Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:00

Избосканлик ўқитувчилар Мирзиёевнинг "5 ташаббуси"ни 25 кунда 52 та семинар ўтказиб ўрганадиган бўлди


Мактаб, синфхона

Андижон вилоят, Избоскан туман Халқ таълими бўлими мудири президент Мирзиёевнинг “беш ташаббуси” бўйича мактабларда 25 кунда 52 та семинар ўтказишни буюрди.

Маънавий ишлар бўйича мактаб директорлари ўринбосарларининг айтишича, бу семинарлар "кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас".

Избоскан тумани ХТБ мудири ўринбосари Соҳибжамол Азимова Озодликка семинарларга ўқитувчилар жалб этилмаганини, "беш ташаббус" бўйича тадбирлар фақат МФЙларда ўтказилаётганини айтди.

Президент Мирзиёев 19 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш учун “бешта ташаббус”ни эълон қилган эди​.

Избоскан туманидаги ўқитувчилардан Озодликка юборилган шикоят хатида бундай ёзилган:

“Избоскан тумани ХТБ мудири Сардор Ғофуров семинарбозликни, мажлисбозликни олий нуқтага чиқарди. Юқоридаги раҳбарларга ўзини яхши кўрсатиш учун август ойида “беш ташаббус” мавзусида ҳар куни семинар ўтказасан деб, мактабларни мажбурламоқда. Бунақа майнавозчиликнинг нима кераги бор? Бундан кўра, таълим сифатига эътибор берса яхши бўлмайдими? Мактабма-мактаб чопавериб, номигагина ўтказиладиган бундай “семинар”лардан чарчаб кетдик”.

Озодлик қўлга киритган, Избоскан тумани ХТБ мудири Сардор Ғофуров ва мудирнинг Маънавий-ахлоқий тарбия бўйича ўринбосари Соҳибжамол Азимова имзоси билан тумандаги 49 та мактаб ва 3 та мактаб интернат киритилган рўйхатда президент таклиф қилган “беш муҳим ташаббус” бўйича тадбирлар ўтказиш белгиланган.

Рўйхатга кўра, 5 августдан 31 августгача 52 та мактаб ва мактаб-интернатда МФЙлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш белгиланган.

"Беш ташаббус" бўйича Избоскан тумани мактабларида ўтказиладиган тадбирлар рўйхати
"Беш ташаббус" бўйича Избоскан тумани мактабларида ўтказиладиган тадбирлар рўйхати

Избоскан туманидаги мактаблардан бирида Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, кўзбўямачилик учун ташкил қилинаётган бундай тадбирлар ўқитувчиларни чарчатиб юборди:

“Шу семинарни ташкил қиласан деган мажбурлов бўлади, ҳеч ким ўз хоҳиши билан қилмайди буни. Ҳар куни битта-иккита семинар. Масалан, 8 август куни 7- мактабда учинчи ташаббус - “Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусида семинар бўлди. Бу соҳа бўйича бирорта ҳам мутахассис келиб, бир керакли нарса ўргатмади. Бир дона ўқувчи йўқ, битта ҳам компьютер кўрингани йўқ. Озгина концерт қўйгандек бўлди, вилоят ТВсидан келиб олишди. Бориб, гўёки қатнашгандай бўлиб, чой ичиб келдик. Шу ҳам иш бўлдими, бундай кўзбўямачилик кимга керак? Ҳар куни оворагарчилик. Қайси ташкилотда ҳар куни семинар бўлади?”

Избоскандаги яна бир мактаб директорининг ўринбосари, таълим бир четда қолиб, ҳамма сунъий тарбияга урғу бераётганидан юраги куйганини айтади:

“Бир семинарда раҳбарларнинг бир гапи менга оғир ботди. Бундай семинарлар тарбияни зўр бўлишига хизмат қилади экан. Қаранг нима дейди? “Биринчи ўринда тарбия, таълим кейин! Биз болаларни кўпроқ тарбиялашимиз, ҳаётга тайёрлашимиз керак! Асосий мақсад, ТВда кўрсатиш. Кимсан, туман ХТБси президентнинг “беш ташаббуси” гўёки аъло даражада амалга оширилаётгандек қилиб кўрсатиш. Интернетдан фойдаланиш дейишади, болаларнинг 90 фоизи Word да ёзишни билмайди. Ундан кўра, битта мутахассис чақир, ўргатсин!”

Избоскан тумани ХТБ мудири ўринбосари Соҳибжамол Азимова Озодлик билан суҳбат бошида, ҳеч қандай семинар рўйхати йўқлиги, ўқитувчилар таътилда эканлиги, таътилдан қайтганлари эса янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан шуғулланаётганини айтди.

Озодлик ўз тасарруфида унинг ва ХТБ мудирининг ўринбосари имзоси қўйилган тадбирлар рўйхати борлигини айтганидан сўнг Соҳибжамол Азимова бундай деди:

“Бу “беш ташаббус” президентнинг 19 мартдаги видеоселектор топшириғига биноан жойларда ўтказилди. Лекин ҳозир ўқитувчилар дам олаётгани сабабли бу МФЙларда ўтказиляпти. Мактаблар иштирок этмаяпти бунда. У рўйхат нотўғри бўлиши мумкин, ҳозир фақат МФЙлар ўзлари ўтказяпти. Мактабларда фақат янги ўқув йилига тайёргарлик кетяпти”

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, учун “бешта ташаббус”ни эълон қилган эди:

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.​

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG