Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Раввиннинг ўлими. Тошкент БАА ва Исроил билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда - ТИВ


28 ёшли исроиллик раввин Цви Коган 21 ноябрь куни БААда берадак кетган эди.
28 ёшли исроиллик раввин Цви Коган 21 ноябрь куни БААда берадак кетган эди.

Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонаси яҳудий руҳонийси Цви Коган ўлимида гумон қилинаётган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси иши бўйича Араб Амирликлари билан алоқада эканини билдирди, аммо тафсилотларни очиқламади.

Айни пайтда қатор Ғарб нашрлари бу уч ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотларни ошкор қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, вазир Бахтиёр Саидов 26 ноябрь куни айни масалани Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси билан муҳокама қилган.

Ўзбекистон томони Бирлашган Араб Амирликларида исроиллик раввинни ўлдиришда гумон қилинаётган уч ўзбекистонлик иши бўйича қисқа баёнот берди.

Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонасига кўра, консулхона ҳамда Абу-Дабидаги элчихонаси Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб, мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб бормоқда.

Баёнотда қўлга олинган ўзбекистонликлар ёки умуман БААда Ўзбекистон фуқароларининг қўлга олинганига оид бирор тафсилот берилмади.

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, вазирлик расмийлари Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Гидеон Люстиг билан учрашган.

“Ўзбекистон халқи барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган. Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ. Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дейилади ТИВ баёнотида.

Ҳозирча ТИВ матбуот хизмати ҳам қўлга олинган ўзбекистонликлар шахси ёки уларга нисбатан айблов борасида Озодликка маълумот бермади.

БААда ўлдирилган 28 ёшли исроиллик раввин Цви Коганнинг дафн маросими 26 ноябрь куни Тел-Авивда бўлиб ўтди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху буни «антисемит террористик ҳаракат» деб атади. Исроил Коган яҳудий бўлгани учун нишонга олингани тахмин қилинаётганини айтмоқда.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг БАА полициясига таяниб хабар қилишича, қўлга олинган шахслар 28 ёшли Олимбой Тоҳирович, 28 ёшли Маҳмуджон Абдураҳим ва 33 ёшли Азизбек Комиловичлардир.

Уч кишининг адвокатлари борми ёки улар БААда консуллик ёрдамига мурожаат қилганми, ҳозирча аниқ эмас. Ўзбекистоннинг Дубайдаги консуллиги ҳибсга олинганлар юзасидан матбуот сўровларини очиқ қолдиришда давом этмоқда.

БАА Ички ишлар вазирлиги баёнотида Цви Коганнинг қотиллиги жинояти учун кўрилаётган мотив ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Исроил ОАВлари эса ўз исмини ошкор этмаган хавфсизлик ходимларига таяниб, Коган ўлдирилишида ўзбеклар иштирок этган, деган даъвони илгари суришда давом этмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари баёнотида Эрон ҳақида сўз юритилмаган бўлса-да, Эрон разведка хизматлари БААда илгари одам ўғирлашларни амалга оширган.

Ғарб расмийларининг фикрича, Эрон БААда разведка операциялари олиб боради ва бутун мамлакат бўйлаб яшовчи юз минглаб эронликларни кузатиб боради.

Бунга қадар ҳам Эронда Турли трансмиллий жиноий тўдалар, хусусан уларнинг таркибида бўлган ўзбеклар диссидентлар ва бошқаларни нишонга олган ҳужумларда ёлланганига оид маълумотлар бўлган.

Эрон Ҳамас ва Ҳизбуллоҳни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, жорий йил октябрь ойида Эрон Исроилга баллистик ракета ҳужумини амалга оширган, сўнгра бунга Исроил жавоб берганди. Расмий Теҳрон шундан буён Исроилга жавоб қайтариш билан таҳдид қилиб келади.

Аммо, "Ассошиэйтед пресс" агентлигига кўра, Эроннинг Абу-Дабидаги элчихонаси Теҳроннинг раввин ўлимига алоқадор эканига оид даъволарни рад этган.
ОАВ хабарларига кўра, Коганнинг машинаси Ал-Айн шаҳарчасида ташлаб кетилган ҳолда топилганди. Коганнинг бу шаҳарга нега боргани номаълум. Терговдаги версияларга кўра, уч ўзбек уни кузатиб юрган, раввинни ўлдиргач, Туркияга қочишга уринган. Аммо, жуда қисқа муддатда қўлга олинган.

Исроиллик раввиннинг ўлдирилишини қатор давлатлар қоралаб чиқди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен БАА ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Найҳонга қўнғироқ қилиб Коган ўлдирилишини қоралади.

Бундан ташқари, Молдова президенти Майя Санду бу қотилликни “нафрат акти”, деб атади.

Пайшанба куни ғойиб бўлган 28 ёшли ультра-ортодокс раввин Коган Дубай шаҳрида кошер озиқ-овқат дўконини бошқарган. У Исроил ва Молдова фуқароси, рафиқаси Ривки эса Америка ватандошидир.

Бу қотиллик 2023 йил 7 октабрда Хамаснинг Исроил жанубига ҳужуми натижасида юзага келган минтақавий кескинлик ҳануз сақланиб қолаётган бир пайтда содир бўлди.

Ўшанда Исроилнинг Ғазодаги ҳалокатли жавоб ҳужуми ва Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи билан бир неча ойлик жанглардан сўнг, Ливанга бостириб кириши Амирликлар, араб фуқаролари ва БААда яшовчиларнинг норозилигини оширган.

Форум

XS
SM
MD
LG