Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2019, Тошкент вақти: 14:40

Андижондаги коллеж ўқитувчисига ўқувчини ҳақорат қилгани учун чора кўрилди


Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи. Сурат xabar.uz сайтидан олинди.

Андижон Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нурмуҳаммад Муталибовни 11 февраль куни психолог хонасига олиб кириб, 35 минут давомида ҳақоратлаган коллеж ўқитувчиси Рашидахон Хатамовага хайфсан берилди.

Коллеж директорининг Озодликка билдиришича, ўқувчи ҳақоратланаëтган пайтда вазиятни барқарорлаштирмаган коллеж психологи Гуласал Ботировага ҳам "дакки берилган".

Кўрилган чоралар тўғрисида коллежнинг исми айтилмаслигини сўраган директори Озодликка 18 февраль куни маълум қилди. Директорнинг айтишича¸ айб ўқитувчида бўлган:

- Мен ўша бола тарафидаман. Ота-оналар бизга ишониб топшириб қўйган фарзандларини ҳақорат қилишга ҳаққимиз йўқ. Ўша куни мен касалхонада даволанаëтган эдим. Воқеани эшитиб дарҳол мактабга етиб келдим. Касаба уюшма мажлисини чақириб ўқувчини ҳақоратлаган Рашидахон Хатамова хулқини муҳокама қилдик. У кишига хозирча хайфсан жазоси бердик.

Директорнинг айтишича¸ ўқувчининг ота-онаси бу чорани кам деб ҳисоблаган:

- Бўшатинг у ўқитувчини, деб талаб қўйди онаси. Мавжуд қонунчиликка кўра¸ мен унга олдин хайфсан беришим керак. Ота-онаси айтди, деб ўқитувчини дарҳол бўшатишимга қонун йўл қўймайди.

Ўқувчи Нурмуҳаммад Муталибовнинг ўзи Озодлик билан 18 февраль кунги суҳбатда уни ҳақорат қилган ўқитувчи онасидан кечирим сўраганини айтди:

- Ўқитувчи онамдан кечирим сўради. Менинг энди ўқитувчига эътирозим йўқ.

Нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 11 февралида Андижон Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида юз берган воқеанинг бир қисми ëзилган аудио 18 февраль куни Озодликка етиб келди.

Аудиода учта аëл битта ўқувчига дакки бераëтгани эшитилади. Тергаëтганлардан бири ўқувчини “ҳароми”¸ “етимча” дея ҳақорат қилади. Тарс-турс этган овозлардан ўқувчи бола калтакланганлигини тахмин қилиш мумкин. Озодлик коллеж директори¸ ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбат асносида воқеага ойдинлик киритди.

Исми айтилмаслигини сўраган коллеж ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда тафсилотларни гапириб берди:

- Ўша куни иккинчи пара дарсда 304- гуруҳ ўқувчиси Нурмуҳаммад Муталибов ўқитувчи Рашидахон Хатамова билан айтишиб қолди. Ундан сўнг ўқитувчи ўқувчининг қўлидан етаклаб биринчи қаватга олиб тушди. Биринчи этажда психологнинг хонасида у бола билан озгина жанжал бўлди. Психолог Гуласалхон Ботирова ва услубчи Умидахонлар болани ўртага олиб дакки беришди. Мактабда қўл телефони ишлатиш мумкин эмас. Аммо бу бола чўнтагидаги телефонни ëқиб қўйиб ҳаммасини ëзиб олиб онасига эшиттирибди. Онаси келиб шикоят қилди.

Ўқувчи Нурмуҳаммад Муталибовнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда бу аудиони “ўзини ҳимоя қилиш учун ëзиб олганини” айтди:

- Мен ëзиб олдим аммо фақат онамга эшиттирдим. Аудиони тарқатмадим. Лекин коллеждан кўнглим совиди. Мана бугун ҳам коллежга бормадим.

Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганмиди?

Нурмуҳаммад яқинларининг Озодликка айтишича, бўлиб ўтган воқеадан кейин ўқувчи ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Нурмуҳаммад “ҳақорат жонидан ўтиб кетгани боис, ўз жонига қасд қилишга уринганини айтди:

- Акажон энди ҳаммаëқдан ëмонланиб кетгандан кейин одам тушкунликка тушар экан. У ëққа борсам, устоз сўкади. Уйга келсам, онам тергайди. Нега томоғингнинг таги тирналган¸ кўзингнинг олди кўкарган нимага¸ нима бўлди деб сўкади. У ëқда маънавиятчи сўкади. Кўчадаги посбон ҳам бармоғини менга ниқтаб "тўғри юр"¸ дейди. Нима, мен ҳамма сўкадиган нишонманми? Тўйдим бу ҳаëтдан деб ўзимни ўлдирмоқчи бўлувдим, онам тўхтатиб қолди.

Андижон Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Озодлик билан суҳбатда бу ўқувчининг руҳий реабилитацияси учун барча ишлар қилинишига ваъда берди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG