Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 18:05

Андижонда 25 оила яшаб келган масжид учун қурилган бино кимошди савдосига қўйилди


Андижон шаҳри, Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилидаги иморат (суратда) 3 июнда кимошди савдосига қўйилади.

Андижон шаҳрининг Тахтакўприк маҳалласи, Дўстлик кўчасида масжидга мўлжаллаб қурилган бино кимошди савдосига қўйилди.

МИБ матбуот хизматига кўра, савдога қўйилган бино суд қарори билан масжид эмас, балки савдо ва маиший бино сифатида эътироф этилган. Бинони сотишдан мақсад - унинг эгаси, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказининг “Алоқабанк”дан қарзини узишдир.

Озодлик бу бинода кам таъминланган 25 оила антисанитария ҳолатида яшаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Андижонда масжид учун қурилган бино кимошди савдосига қўйилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:37 0:00
Бевосита линк

Сотувга қўйилган лот ва унинг нархи

Андижон шаҳри, Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилида жойлашган бино, Тахтакўприк маҳалласи аҳли вакилларининг айтишича, 1991 йилда Саудия Арабистони молиявий кўмаги ва халқ ҳашари билан масжид учун қурилган иморатдир.

Электрон аукционларни ташкил этиш маркази расмий сайтида эълон қилинган 0073202- лотга оид билдирувда Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилида жойлашган иморатнинг кимошди савдосига қўйилгани; савдо 3 июнда ўтказилиши; иморат нархи 767 500 000 сўм экани; савдо давомида нарх ошириб борилиши айтилган. Савдога қатнашиш ниятини билдирган потенциал харидорларнинг аризалари 1 июнгача қабул қилинади.

Бино кимники ва у нега сотилаяпти?

e-auksion.uz сайтида эълон қилинган билдирувда МИБ ижрочиси шу лот бўйича Давлат ижрочиси эканлиги айтилган.

Озодлик шунинг учун МИБга мурожаат қилди. Бюро матбуот хизматидан олинган маълумотга қараганда, Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилидаги иморат Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази балансидаги мулкдир.

МИБ хабарига кўра, суд қарорига биноан, қарздор “Eldaz Design” МЧЖ ва қўшимча жавобгар Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказидан “Алоқабанк” фойдасига 876 млн. 845 минг 369 сўм қарз ундирилиши керак.

“Андижон туманлараро иқтисодий суди 2019 йил, 25 февралда чиқарган ижро варақасига асосан қарздор “Eldaz Design”га тегишли “Шиша кошин” ишлаб чиқариш ускуналарига (бошланғич баҳоси 670.000.000 сўм) ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказига тегишли Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилидаги умумий фойдаланиш майдони 1.716,24 кв.м., қурилиш майдони 1.931,86 кв.м. бўлган 18 та хонадан иборат бўлган савдо ва маиший биносига (бошланғич баҳоси 767.500.000 сўм) қаратиш лозимлиги белгиланган”, дейилади МИБ матбуот хизмати маълумотномасида.

25 оила қаерга боради?

Озодлик 10 майда эълон қилган материалида Андижон шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан олинган маълумотга таяниб, собиқ Тахтакўприк масжиди биносига (Дўстлик кўчаси, 7-уй) кам таъминланган, турар-жойга муҳтож 25 оила жойлаштирилгани тўғрисида хабар қилган эди.

- Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон президенти қарорига асосан бу 25 оила ҳокимлик тасарруфидаги бинога вақтинча жойлаштирилган,- деган эди Кадастр корхонаси мулозими.

Масжид учун қурилган бинода шу кунда кам таъминланган 25 оила яшамоқда
Масжид учун қурилган бинода шу кунда кам таъминланган 25 оила яшамоқда

Озодлик 10 майда эълон қилган мақола бу бинога жойлаштирилган 25 оила антисанитария ҳолатида яшаётгани тўғрисида эди.

Эндиликда бино сотувга қўйилмоқда ва бу ерда яшаётган оилалар учун шу бошпанадан ҳам қуруқ қолиш хавфи пайдо бўлди.

Озодлик собиқ масжидда яшаётганлар билан боғлана олмади. Масжидга яқин яшайдиган маҳалла посбонларидан бирининг айтишича, одамлар жойидан қўзғалгани сезилаётгани йўқ:

“Масжидда яшайдиган бир таниш опахон бор. Бугун эрталаб ўтиб кетаётиб ҳам кўрдим. Саломлашдик. Ҳаммаси ўз жойида яшаётган бўлиши керак. Бир янгилик бўлса мен эшитардим. Ахир, ҳар куни ўтаманку у ердан?!”

Андижон шаҳар ҳокимлигининг телефонини кўтарган мулозим Озодликнинг ўрганилаётган бинога оид саволларини диққат билан эшитди. Барча саволлар бўйича тегишли мутахассислардан жавобларни йиғиб, уларни Telegram орқали юборишни ваъда қилди. Бироқ ушбу материал ёзилиб бўлгунича ҳам жавоб келмади.

МИБ матбуот хизмати Андижон шаҳар, Дўстлик кўчаси, 7- уй манзилидаги “савдо ва маиший бинода” яшаётган 25 оила тўғрисида бундай деди:

Улар шу кунда ўз жойида яшаб турибди. Ҳозирча ҳеч ким бинодан чиқарилмаган. Бино сотилиб, унинг янги эгаси оилаларни кўчиришни сўраб судга мурожаат қилса - агар фуқаролар ўз ихтиёри билан чиқмаса - ва суд бино эгасининг сўровини қондирса, МИБ суд қарорига биноан уларни бинодан чиқариши мумкин”.

XS
SM
MD
LG