Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:31

АҚШнинг Ўрта Ғарб минтақасида ҳаво рекорд даражада совиди


Чикаго дарёси, 2019 йил 30 январи.
Чикаго дарёси, 2019 йил 30 январи.

Чоршанба куни АҚШнинг Ўрта Ғарб минтақасида ҳаво Антарктиданинг айрим ҳудудларидан ҳам совуқроқ бўлди. Натижада кўплаб ҳудудда транспорт ҳаракати бутунлай тўхтаб қолди.

Почта, ўқув муассасалари ва ширкатлар фаолияти тўхтатилди. Ўнлаб штат аҳолисига уйдан чиқмаслик тавсия қилинди.

Американинг учинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Чикагода эрталабки ҳарорат -30 °C га етди. Аммо совуқ шамол туфайли сезилган ҳарорат -46 °C га тенг бўлди. Бу эса Аляска марказидагидан, ҳатто Антарктиданинг айрим ҳудудларидаги ҳароратдан ҳам совуқроқдир.

Чикагонинг икки йирик аэропортида 1500 дан зиёд рейс бекор қилинди. Amtrak темир йўл ширкати ҳам шаҳардаги хизматларини тўхтатди.

Ҳар қандай ҳавода ҳам ўз фаолиятини давом эттирадиган АҚШ почта хизмати Индиана, Мичиган, Иллинойс, Оҳайо, Дакота ва Небраска штатлари фаолиятини тўхтатди.

Мазкур совуқ ҳавога одатда Шимолий Қутбда айланиб юрадиган арктик ҳаво оқими Америкага етиб боргани сабаб бўлди.

“Кейинги кунларда рекорд даражадаги арктика ҳаво массаси марказий ҳамда шарқий АҚШ устида қолади”, дея билдирди Миллий об-ҳаво хизмати.

Шимолий Дакота штатининг Гранд-Форкс шаҳрида эрталаб ҳаво -37 °C даражага тушди. Миннеаполис шаҳрида эса ҳаво -32 °C совуқ бўлди.

Мамлакат расмийлари бундай экстремал ҳарорат аҳоли ҳаётига хавф солишини айтар экан,Иллинойс, Висконсин ҳамда Мичиган штатларда фавқулодда вазият жорий қилинди.

Совуқ қамровида қолган штатларда ёши кексалар ҳамда доимий яшаш жойи бўлмаганлар учун исиниш пунктлари уюштирилди.

АҚШ матбуоти тарқатган хабарларга кўра, кескин об-ҳаво туфайли мамлакат бўйлаб камида тўрт киши нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG