Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 06:56

АҚШ коронавирусга қарши кураш учун 1 трлн. доллар иқтисодий ёрдам ажратади


АҚШ сенатидаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннелл, 21 январь, 2020

АҚШ сенатидаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннелл конгресс музокарачилари 1 триллион доллардан ошиқ қийматга эга иқтисодий ёрдам пакети бўйича келишувга эришиш арафасида эканлигини айтди.

Ушбу ёрдам коронавирус пандемияси фонида Америка иқтисодини дастаклашни кўзлайди.

Икки кун давом этган музокаралар ортидан сўзлаган республикачи МакКоннелл:

- Кейинги икки кун ичида ҳар икки партия иштирокида ўтказилган музокаралар якунига етиб қолди. Ишонаманки, америкаликларни тез суратда ёрдам билан таъминлашимизга оз қолди, — деди.

Сенатда республикачилар етакчи партия бўлгани учун у ердаги кун тартибини МакКоннелл белгилайди

Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер ҳам келишувга эришилишига ишонишини таъкидлади.

- Сизнинг ширкатингиз ёпилгани ёки бошқа маълум сабабларга кўра ишлай олмаётган бўлсангиз, федерал ҳукуматдан маошингизни тўлиқ оласиз, — деди Шумер.

22 март куни ҳар икки партиянинг конгрессдаги етакчилари АҚШ молия вазири Стивен Мнучин билан учрашади. Ўша куни якуний келишув имзоланиши кутилмоқда.

Оқ уй ҳар икки партия аъзоларини фавқулодда ёрдам чорасини кўриш масаласида келишувга эришишга чорлаб келади. Президент Дональд Трамп бу режани зудлик билан имзолашини билдирган.

АҚШ расмийларига кўра, таклиф қилинаётган ёрдам чораси қиймати 1,4 триллион доллар бўлиб, Федерал резерв кўрадиган чоралар билан ёрдам кўламининг умумий қиймати 2 триллион долларга етиши мумкин.

Таклиф қилинаётган чоралар орасида америкаликларга 1200 доллар қийматга эга чекларни бериш ҳамда COVID-19 тарқала бошлаши ортидан ишсиз қолганлар ва маошини ололмаётганларга кўмаклашиш каби чоралар бор.

Шунингдек, конгресс аъзолари ҳаво ширкатлари ва коронавирусдан энг кўп азият чекаётган бошқа ширкатларга бериладиган ёрдамни муҳокама қилмоқда. Қолаверса, соғлиқни сақлаш муассасаларига ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунга қадар АҚШда 26 минг 747 нафар одам коронавирусга чалинди, уларнинг 340 нафари COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этди.

Калифорния, Нью-Йорк ва Иллинойс каби йирик шаҳарлар карантинга олинди, мамлакат бўйлаб мактаб, университетлар ёпилди ҳамда спорт ва маданий тадбирлар бекор қилинди.

Бошқа мамлакатлардаги каби АҚШ биржалари коронавирус пандемияси келтириб чиқариши мумкин бўлган иқтисодий бўҳрон хавотирлари туфайли қулади.

Калифорния ва Нью-Йоркда ўн миллионлаб одам уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса тижорий фаолиятлар деярли бутунлай тўхташига сабаб бўлди.

Карантинга олинган шаҳарларда озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи каби муҳим молларни харид қилиш учунгина кўчага чиқишга изн берилади.

Аммо ҳукумат тавсияларига ҳамма ҳам амал қилмаяпти. Хусусан, айрим пляж ва парклар ҳануз гавжум экани хабар қилинмоқда.

Хабарларга кўра, айрим ҳудудларда вирусни юқтирганлар сони кун сайин икки бараварга ошмоқда.

22 март ҳолатига кўра, Европа ҳануз COVID-19 пандемияси марказидир, қитъанинг аксар давлатларида фавқулодда вазият амалда.

Вирус юқтирганлар расмий сони 307 мингдан, ўлганлар сони эса 13 минг, тузалганлар сони эса 92 минг кишидан ошди.

XS
SM
MD
LG