АҚШ президенти Дональд Трамп 18 декабрь кунги маърузасида янги миллий хавфсизлик стратегиясини тақдим этмоқчи, унда Хитой билан муносабатлар ҳақида кескин фикрлар билдирилади. Бу ҳақда АҚШ расмийлари хабар қилди.
Ахборот агентликларининг АҚШ маъмурияти вакилларига таяниб хабар қилишича, маърузада Трампнинг «Аввало Америка» сиёсатига асосий эътибор қаратилади, унда президент Хитойни рақиб деб атайди ва уни «иқтисодий агрессияси» учун танқид қилади.
АҚШ раҳбари Хитой раиси Си Цзинпинни вақти-вақти билан роса мақтаган эди, аммо шунга қарамай, расмий Пекиндан иттифоқчиси баллистик ракеталар ва ядро қуроллари синовини бас қилиш учун Шимолий Кореяга босим ўтказишни сўраган эди. Боз устига, у ноҳалол савдо амалиёти учун Хитойни айблаб ҳам чиққан.
– Миллий хавфсизлик стратегияси хитойликларга қарши бир қатор иқтисодий чораларнинг бошланиш нуқтаси бўлади, – деди Буш маъмурияти вақтида Beacon Global Strategies консультация фирмаси ходими бўлиб ишлаган Майкл Аллен. Унинг сўзларидан «Файненшл Таймс» газетаси иқтибос келтирди.
Айрим танқидчилар Хитойга нисбатан бундай агрессив ёндашув ушбу Осиё гиганти билан савдо урушига айланиб кетишидан хавотир билдирмоқда.
Дам олиш кунлари ҳам қайта ишланаётган хавфсизлик стратегияси расмий ҳужжатдир. Бундай ҳужжатни дастлаб Роналд Рейган илк марта ишлаб чиққан эди, шундан бери ҳар бир президент тўрт йилда бир марта янги стратегияни тақдим этади.
Маъмуриятнинг бир вакилига кўра, Трамп ўтмишдоши Барак Обаманинг иқлим ўзгариши миллий хавфсизликка таҳдид солади, деган баёнотини бекор қилиши ҳам мумкин.
Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Р. МакМастернинг билдиришича, стратегияда асосий эътибор АҚШнинг чет эллардаги ҳарбий ва иқтисодий қудратига қаратилади. У, хусусан,Хитой билан Россияга қарши туришни, Эрон билан Шимолий Кореяиннг ядро қуроли таҳдидларини жиловлашни назарда тутади.
Унинг фикрича, Россия билан Хитой «халқаро тартиб ва барқарорликка путур етказмоқда» ва «қўшниларининг суверен ҳуқуқларини ва қонун устуворлиги»ни менсимаяпти.
МакМастер Россия «янги турдаги уруш воситалари»ни синаб кўрганини, бундай уруш кибервоситалардан фойдаланган ҳолда қўпорувчилик, нотўғри ахборот тарқатиш ва тарғибот билан шуғулланиш, бу ишни кўплаб доменлардан фойдаланиш орқали амалга оширишни назарда тутади, бундай хатти-ҳаракатлар мамлакатимизнинг ўзида жамоаларимизни бўлиб ташлаш, уларни бир-бирига гиж-гижлаш ва ўзаро ишончсизлик уйғотишга қаратилгандир», деб айтди.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков МакМастернинг мулоҳазаларини «мутлақо ёлғон» деб атади. Унга кўра, Россия «Америка Қўшма Штатларида мураккаб қўпорувчилик ишларига бош қўшмайди».
Расмийларнинг хабар қилишича, МакМастер ва унинг ўринбосари Дина Пауэлл стратегия ишлаб чиқилишига бош-қош бўляпти. Ушбу сиёсий ҳужжатни глобал рақобат бўйича эксперт – таҳлилчи Надия Шадлоу ёзди. У лойиҳани тайёрлаш вақтида Трамп билан шахсан учрашди.