Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 11:46

15 яшар невараси ўз акасидан туққани ортидан 66 яшар аëл ўзини ëқди


Андижон шаҳар Ишчилар маҳалласида яшаган 66 яшар аëл 31 март куни ўзига ўт қўйди ва 2 апрелда касалхонада жон берди.

Ўтган йили декабрда бу аёлнинг 9-синфда ўқийдиган невараси ўз акасидан туққани шов-шувларга сабаб бўлганди.

Исми сир қолишини истаган маҳаллий халқ таълими расмийларидан бирига кўра, инцест воқеаси шаҳар ҳокими томонидан кескин танқид қилинган. Озодлик суҳбатлашган маҳалладошларига кўра, ушбу оила маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳам қайта-қайта изза қилинган.

Воқеа юз берган Ишчилар маҳалласи фаолларидан бирининг Озодликка билдиришича, ўзига ўт қўйган аëл (марҳума ва унинг неваралари исми Озодликка маълум, ахлоқ қоидалари туфайли ошкор этилмаëтир – таҳририят) 3 апрель куни дафн қилинган.

Андижон шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, 66 яшар аëл ўз устига бензин сепиб ўт қўйган ва оқибатда 2 апрель куни олган жароҳатлари туфайли касалхонада жон берган.

“Бу иш ҳозир бизда эмас, шаҳар прокуратураси тергов қилаяпти. Барча делолар ўшаларда”, деди мулозим.

Андижон шаҳар прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийси телефон орқали бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Марҳуманинг исми сир қолишини сўраган қўшниларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ неварасининг ўз акасидан туққанига оид гап-сўзлар кўпайиб кетганига чидолмаганидан кекса аëл жонига қасд қилганини айтади.

“Декабрь ойида 6-мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида илк хабар пайдо бўлган эди. Ўшанда қиз кимдан ҳомиладор бўлгани айтилмаганди. Кейин маълум бўлишича, 15 яшар қиз ўз акасидан ҳомиладор бўлган экан. Кейин буларнинг каттабувисини ҳар жойга чақиртиравериб, роса сарсон қилишди. Синглисини ҳомиладор қилиб қўйган акаси ноябрь ойида Россияда ишлаётган онаси ёнига қочиб кетган экан. Яқинда бу қиз ўғил туғди. Кейин яна гап-сўз кўпайди. Шаҳар ҳокими ҳам ҳар мажлисда шу воқеани қайта-қайта эслайвериб, гап-сўзларнинг урчишига сабаб бўлди”, деди марҳума қўшниларидан бири.

Озодлик 2017 йил 18 декабрида Андижон шаҳридаги 6-мактаб 9-синф ўқувчисининг ҳомиладор экани аниқланиши ортидан шаҳар мактабларида қизларнинг бокиралигини текшириш кучайгани ҳақида хабар берган эди.

Ҳомиладор бўлган ўқувчи қиз оиласини яқиндан билган андижонлик ўқитувчилардан бири шахси сир қолиш шарти билан Озодликка шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг бу воқеа ҳақида мажлисларда жуда кўп гапирганига ўзи гувоҳ бўлганини билдирди.

“Ҳоким ҳар йиғилишда бу ҳақда гапирарди. “Мана 6-мактабдаги ўқувчи қиз каттабувисининг қўлида экан, каттабувиси мана бунақа экан, онаси Россияда экан, мана 8-синфда туғиб қўйди, шарманда”, деб ҳар мажлисда гапирарди. Каттабувини ҳокимнинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари, милиция, прокуратура чақиртиравериб, сарсон қилиб юборди. Бошқа томондан эса, одамларнинг ғийбати каттабувини адо қилди. Менимча, у бу гапларга бошқа дош беролмаган”, деди шаҳар мактабларидан бирининг директори.

5 апрел куни воқеага ойдинлик киритиш ва расмийлар фикрини ўрганиш мақсадида Озодлик Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўзи билан суҳбатлашишга уринди¸ аммо у билан бевосита боғлана олмади.

Ўзини Раҳматуллаевнинг ëрдамчиси Аббосбек деб таништирган ҳокимлик вакили бу воқеа ҳақида марҳума қўшниси ва мактаб директори Озодликка билдирган иддаоларни батафсил эшитди.

Сўнгра, ҳокимнинг иш билан ҳудудда юрганлиги ва барча гапларни унга етказиб жавоб олиши ва 6 апрелда қайта қўнғироқ қилишни сўради.

(Озодлик Андижон шаҳар ҳокимлиги билан 6 апрель куни боғланади ва Дилмурод Раҳматуллаев баëнот берган тақдирда¸ уни ушбу мақолага илова қилади - таҳр.)

Озодликнинг Ишчилар маҳалласи фаолларидан биридан олган маълумотига кўра, балоғатга етмаган синглисининг номусига тажовуз қилганликда айбланаётган ака¸ ҳомиладорлик аниқ бўлгандан кейин Россияга қочиб кетган¸ аммо март ойи бошида Россиядан қайтиб келган.

Маҳалла фаолининг айтишича, инцест содир қилганликда гумонланаëтган ака очиқда юриб, терговга қатнамоқда, улар онаси эса ҳануз Россияда - унинг яқин кунларда қайтиб келиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўринг (35)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG