Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2018, Тошкент вақти: 19:36

Дональд Трамп: Биз жаноб Ким билан тил топишдик


Президент Доналд Трамп "Америка овози” радиоси мухбири Грета Ван Састерен саволларига жавоб бермоқда.

Президент Доналд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан Сингапурда ўтказган музокарасидан сўнг “Америка овози” радиоси мухбири Грета Ван Састерен билан суҳбатлашди. У Ким билан нималарни муҳокама қилгани ва келгуси кутилмалар ҳақида сўзлаб берди.

Ван Састерен: Ким Чен Иннинг нимаси сизни ҳайратлантирди?

Трамп: Тўғриси, у – улкан шахс. Қизиқарли, ўта ақлли киши ва яхши музокарачи экан. У халқини яхши кўради, бу мени ажаблантиргани йўқ, у чиндан ҳам халқини яхши кўради. Ажойиб ишнинг бошида турибмиз, деб ўйлайман. Биз Шимолий Кореяни ядро қуролидан холи қилмоқчимиз. Мен зудлик билан ишга киришмоқчиман, бошқа кўплаб ишлар ҳам қилинмоқда, бунга Корея урушида ҳалок бўлган АҚШ аскарлари хокини ватанга қайтариш ҳам киради. Ҳаммамиз Шимолий Корея билан овора бўлиб қолдик, лекин аскарлар хокини қайтариб олиб кетиш кўпчилик учун муҳим аҳамиятга эга. Улар менга қўнғироқ қилишди, “Илтимос, шу иш қилсангиз”, деб хатлар ёзди ва у бу ишни қилишга рози бўлдик. Биляпсизми, урушда қурбон бўлган минглаб одамларнинг хокини олиб кетишга. Бу – жуда катта иш.

Ван Састерен: Сиз бугун инсон ҳуқуқлари масаласини музокара кун тартибига қўйдингиз, унинг жавоби қандай бўлди?

Трамп: Жуда яхши. Вақтимизнинг 90 фоизини ядро қуролидан холи зона қилиш масаласи муҳокамасига сарфладик, лекин бошқа кўплаб масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Инсон ҳақлари масаласини ҳам эслаб ўтдик. Аскарларнинг хокини қайтариш ажойиб иш бўлди, уни ҳужжатга ҳам киритдик, ҳужжатга бошқа кўплаб яхши нарсаларни ҳам киритдик. Кўпчилик бундай бўлишини кутмаган ҳам эди.

Ван Састерен: Музокара чоғида нималар бўлганини гапириб берсангиз. Сиз унга нима шарт қўйдингиз, у сизга нима шарт қўйди? Қанақа тортишувлар бўлди?

Трамп: Ҳеч қандай шарт қўйишлар бўлмади. Биз бу масалалар билан уч ой давомида шуғулландик, бу ишга турли вакилларни, жумладан давлат котиби Майк Помпеони жалб қилдик. У ақл бовар қилмас натижаларга эришди. Муаммолар билан шуғулланиш учун вақт етарли бўлди. Бугунги учрашувимиз бошлангандан бери кўп масалаларни муҳокама қилдик. 25 соатдан бери ухлаганим йўқ. Улкан музокара бўлди ва мен у билан фахрланаман. Жараён бошланяпти. У уруш билан тугаши, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритиши ҳам мумкин эди. Шимолий Кореяни ўзингиз биласиз, Сеулнинг 28 миллион аҳолиси бор. У миллионлаб одамлар қирғини билан тугаши мумкин эди, лекин биз уни келишув йўли билан тугатмоқчимиз.

Ван Састерен: Қўшинлар нима бўлади? Улар Жанубий Кореяда қоладими?

Трамп: Ҳа, улар қолади. Бу масалани муҳокама ҳам қилмадик, у кўтарилмади ҳам. Биз жуда қиммат турадиган уруш ўйинларидан чиқмоқчимиз. Қаерда эканимизни биласиз, биринчи ўриндамиз, деб ҳисоблайман, биринчи бўлиш одамга хуш ёқади. Улар бундан жуда хурсанд, ахир бу кимга ёқмайди? Лекин бу жуда қиммат туради. Яхши ният билан музокарага киришганимиз учун бу ишни қилмаймиз.

Ван Састерен: Ўн йиллаб қилич сермаб келгандан сўнг жаноб Кимни энди нима музокара қилишга ундади?

Трамп: Мендан олдин уни кўп қилич сермади деб айта олмайман. Пхеньян ҳукумати тинч муносабат билдирди, деб айта олмайман. Улар бу ҳақда гапиришни истамагандан сўнг сиз ҳам бир томонлама иш қила олмайсиз-ку. Назаримда, дастлабки фикр муҳим аҳамиятга эга бўлди. Очиғини айтсам, мен бу ишни қилишни қанчалик ёмон кўрган бўлсам, шунчалик кўп одамлар мени, ёмон иш қиляпти, деб ўйлади. Шу ишни қилмасам, ҳозир бу ерда ўтирмаган бўлар эдим. Фикримча, у ҳам келишувга эришишни истайди, нимадир қилишни истайди.

Ван Састерен: Лекин нега?

Трамп: Чунки у биз нимагадир эришмоқчи эканимизни билади. У ўтмишда мана шу нарсани ҳис қилмаган. Ўтмишда бошқа одамлар бўлган ва бу иш бермаган. Лекин у ҳозир биз нимагадир эришмоқчи эканимизни билади. Биз нимагадир эришишни истаймиз ва эришамиз ҳам. Натижани кўриб турибсиз. Бу ишга киришганимизга кўп вақт бўлгани йўқ. Биринчи кундан бошлаб Шимолий Корея билан кескин оҳангда гаплаша бошладик. Бугун қўл қўйган ҳужжатимиз одамлар ўйлаганидан кўра катта ва кенг қамровли бўлди. Ҳеч ким шундай бўлишига ишонмаган эди.

Ван Састерен: У кетгандан кейин сиз ҳақингизда нима деб ўйлаган бўлиши мумкин?

Трамп: Бир-биримизга маъқул бўлдик, шекилли. Ўтмишда нима бўлса, бўлди. Ҳеч ким менга уни, қаттиққўл одам, деб айтмаслиги керак. У қаттиққўл киши бўлиши ёки бўлган бўлиши мумкин. Лекин биз тил топишдик. У жуда ақлли, ўз халқини, мамлакатини яхши кўради. Яхши ишлар қилгиси келади. Ҳозир қилаётган ишларидан мақсад ҳам шу.

Ван Састерен: Лекин у халқини оч қолдирди. Унга шафқатсиз муомалада бўлади. Ҳалиям халқини яхши кўради денг?

Трамп: У қилаётган ишларга яхшилаб қарасангиз, кўрган нарсасини қилаётганини кўрасиз. Лекин мана шу ишлар бошланганини кўриш учун бугун, кеча, икки ҳафта ортга қайтиш керак бўлади. Сафсата ва санкцияларни бир четга йиғиштириб қўйиб. Аммо тан олиш керак, санкциялар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Улар келишган ишларимиз амалга ошмагунча, ўз кучида қолади. Ҳозир вазиятни яхшироқ кўриб турибмиз. Санкциялар эса ядро қуролларини йўқ қилишни бошламагунимизча ёки йўқ қилгунимизча ўз кучида қолади.

Ван Састерен: “Америка овози” радиосини Шимолий Корея (КХДР) аҳолиси ҳам эшитади. Шимолий Корея ватандошларига қандай гапларингиз бор?

Трамп: Менинг уларга айтадиган самимий гапларим бор. Жаноб Ким ҳозироқ нимадир қилмоқчи, у билан яхши тил топишдик. Бир-биримизга маъқул келдик, мен ўзимга маъқул келган одамга қандай муносабатда бўлишимни биласиз. Бу – жуда муҳим. Баъзи одамларни биламан, нима иш қилса ҳам, ўртада илиқлик бўлмайди. Биз эса аввалбошланоқ бир-биримизни тушундик. Мен шу гапни айтдим. Назиримда, Шимолий Кореяни буюк ишлар кутмоқда.

Ван Састерен: Жаноб президент, суҳбат учун раҳмат. Вашингтондан йўлга чиққандан бери дам олмадингиз.

Трамп: Тўғри айтасиз. Вақт жуда чўзилиб кетди. Бир оз мизғиб олишим керак. Бир оз дам олиш лозим.

Ван Састерен: Албатта. Ортга сафарингиз бехатар бўлсин.

Трамп: Раҳмат, Грета. Хурсандман.


Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG