Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 06:49

Ички ишлар вазирлиги Мирзиëев амнистияси бўйича жонли мулоқот ўтказади


Тошкент вилояти, Зангиота туманида қурилаётган янги қамоқхона.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Олий Мажлис Сенати 2016 йил 12 октябрь куни қабул қилган амнистия бўйича қарор ижроси билан боғлиқ мамлакат аҳолисини ўйлантираётган саволларга жавоб бериш учун келаси ҳафта интерактив мулоқот ўтказишни режаламоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозимининг Озодликка маълум қилишича, фуқаролар 19 январь куни 10.00 дан 13.00 гача “қайноқ линия” орқали ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишлари мумкин.

“Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Жазони ижро этиш бош бошқармасидан мутахассислар ўша куни интерактив мулоқотда қатнашади ва амнистия бўйича одамларни ўйлантираётган саволларга жавоб беришади”, - деди Ўзбекистон ИИВси матбуот хизмати мулозими.

Ўзбекистон Сенати 12 октябрь куни муваққат президент Шавкат Мирзиëев таклифига биноан Амнистия тўғрисида қарор қабул қилди ва декабр ойидан мазкур қарор ижросига киришилди.

Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган авф тўғрисидаги қарор, аёллар, жиноятни содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркакларни қамоқдан озод этишни кўзда тутади.

Бундан ташқари қарорда¸ "тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилинган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар”га ҳам амнистия қўлланилиши айтилган.

Ҳозирча қанча маҳкумнинг мазкур амнистияга тушгани жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Ноябрь ойида қарийб 24 йил қамоқда ўтирган сиëсий маҳкум Самандар Қўқонов сўнгги амнистия қарори асосида озодликка чиқарилди.

Ҳозирча мамлакат қамоқхоналаридаги ўнлаб бошқа сиёсий маҳкумга нисбатан авф қарори қўлланилган ëки қўлланилмаганига оид аниқ маълумот йўқ.

1999 йилдан бери қамоқда қолаëтган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон устидан декабрь ойида иккинчи маҳкама бўлиб ўтгани ва 63 яшар бу маҳкумнинг қамоқхона маъмуриятига бўйсунмасликда айбланиб, жазо муддати яна узайтирилиши мумкинлиги хабар қилинди.

Қамоқхоналарни ўрганиш халқаро марказининг 2016 йилда эълон қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 44 мингга яқин маҳбус бор.

Ҳар юз минг аҳоли жон бошига нисбатан 150 тадан маҳбус тўғри келади ва бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 101 ўриндадир.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини инкор қилиб келади.

“Бизда сиёсий маҳбус деган нарса йўқ. Жиноятчилар бор ва улар қамоқда ўтириши керак”, - деди ИИВси матбуот хизматининг 10 январь куни Озодлик боғланган мулозими.

Ўзбекистон янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг амнистия бўйича 19 январь кунги очиқ мулоқоти ана шу сана муносабати билан ўтказилажак тадбирлардан бири экани айтилмоқда.

ИВВ Ахборот хҳизматига кўра, мулоқотда қатнашмоқчи бўлганлар +998 71-231-35-53, +998 71-231-47-82 номерларига қўнғироқ қилиб амнистия борасида ўзларини қизиқтирган саволларни кучишлатар тизимлари мутахассисларига беришлари мумкин.

XS
SM
MD
LG