Линклар

Шошилинч хабар
22 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 02:55

Аномал иссиқ - электрга чеклов, қимматлаган пропан ва қуруқ ваъдалар

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида "Болалар майдонча"ларига сув пуркалмоқда
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида "Болалар майдонча"ларига сув пуркалмоқда

Ўзбекистонда июль ойининг ўртасида кузатилаётган аномал иссиқ манзарасида электр энергияси етишмаётгани сабаб вилоятларда электр таъминоти чеклови жорий қилинмоқда.

Озодликка келаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолардан кўринишича, айрим касалхоналарда кондиционерлар ишламаяпти, вилоятларда электр таъминоти чекланмоқда, аҳолига эса пропан гази ойлаб етказилмаяпти.

Айни пайтда, мамлакатда ёнилғи ва электр энергия нархлари, бунинг ортидан эса озиқ-овқат нархлари ҳам фавқулодда ошиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий статистика қўмитасига кўра, июнь ойининг ўзида пропан гази нархи 11,3 фоизга ошган.

+48 даражагача иссиқ

Ўзбекистонда июль ойидаги аномал иссиқ яна бир бор мамлакатнинг иқлим, энергетика билан боғлиқ муаммоларини кун тартибига олиб чиқди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 46 даража, чўл зоналарида эса 48 даражагача кўтарилди. Бу кўрсаткичлар мавсумий меъёрдан 3–6 даража юқори ҳисобланади.

Бу эса, кузатувчиларга кўра, нафақат инсон саломатлиги, балки иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва шаҳар инфратузилмасига ҳам босимни кучайтирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги касалхонанинг жонлантириш бўлимида кондиционерлар ишламаётгани, беморлар жазирама иссиқда қийналаётгани айтилади.

Пахтаобод тумани касалхонаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:58 0:00

Электр истеъмолига яна чеклов

Ёзнинг жазирамасида Қашқадарёнинг икки туманида электр энергиясига мажбурий чеклов жорий этилди

Ўзбекистонда аномал иссиқ тўлқини давом этаётган бир пайтда, айрим ҳудудларда электр таъминотига вақтинчалик чекловлар жорий қилинди.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларидаги айрим истеъмолчилар ҳар куни икки соатдан электр энергиясидан узиб қўйилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, чеклов электр тармоқларида юзага келган ўта юқори юкламани камайтириш мақсадида жорий этилган.

Энергетика тизими мутасаддиларининг билдиришича, бу чора трансформатор ва электр узатиш ускуналарининг ишдан чиқиши ҳамда йирик аварияларнинг олдини олиш учун қўлланмоқда.

Бироқ мазкур қарор айни дамда, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 45–48 даражагача кўтарилаётган бир пайтда қабул қилингани, жамоатчилик ва тармоқ фойдаланувчилари эътирозларига сабаб бўлди.

Пойтахт Тошкент ҳам электр энергияси чекловидан четда қолмади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Иззатли", "Беруний", "Султонобод", "Кўҳна Қумариқ", "Садоқат", "Хонобод", "Хонтепа" каби маҳаллаларнинг айрим ҳудудларида свет ўчиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Яшнобод тумани Ҳаваскор кўчасида 2 кундан бери свет йўқ. Светга тел қилиб тушиб бўлмаяпти. Борсангиз заявка ёзиб кет деб ётибти. 2 кундан бери шу ахвол. Шуниям оммага олиб чиқинглар”, деб ёзади Тошкент турғуни Озодликка юборган шикоятида.

Ўзбекистонда 2024 йилда ҳам, ўтган йили ҳам қиш ва ёз ойларида энергетик коллапслар рўй берди, метан газ тақчил бўлди, яна жойлардаги аҳоли суткалаб электр энергиясидан маҳрум бўлди.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2025 йилнинг декабрида қилган чиқишида президент қўйган вазифаларни тўлиқ амалга оширгани, электр энергияси бўйича ҳеч қандай муаммо йўқлигини иддао қилган эди:

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Энергетика вазирлиги муаммоларни ҳал қилиш ўрнига генерация ва истеъмолдаги рекордлар бўйича мақтанишда давом этмоқда.

Иқтисодчига кўра, “энергетиклар светсиз жизза бўлиб ўтирган қарияларга, аёлларга, болаларга рекордлар жуда қизиқ, янги рекордлар учун роса дуо қилишаяпти, деб ўйлаётган бўлишиям мумкин”:

Чеклов муаммога ечим эмас

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилари электр таъминотини чеклаш муаммонинг ечими эмаслигини таъкидламоқда.

Бундайлар фикрича, энергетика тизимидаги юқори юклама йиллар давомида инфратузилманинг етарли даражада модернизация қилинмагани оқибати бўлиб, унинг оғирлигини истеъмолчилар зиммасига юклаш адолатли эмас.

Энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар аҳоли харажатларининг ошиши фонида кузатилмоқда.

Марказий банк маълумотига кўра, июнь ойида сезилган инфляция 10,2 фоизни ташкил этган.

Май ойига солиштирганда бензин ва ёнилғи, электр ва табиий газ, шакар ва қандолат, шунингдек, гуручнинг нархи юқори динамикада ошганини иқтисодчилар айтмоқда.

Жумладан, бензин июнь ойида ўртача ҳисобда бир ойда 3,9 фоизга, йил давомида эса 16,7 фоизга ошган.

Пропан бир ойда 11,3 фоизга, йил давомида эса 41,1 фоизга қимматлашди. Унинг энг юқори нарх чегараси бир литр учун 7800 сўмни ташкил этди. Метан нархи бир ойда 8,8 фоизга, йил давомида эса 10,1 фоизга кўтарилди.

Пропан газ қимматлади
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:03 0:00

Пропан газ таъминотида тақчиллик

Аҳолига етказиб бериладиган пропан газининг таъминотида ҳам ҳамон оқсаш кузатилмоқда. Одамлар уч-тўрт ойлаб газ баллони ололмаяпти.

Инстаграммдаги“Воҳа овози” нашрининг хабар қилишича, Қпшқадарё вилоят, Ғузор туманининг Тошгузар маҳалласи аҳолиси ҳам айни кунларда газ муаммосидан қийналмоқда.

Газ таъминотидаги узилишлар одамларни ёзнинг энг иссиқ кунларида яна анъанавий ўчоқларда овқат пиширишга мажбур қилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан Озодликка мурожаат қилган бу йигитнинг айтишича, эски трансформатор ва электр узатиш линиялари юкламага дош беролмай куйиб кетмоқда. Аҳоли эса тўрт кунлаб чироқсиз қолган пайтлар бўлган.

Аномал иссиқ - янги воқеалик

Мутахассислар иқлим ўзгариши оқибатида бундай аномал иссиқлар келгуси йилларда ҳам такрорланиши мумкинлигини айтмоқда.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 22 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасая бошлайди ва Тошкентда 33 даражага тушади. Аммо шанба кунидан бошлаб яна кўтарилади ва 39 даражага чиқиши мумкин.

Жанубий вилоятларда эса 42-43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.

Энергетика таъминотидаги муаммоларни фақат об-ҳаво, қор ёки ёмғир билан изоҳлаш, аксар экспертларга кўра, системали муаммони яширишга уринишдир.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713
This item is part of

Форум

XS
SM
MD
LG