қилишмайди, лекин менинг ватаним бошқа — мени осонгина суд қилишлари ва чиқариб юборишлари мумкин. Петербургда таътилдаман, «Магнит» дўконига кирдим, биргина касса ишлаяпти, навбат катта. «Қизлар, иккинчи кассани очишни сўранглар», дедим. Мен ҳарбий формадаман, лекин менга ҳеч ким эътибор бермади. Кейин қўриқчи чиқди — «сен кимсан ўзи?» деб сўкишлар бошланди. Шунда баъзи одамлар ҳарбийларни ҳатто ҳақорат қилиб нафратлашини тушундим.

Шавкат ҳар ой жанг майдонидаги маошини олади ва уни оиласига жўнатади. Лекин кўп нарсага ўзи харажат қилишга мажбур:

— Овқат бўлса сотиб олишим керак, кийимни ўз вақтида беришмайди. Асбоб-ускуналарни ҳам ўз пулимга сотиб олишга тўғри келади. Мен оддий РЭБ ротасида хизмат қиламан, вектор анализаторлари, амперметрлар, вольтметрлар ва бошқа қурол-асбобларни ҳам ўзим сотиб оламан.

Унинг таъкидлашича, у ҳеч кимга ўқ узмайди:

— Мен фақат қутқараман, антидрон ишлари ва радиоэлектрон кураш билан шуғулланаман. Мендан жангчи чиқмайди, урушишни билмайман. Менинг ягона умидим — юқоридагиларга етиб бориш, улар тинглаб: «Хорижий фуқаролиги сақлаб қолинган шундай инсон бор, у қонун бўйича муддатидан олдин бўшатилишга ҳақли», деб тан олишса.

Шавкат Машрабовнинг мактубидан:

«…Ҳеч кимни қизиқтирмайди — онамни, болаларимни, Россиядан ташқаридаги яқинларимни кўра олмаслигим. Илтимос, менга ёрдам беринглар, оилам билан кўришиш имкон беринглар… Илтимос қиламан, тиз чўкиб сўрайман — менинг бўшатилишга ёрдам беринг».

«Беда» нашри ва «Призыв к Совести» ҳуқуқ ҳимояси ҳаракатининг
«Фуқаролик билан манипуляциялар, қўлга олиш рейдлари, конституцияга зид қонунлар»
номли ҳисоботидан:

«2023 йил 15 май куни Россия Федерацияси фуқаролигини ҳарбий хизмат тўғрисидаги контрактни имзолаган хорижий фуқаролар учун соддалаштирилган тартибда бериш ҳақидаги фармонга киритилган ўзгартишлар кучга кирди. 2022 йилдан бери бир йиллик контракт имзолаган ва 6 ой давомида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ёки жароҳат олганлар соддалаштирилган тартибга даъвогар бўлишлари мумкин эди. Янги тузатишлар қабул қилингандан кейин эса фақат бир йиллик контракт имзолашнинг ўзи кифоя қилади, шу билан бирга оила аъзолари ҳам соддалаштирилган фуқароликқа даъвогар бўлиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил бошидан Россия томонидан Украинага қарши урушда иштирок этгани учун 3344 нафар хорижлик Россия фуқаролигини олган».

Хорижий фуқароларни урушга мажбурий равишда жалб қилиш амалдаги сиёсий вазиятда икки хил заифлик нуқтасининг кесишган жойида жойлашган: мигрантлар ва яқинда фуқаролик олганларининг ҳуқуқий ҳимоясизлиги де-юре эълон қилинмаган, аммо де-факто янада тажовузкор мобилизация билан уйғунлашиб кетмоқда.

XS
SM
MD
LG