Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2021, Тошкент вақти: 11:19

Аллақулов яна сўроққа чақирилди. У шахсий маълумотларни тарқатганларга чора кўришни сўрамоқда


Андижондаги 7,5 соат давом этган сўроқ жараёни ҳақида Озодликка Аллақуловнинг ўзи маълум қилди

Янги тузилаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббус гуруҳи раҳбари, профессор Хидирназар Аллақулов 2 март куни Жиноят кодексининг 141, прим 2-моддаси (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида иккинчи марта сўроқ қилинган.

Андижондаги 7,5 соат давом этган сўроқ жараёни ҳақида Озодликка Аллақуловнинг ўзи маълум қилди.

У Андижон вилоят ИИБси терговчисидан партияга хайрихоҳларнинг шахсий маълумотларини ижтимоий тармоқларда эълон қилган блогерни жавобгарликка тортишни сўраганини айтмоқда.

“Вазирнинг куёви М. ва яна бир блогер (Аллақулов вазирнинг ва унинг куёви исм-фамилияларини айтди - таҳр.) партиямиз фаолларининг ҳужжатлари суратини ижтимоий тармоқларда эълон қилибди. Хўш, улар нимага асосланиб эълон қилган? Паспорт эгаларининг розилик хатини олганми улар? Бу бир. Иккинчидан, бу икки шахс эълон қилган паспортлар суратларини қаердан олган? Шу саволларга жавоб топишингизни ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддаси талабларига биноан (22-модда. Ҳақиқатни аниқлаш - таҳр.) ҳуқуқий баҳо беришингизни бу иш бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинаётган фуқаро сифатида талаб қиламан, дедим”, - деди янги тузилаётган партия етакчиси.

Бу Аллақуловнинг Андижонга иккинчи марта чақирилиши. 26 февраль куни унинг Тошкентдан Андижонга машинага босиб олиб кетилиши ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Аллақуловнинг уйини қуршаб олган ходимлар у ва яқинларига куч ишлатгани айтилганди.

65 ёшлиАллақулов Булоқбоши туман ИИБ га олиб борилган ва 27 февраль кеч соат 10 гача терговчи саволларига жавоб берган.

У Жиноят кодексининг 141-моддаси прим 1-қисми (шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш)га оид иш юзасидан гувоҳ сифатида тергов қилинган.

“М.Э.га унинг опаси ва синглиси паспорт фотонусхаларини Телерамга ташлаб берган. Лекин терговчи бу ҳужжатларни бошқа шахслар ҳам эълон қилган, шу сабабли уларнинг ҳуқуқлари бузилган, деяпти”, - деган эди Аллақулов 27 февраль куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик 3 мартда Аллақулов айтган М.Э. - Муҳаммадамин Эрматов билан боғланди.

"Опа-сингилларимни ИИБга чақиртириб, қўрқитишди"

Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, 29 январь куни партия ташкилий қўмитаси тузилганида унинг опа-сингиллари йиғилишни ижтимоий тармоқлардан кўрган. Хайрихоҳлик билдиришган. Шундан сўнг улар Телеграмимга паспорт суратларини ташлаб берган ва партия тарафдори эканликларини билдиришган.

Шундан сўнг, Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, унинг қариндошларига босим бошланган:

"Орадан бир неча кун ўтгандан кейин уларни ИИБга чақиришган. Уларга Тошкентдаги қариндошинг, яъни мен, давлат тўнтариши қиляпти деган. Буни эшитган аёллар қўрқиб кетган. Войдод биз бундай партияни билмаймиз дейишган. Қариндош-уруғнинг орасида ваҳима бўлиб кетган. Мен ўша куниёқ кечқурун Булоқбошига етиб бордим. Ҳаммаси воз кечди. Битта синглим воз кечмади ва ҳатто ўз танловидан воз кечмаслигини билдириб, ИИБда ёзиб бергани тушунтириш хатидан воз кечиб видеомурожаат ёзиб берди".

Маълум бўлишича, Муҳаммадамин Эрматовнинг синглисининг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда 11 февралдаёқ эълон қилинган.

Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, аввалига партияни қўллаган, ИИБга чақиртирилганидан кейин сўзидан қайтган опа-сингиллари рўйхатни кўпайтириш учунгина исмлари ёзилган оддий уй бекалари эмас. Улардан бири, масалан, қишлоқ кенгаши ва колхоз раиси бўлиб ишлаган аёлдир.

"Опа-сингилларимнинг паспорт суратларини М.М. деган одам (исм-фамилияни тўлиқ айтди, Озодлик М.М.нинг ўзидан изоҳ олишга улгурмагани учун очиқламаяпти- таҳр.) менинг Телеграм каналимдан олиб, Фейсбукка қўйган".

Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, 25 февралда унинг Тошкентдаги уйида бир неча соат давомида тинтув ўтказилган, ўзи тинтувдан сўнг Олмазор туман ИИБга олиб борилган, кейин эса, Андижонга олиб кетилган. Паспорти ва телефонини терговчилар олиб қўйган. Опа-сингилларининг паспорт суратлари ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши юзасидан очилган жиноят иши доирасида у гумонланувчи сифатида сўроққа чақиртирилмоқда.

Жавобини кутаётган саволлар

  • Нега аёлларнинг паспорт суратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб юборган шахс(лар) жавобгарликка тортилмай, суратларни Телеграмидан ўғирлатганини айтаётган, боз устига ўша суратлар тааллуқли бўлган аёлларнинг қариндоши жавобгарликка тортиляпти?
  • Суратлар Муҳаммадамин Эрматовнинг Телеграмидан ўғирланган бўлса, уларни ижтимоий тармоқларда бошқа шахс(лар) эълон қилган бўлса, бу ишга Хидирназар Аллақуловнинг нима алоқаси бор?

Озодлик Андижон ИИБ сидан ҳозирча бу саволларга жавоб ололмади.

Умидлар сўнмоқда

The Diplomat нашри 2 март куни Хидирназар Аллақулов атрофидаги вазиятга доир мақола чоп этди. Нашрнинг ёзишича, ҳокимиятнинг мухолиф сиёсатчига нисбатан муносабати Ўзбекистонда адолатли сайловларга бўлган умидни сўндирмоқда.

"Хабарларга қараганда, ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистонда мухолифатчи сиёсатчи қўлга олинган ва унинг расмий қайддан ўтказилмаган партиясининг қурултойини ўтказиш режаси барбод бўлган. Бу воқеа жорий йил охирида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайлови эркин ва адолатли бўлишига нисбатан заиф умидни янада кучсизлантиради", деб ёзди нашр.

Натижаси ҳозирданоқ маълум сайлов

Афтидан, расмий Тошкент учун жорий йил октябрида бўлиб ўтадиган президент сайловида ким ғалаба қилиши ҳозирданоқ кундай равшан.

ТАСС ахборот агентлигининг хабар қилишича, 2 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ўтказган сўзлашувлари чоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга бўлажак ташрифи ҳақида гапираркан, "ташриф сайловлардан олдин ёки кейин" амалга ошиши мумкинлигини айтган.

“Албатта, икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги энг муҳим масала (Ўзбекистон президентининг Россия Федерациясига - ТАСС изоҳи) ташрифдир. Биз ўзаро учрашувлар, тўлақонли ташриф бўлишини истардик. Бу масалани яна кўриб чиқамиз ва сизлар билан маслаҳатлашамиз. Устига устак, октябрда президент сайлови ўтиши керак. Агар унгача (ташрифни уюштиришга – ТАСС изоҳи.) улгурмасак, сайлов ўтиши биланоқ биринчи ташрифни амалга оширишни таклиф қиламиз”.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев жорий йил октябридаги сайловлар билан боғлиқ режаларини эълон қилмаган.

Аммо кўпчилик унинг иккинчи муддатга ўз номзодини қўйиши ва ғалаба қилишига шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG