Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:04

Алламжоновга суиқасд: Отабек Умаров ишдан олинди


Отабек Умаровнинг Президент давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари лавозимидан бўшатилгани ҳақида ҳануз расмий хабар эълон қилингани йўқ.
Отабек Умаровнинг Президент давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари лавозимидан бўшатилгани ҳақида ҳануз расмий хабар эълон қилингани йўқ.

Комил Алламжоновга суиқасддан бир ой ўтиб, Отабек Умаров Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

Умаровнинг ишдан олиниши Алламжоновга суиқасд фигурантларидан бири Жавлон Юнусов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 25 ноябрь куни содир бўлди.

Юнусов номи илк бор Озодлик суриштирувида янграганди.

Озодлик суриштирувлари Президент давлат хавфсизлик хизматининг де-факто раҳбари бўлган Отабек Умаровни у раҳбари бўлгани иддао қилинган норасмий “Офис” орқали Комил Алламжоновга суиқасд ижрочиларига боғлаганди.

Расмий тергов Отабек Умаров ёки ҳукуматдаги бошқа бирон мулозимнинг суиқасддаги ролига ишора қилмаган.

25 ноябрь куни кечқурин эълон қилинган расмий хабарга кўра, Отабек Умаров Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган.

Озодлик манбалари Умаровнинг бундан кейинги фаолияти спорт соҳаси билан чекланишини айтишмоқда.

Аммо расмий хабарда Отабек Умаровнинг Президент давлат хавфсизлик хизматидан кетгани борасида лом-мим дейилмади.

Отабек Умаров ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон ва Осиё спорт тузилмаларида қатор юқори лавозимларни эгаллаган.

Расмий идоралар ҳозирча бу борада бирон маълумот бергани йўқ.

Президент давлат хавфсизлик хизмати тузилмаси ҳақида батафсил маълумот очиқ манбаларда йўқ.

2018 йил январида ташкил этилган ПДХХ фаолияти 2021 йил майигача давлат раҳбарининг ёпиқ қарорлари асосида тартибга солиб келинган.

2021 йил 29 май куни Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати «Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни қабул қилган.

Унда Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув ва бошқа тадбирларни амалга ошириши белгилаб қўйилган.

2020 йилдан Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизматига муқаддам ДХХ раисининг ўринбосари бўлган Алишер Усмонов раҳбарлик қилади.

Отабек Умаровнинг истеъфоси ҳукумат, ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидаги қатор истеъфолар ортидан юз бермоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Жавлон Юнусов ва унинг фуқаровий хотини экани айтилган Наталья Фен. Видеографика
Жавлон Юнусов ва унинг фуқаровий хотини экани айтилган Наталья Фен. Видеографика

Бош прокуратуранинг 25 ноябрь куни эълон қилинган расмий баёнотида Комил Алламжонов номи биринчи марта тилга олинди.

Баёнотда ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллангани, шунингдек 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилингани айтилади.

"Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилди", дея маълум қилган Бош прокуратура.

26 октябрь куни Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўтирган машина Қибрай туманида номаълум шахслар томонидан ўққа тутилганди. Бош прокуратура ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини айтган ва уни "суиқасд" деб атаган.

Озодлик суриштирувида ўртага чиққан ном

Жавлон Юнусов номи илк бор Озодликнинг Алламжоновга суиқасд юзасидан ўтказган суриштирувида ўртага чиққан эди.

36 яшар Жавлон Юнусов Озодликнинг дастлабки суриштирувидан кейин Интерпол қидирувига берилган ва у Жанубий Кореяда ҳибсга олинган.

Озодликнинг Тошкент ва Сеулдаги манбалари Юнусовнинг Ўзбекистонга экстрадицияси пайсалга солинаётганини билдиришганди.

Озодлик манбалари Жавлон Юнусов фуқаровий хотини Наталья Фен орқали президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров ҳамда унга алоқадорлиги иддао қилинган Тошкентдаги "Офис"га боғланганини айтишган.

Ҳукуматдаги манбалардан бири Юнусовни Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” эканини иддао қилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари 23 ноябрь куни президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров шошилинч тарзда Жанубий Кореяга учиб кетгани ва унинг сафари Юнусов экстрадицияси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтишганди.

Ҳукуматдаги манбанинг иддаосича, Жавлон Юнусовни ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига топширилишига эришиш орқали Умаров Алламжоновга суиқасд ортидан ўз шахси атрофида пайдо бўлган шубҳаларни аритишни мақсад қилган.

Озодлик суриштирувлари Жавлон Юнусов Комил Алламжоновга қарши суиқасд ижрочилари билан суиқасднинг эҳтимолий буюртмачилари ўртасида муҳим бўғин бўлиши мумкинлигини ўртага чиқарганди.

Фарғонадаги "Сеул"дан Ж. Кореядаги Сеулга

Расмий ҳужжатга кўра, 36 яшар Жавлон Юсупов Жиноят Кодексининг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 105 -моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан бир неча бор судланган.

Аммо судланганлик айблови Юнусов бизнесининг гуллаб- яшнашига ҳалақит қилмаган.

Очиқ реестрдаги ҳужжатларда Жавлон Юнусов Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган жами 18 та компаниянинг таъсисчиси эканини кўриш мумкин.

Ҳозирда Юнусовга тегишли 15 та компания фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг айримлари фармацевтика билан боғликлиги маълум.

Тошкентдаги манбаларга кўра, Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда ҳибсга олингач, унинг Тошкентдаги бизнесларига рейдлар ўтказилган.

Юнусовнинг тадбиркорлик фаолиятидан яхши хабардор манбаларга кўра, унинг Жанубий Кореяда ҳам бизнеслари бўлган. Жумладан, у Сувон шаҳридаги пластик товарлар ишлаб чиқарувчи JV Korea ширкати билан ҳамкорлик қилиб келган. Юнусов 2018 йилда таъсис қилган ABU BAKR PRODUCTION фирмаси пластик қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Кореядаги Озодлик манбаларига кўра, Жавлон Юнусовнинг Сеул шаҳрида ҳам бир қанча кўчмас мулклари бор.

Манбалар Юнусовнинг Кореяда ошиғи олчи бўлишида унинг фуқаровий хотини экани айтилаётган Наталья Феннинг ҳиссаси катта эканини айтишган.

Наталья Фен Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси, марҳум Виталий Феннинг қизи бўлади.

Виталий Фен 1996 йилдан 2013 йилга қадар Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги бош дипломати лавозимида ишлаган.

Юнусовнинг фуқаровий хотини экани айтилаётган Наталья Фен отаси Жанубий Кореяда элчи бўлган пайти Сеулда яшаган.

Манбаларнинг таъкидлашича, ўша йилларда Кореяда оиласи билан бирга яшаган президент Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева Наталья Фен билан яқин дугона бўлган.

Манбалар бу яқинлик улар Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ҳам давом этганини айтишади. Шаҳноза отаси ҳокимиятга келгач, қайси лавозимда ишламасин, дугонаси Наталья Фен ҳам у билан бир ерда ишлаб келган.

Айни пайтда Жавлон Юнусовнинг фуқаровий хотини экани айтилаётган Наталья Фен Қибрайдаги суиқасд иши доирасида ҳибсга олинган.

Бу хабарни Озодликка ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил икки манба тасдиқлади.

Манбаларга кўра, Наталья Фен ўтган ҳафта ҳибсга олинган. У ноябрь ойи бошида терговга чақирилиб, кўрсатма олиниб, қўйиб юборилганди.

Қибрайдаги суиқасд саҳнасидан яширинишга муваффақ бўлган ва Озодлик суриштирувида Фарғона водийсига қочгани ўртага чиққан Шоҳруҳ Аҳмедов билан шериги ўтирган машина Наталья Фен оиласига қарашли Фарғонадаги “Сеул” кафеси ёнидан топилган.

Озодликнинг ҳуқуқ-тарибот идораларидаги манбаларига кўра, Қибрайдаги суиқасд ишида Наталья Феннинг фуқаровий эри экани айтилаётган Жавлон Юнусов суиқасд ижрочилари ҳаракатини мувофиқлаштиргани гумон қилинмоқда.

Алламжоновга суиқасд ижрочилари эканига иқрор бўлган икки шахсдан бири- Шоҳруҳ Аҳмедов бўлиб, Озодлик суриштируви унинг Кореяда ушланган Жавлон Юнусовнинг қўриқчиси ва ҳайдовчиси эканини ўртага чиқарган.

Аҳмедов муқаддам Туркияда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров танқидчисига суиқасд режасида айбланиб судланган, аммо кейинроқ озодликка чиқарилган.

Турк матбуоти у ва яна етти нафар чеченистонлик айбланувчиларнинг озод этилишини Рамзан Қодировнинг шахсий аралашувига боғлаган.

Шов-шувли сиёсий қотилликда гумон қилинган Аҳмедовнинг қандай қилиб Ўзбекистонда бемалол юргани ҳақидаги саволларга ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари жавоб берганича йўқ.

Аммо уни Туркия қамоғидан олиб чиққани иддао қилинган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Алламжоновга суиқасдда чечен изи борлиги ҳақидаги фаразларни рад этиб чиқди.

“Ғарбпараст ва айрим мухолифатчи ОАВлар тергов натижасини кутмасдан воқеада “чеченлар изи бор” деган тахминни пуфлаб шиширишди, кейин эса “из” гўёки менга олиб келишини иддао қила бошладилар. Бу иғво хабарларга жавоб бермоқчи эмасман... Фақат шуни қўшимча қиламанки, агар мен ростдан ҳам ниманидир режалаганимда ишни охирига етказмай ва 100 фоизлик натижага эришмай қўймасдим”, деган Қодиров Телеграм-каналидаги баёнотда.

Рамзан Қодиров бошқа давлат - Ўзбекистонда президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга қарши уюштирилган суиқасд борасида Озодлик ўтказган суриштирувга тезкор ва ўзига хос услубда таҳдидкор муносабат билдираркан, суриштирувда номлари тилга олинган Отабек Умаров ва бошқалар сукут сақлашда давом этмоқда.

Умаров Озодликнинг бундан олдинги мурожаатларини жавобсиз қолдирган.

Суиқасддан бир кун ўтиб, парламент сайловида овоз бергани акс этган суратни тармоқларга жойлаган Комил Алламжоновнинг ўзи ҳам суиқасд юзасидан бирон баёнот бергани йўқ.

Озодликнинг Комил Алламжоновга боғланиш ва ундан у ёки бу кўринишда изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Суиқасддан кейинги "тозалашлар"

23 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ДХХ раиси Абдусалом Азизовни ишдан олди.

ДХХ янги раиси этиб 2019 йилдан буён Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Баҳодир Қурбонов тайинланди.

Азизов истеъфосининг расмий сабаби ҳанузгача номаълум. Озодлик манбалари унинг Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғлиқ эканини айтишмоқда.

Бир вақтнинг ўзида ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари истеъфога чиқарилган.

Расмий манбалар ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров, унинг укаси, Бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ДониёрТашходжаев, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғининг ўринбосари - Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адхамов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собировларнинг ишдан олингани ҳақида Озодлик 23 ноябрь куни эълон қилган хабарни тасдиқлади.

Озодлик манбаларига кўра, куч тизимларида раҳбар лавозимларда ишлаган бу шахслар Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан олиб борилаётган терговга тўсқинлик қилгани учун ишдан олинган. Уларнинг кейинги тақдири борасида маълумот йўқ.

23 ноябрь куни лавозимидан четлатилган ДХХ раиси Абдусалом Азизов эса янги лавозимга тайинланмаган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Асадовнинг расмий телеграм-каналида ёзишича, генерал-лейтенант Азизов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги "Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилган".

Озодликнинг ҳукуматдаги манбасига кўра, бу Азизовнинг "заҳирага олингани"ни англатади.

Азизов лавозимдан четлатилиши ортидан Ўзбекистондаги қатор телеграм-каналлар, жумладан, ДХХнинг расмий XAVFSIZLIK телеграм-канали Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига "тайинлангани" ҳақида ёзган эди. 24 ноябрь куни бу хабар ДХХ расмий телеграм-каналидан олиб ташланди.

64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.

Ички ишлардан чиққан Азизов 2019 йил февралида ДХХ раиси этиб тайинланганди.

Унинг ўтмишдоши, прокуратурадан чиққан Ихтиёр Абдуллаев ДХХга бир йил раҳбарлик қилгани ортидан 2019 йилда ҳибсга олинган ва давлатга хиёнатда айбланиб 18 йилга қамалган.

Ўзбекистон махсус хизматларини энг узоқ вақт - қарийб чорак аср давомида бошқарган генерал Рустам Иноятов 2018 йил бошида нафақага чиқарилган бўлса-да, ДХХ ва Ўзбекистон сиёсатига таъсирини сақлаб қолган деб ишонилади.

Иноятов ишдан олинган мажлисда президент Мирзиёев давлат хавфсизлик хизмати ўзининг вазифаси - давлатнинг хавфсизлиги билан шуғулланиши кераклигини айтган ва уни ислоҳ қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида ДХХ Ўзбекистондаги ҳеч ким ҳисоб бермайдиган энг қудратли ва репрессив аппарат бўлишда давом этган.

Форум

XS
SM
MD
LG