Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 00:00

Беларуслик енгил атлетикачи Тимановская Польшадан сиёсий бошпана сўради (ВИДЕО)


Беларуслик енгил атлетикачи Тимановская Токиодаги Ҳанеда халқаро аэропортида, 2021 йил 1 август

Терма жамоа раҳбариятини танқид қилгани учун Олимпиада ўйинларидан четлатилган беларуслик енгил атлетикачи Кристина Тимановская Польшадан сиёсий бошпана беришларини сўраб ариза ёзди. Бу ҳақда Беларусь спорт бирдамлиги фонди вакили Александр Опейкин “Настояшчее время” телаканалига сўзлаб берди.

“Тимановская ҳозир Токиода. У Халқаро олимпия қўмитаси ва матбуот билан мулоқот қиляпти. Польшадан сиёсий бошпана беришларини сўраб ариза берган. Аҳволи яхши. Тушкунликка тушгани йўқ, бунақа стресс ҳолати, бунақа босим нафақат спортчи, умуман, ҳар қандай кишига оғирлик қилади. Кўпни кўрган катта амалдорлар шу ёшгина қизга босим ўтказмоқчи бўлишган”, дейди Опейкин.

Унинг урғулашича, қиз “пропаганда каналларида тит-питини чиқариб танқид қилишгани учун” Минскга қайтиб боришдан хавфсираган.

“Уни бирон объектив ва реал сабабга кўра эмас, балки соғлиғини баҳона қилиб ёки шунга ўхшаш баҳона билан мусобақадан четлатишга уринишган, бу ғирт маъмурий найранг”, қўшимча қилади Опейкин.

Аввалроқ интернетда енгил атлетикачи Кристина Тимановская билан Беларуснинг Токиодаги Олимпиада ўйинларидаги делегацияси икки аъзосининг суҳбати аудиоёзуви ёйинланган эди. Спортчи “Настояшчее время”га ёзувдаги овоз уники эканини тасдиқлади.

Тимановская билан суҳбатда спорт мулозимлари унинг қилган ишини “тентаклик” деб атаб, у сабабли “одамлар ишсиз қолиши мумкин”лигини, шу боис уйга қайтиши лозимлигини уқтиришади.

Бундан ташқари, қизга Олимпиадада иштирок этиш даври учун кунлик харажатларга тўланган пулни қайтаришни айтишади.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Тимановская билан боғлиқ вазият бўйича тўла-тўкис тушунтириш бериш талаби билан Беларусь Миллий олимпия қўмитасига мурожаат қилди. Бу ҳақда ХОҚ вакилига таянган ҳолда “Немис тўлқини” радиоси хабар қилмоқда.

Унга кўра, Тимановская ишига япон полицияси билан бир қаторда БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари маҳкамаси ҳам жалб қилинган.

Спорт бирдамлиги фонди ХОҚдан интернетга сиздирилган аудиодаги овозлар эгаси деб тахмин қилинаётган Беларусь миллий терма жамоаси бош мураббийи Юрий Моисевич ва РЦОП директори ўринбосари Артур Шумакни, шунингдек Беларусь МОҚ халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Василий Юрчик ҳамда Беларусь делегацияси раҳбари Дмитрий Довгалёнокларни спортдан буткул четлатишни талаб қилди.

Аввалроқ Беларусь Миллий олимпия қўмитаси спринтер Кристина Тимановкаяни “унинг ҳиссий-руҳий аҳволига кўра, врачлар хулосаси асосида” Токиода бўлиб ўтаётган мусобақалардан четлатган эди. Спортчи қизни ватанига жўнатиб юбориш учун мажбуран Токио аэропортига олиб келишганида у полицияга мурожаат қилади, полиция эса уни хавфсиз жойга олиб кетади.

Бундан аввал эса Тимановская беларуслик спорт мулозимларини танқид қилган. Унинг айтишича, эстафетали югуриш бўйича беларуслик чопағонлар жамоаси етарли миқдорда допинг-тест топшира олмагани сабабли уларга Олимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат беришмаган. Беларусь делегацияси мутасаддилари эса бу камчиликни 100 ва 200 метр масофага югурмоқчи бўлган Тимановская ҳисобига тўлдирмоқчи бўлганлар.

“Еврорадио”нинг “Беларусга қайтишга қўрқасизми?” деган саволига Тимановская “Ҳа”, деб жавоб берган. Спортчи, шунингдек, мусобақалардан четлатилиши ҳақида қарор қабул қилинишидан олдин шифокорлар уни кўздан кечиришмаганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG