Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Аҳмадбойнинг қўлга олинганига 4 ой тўлди, куйган мижозлари умид билан яшамоқда


Молиявий пирамида тузган чинозлик тадбиркор Аҳмадбой Турсунбоев фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинганига роппа-роса 4 ой бўлди. Расмий идоралардан олинган маълумотга кўра, ҳозирда тергов иши давом этаяпти ва Турсунбоев иши бўйича маҳкама янги йилдан бошланиши режаланган.

“Аҳмадбой иши бўйича маҳкама янги йилда бошланади”

38 яшар Аҳмадбой Турсунбоев иши бўйича тергов жараёни давом этаётгани ҳақида Озодликка маълум қилган ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, тергов йил охирига қадар тугаши ва янги йил бошида маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Ўзбек телеканалларида намойиш этилган ҳужжатли фильмларда келтирилган расмий айбловга кўра¸ Аҳмадбой Турсунбоев сўнгги беш йил давомида одамлардан икки баробар қилиб қайтариш шарти билан катта маблағларни ноқонуний равишда олиб келган. Бу маблағнинг жами миқдори қанчалиги тергов тугагач аён бўлиши кутилмоқда.

Ҳуқуқ- тартибот идоралари ҳисоб-китобича, Аҳмадбой мижозлари сони жами 45 минг атрофида бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи ариза билан расмий идораларга мурожаат қилган.

“Аҳмадбой мижозлари пули тақдири ҳануз номаълум”

Ҳозирча Турсунбоев ишига алоқадор расмий идоралар Аҳмадбой мижозлари пулларининг эгаларига қайтарилиш-қайтарилмаслиги борасида бирор расмий билдириш эълон қилгани йўқ.

Аҳмадбой ҳақида тайёрланган телекўрсатувларда ҳам унинг мижози бўлган одамларнинг пуллари тақдири ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмади.

6 октябрь куни Бош прокуратура вакили Алимардон Аҳмадов “Ҳуқуқ” газетаси орқали қилган чиқишида айтишича, молиявий пирамидага “пул тиккан фуқароларнинг 5-10 фоизигина ўз маблағини қайтариб олиши мумкин”.

Лекин Аҳмадов бу маълумотни келтирар экан, Аҳмадбой Турсунбоев билан боғлиқ жиноят иши тафсилотларига, тўхталмаган.

Аҳмадбой пирамидасига пул тиккан ўн минглаб кредитордан айримлари бугунга келиб ўз пулидан умидини узган, бироқ бор-будини тикканлар орасида ҳали ҳам пули қайтарилишига ишонаётганлар ҳам оз эмас.

“Аҳмадбой деб амаким хотини билан ажрашди”

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қумовул қишлоғида яшовчи ўзини Шавкат деб таништирган йигитнинг айтишича, “Аҳмадбой васвасаси” туфайли амакисининг турмуши барбод бўлган. Шавкат амакисининг исми-шарифини очиқламаслик шарти билан Озодликка сўзлаб берди:

“Амаким 6 йилдан буён Россияда мардикорлик қилиб, уй олиш учун пул йиғаётган эди. У ҳар ой ишлаб топган пулини уйига хотинига жўнатиб турган. Улар Бектемирда ижарада туришади. Кеннойим Аҳмадбой пирамидаси бошлангач, амакимга билдирмасдан йиғиб қўйган пулини Аҳмадбойга олиб бориб берган. Орада бир марта озгина фоиз олган. Кейин ярим йилдан кейин яна йиғилган пулни олиб бориб Аҳмадбойга берган. Ҳаммаси бўлиб 13 минг доллар пулни Аҳмадбойга берган. Аҳмадбой қамалгач, кеннойим нима қилишини билмай, вазиятни қайин укасига тушинтирган. Ёзда амаким Россиядан келиб, кеннойим билан ажрашди. Битта боласи бор эди, уни ҳам кеннойимга бермасдан, ўзи билан олиб қолди”, дейди ўртачирчиқлик Шавкат.

"Онам Аҳмадбой қамалгач инфаркт бўлди"

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи ўзини Нигора деб таништирган қизнинг айтишича, акаси 16 минг доллар пулни Аҳмадбойга берган ва Турсунбоев ҳибсга олингач, онаси буни юарагига яқин олиб, касал бўлиб қолган:

"Акам машинасини сотиб, янги машина олмоқчи эди. Шу орада Аҳмадбой ҳақида ўртоқларидан эшитиб, онамга келиб пулни Аҳмадбойга бермоқчилигини айтган. Онам қаршилик қилган, лекин акам 16 минг долларни Аҳмадбойга берган. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан уни қамашди. Буни онамдан яширгандик. Ўзи мазалари яхши эмасди. Кейин телевизорда берилган кўрсатувни кўриб қолган ва ўша куни инсульт бўлдилар. Анча вақт касалхонада даволатдик. Лекин чиққач яна аҳволи оғирлашди. Акам таксистлик қилиб оиламизни боқарди. Мен турмушга чиқиб кетганман. Отамиз ажрашиб кетган. Онам, акам, кеннойим ва икки жияним шу такси орқасидан кун кўришарди. Онам кейинги йил пенсияга чиқади. Бирор жойдан келадиган пул йўқ. Мен ҳам ўз оиламдан ортмайман. Шуларни ўйлаб онам сиқилаяптилар. Амнистия чиққанини эшитиб, шу Аҳмадбой ҳам амнистияга тушса, зора акамнинг пулини қайтариб олсак, деб умид қилаяпмиз", деди тошкентлик Нигора.

“Аҳмадбойга машина берган ўғлим “алкаш” бўлиб қолди”

Чорсу бозорида овқат сотиб тирикчилик қиладиган тошкентлик аёл Озодлик билан суҳбатда Аҳмадбойга машина бериб, “куйган” ўғлининг бугунги аҳволидан хавотир билдирди:

“Мен тўрт фарзанднинг онасиман. Чорсу бозорда овқат сотиб кун кўрамиз. Анча йиллардан бери йиғиб юрган пулимга ўғлимга арендага машина олдик. Бир йилдан кейин аренда пулини тўлаб, машина ўзимизга қолди. Шу Аҳмадбой чиққач, ўғлим “40 кундан кейин пул олишни бошларканмиз” деб машинани Аҳмадбойга олиб бориб берди. Машинани олиб борганига 10 кун бўлгач, Аҳмадбойни маски-шоу босиб, бизни ҳам машинамизни олиб қўйишди. Шунча йил давомида йиғиб-терган пулим ҳавога учдими, ўзимиз зўрға етишган эдик неча йил давомида. Ўғлим ҳам жиннидай бўлиб қолди. Кўп ичадиган бўлиб қолди. Унинг аҳволидан хавотир олаяпман. Энди нима қиламиз? Машинамизни қайтаришса яхши бўларди”, дейди тошкентлик аёл.

Озодликка аввал бўлган мурожаатларда Аҳмадбой кредиторлари орасида ақлдан озаëтганлар, ўзи осганлар ҳақида айтилганди.

Шу йилнинг июнь ойида Аҳмадбой молиявий фирибгарликда айбланиб қўлга олинган, ўшанда унга тегишли эканлиги айтилган жами 12 миллион нақд доллар мусодара этилган эди.

Турсунбоев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG