Линклар

Шошилинч хабар
03 июн 2020, Тошкент вақти: 11:07

Тупроқни ўрганиб¸ тупроққа кетган олим ҳақида марсия


Аҳмад Хоразмий Лондонда конференцияда

“Мен ўлимдан қўрқмайман¸ аммо ўлигим устида фалончининг нутқ сўзлашидан қўрқаман” дейди ëзувчи Антон Чехов ҳикояси қаҳрамони.

“Ўлди азиз бўлди¸ шишди семиз бўлди” деган мақол ҳам бор. Шу маънода стандарт некролог ëзишни маъқул кўрмайман. Аммо Аматжон ака ( Аҳмад Хоразмий¸ Аҳмад Ҳасанов) ўлимидан ярим йилча олдин менга мактуб ëзиб¸ “ўлсам¸ албатта¸ Озодликда сиз мақола ëзинг” деб васият қилган эди.

Бу васиятга илова сифатида видеоролик ҳам суратга олиб жўнатган эди Видеороликда у “менинг ўлимимга Каримов сабабчи. Уни деб қочқинга айландим¸ Уни деб ғурбатда ғариб бўлиб¸ касалга чалиндим”¸ дея ëзғирган эди Аҳмад Хоразмий.

Матбуотда чиқишни¸ айниқса¸ туғилган кунларида олим дея эътироф этилиб¸ улуғланишни болаларча истар эди.

Аҳмад Хоразмий
Аҳмад Хоразмий

“Нима қилсам мени Озодлик ëзади?” деганида¸ “икки ҳолатда сиз ҳақингизда ëзамиз¸ сизга Нобель мукофоти беришса...” деб гап бошлашим билан¸ “иккинчиси мен ўлганда ëзасизлар. Аммо ўлганимда¸ албатта¸ ëзинг. Каримовдан зулм кўриб¸ мазлум бўлиб ўлди дея ëзинг”¸ деган эди ҳазил қилиб.

У кишининг ўлганини ҳамкасбим Замирага Аҳмад Хоразмийниинг Хоразм вилояти Боғот туманидаги қўшнилари етказибди.

Яқинларининг қаттиқ мотамда эканини айтган қўшниларнинг гапига кўра¸ Аҳмад Хоразмий жорий йилнинг 5 апрелида Британиянинг Стокпорт шаҳрида оламдан ўтган.

“Коронавирусдан ўлмади¸ юрагида бир неча бора жарроҳлик амалиëти ўтказган¸ шунинг оқибатида ўтди”¸ дейишди унинг яқинлари.

Хабарга кўра¸ 17 йилдан буён Британияда истиқомат қилаëтган қишлоқ хўжалиги фанлари доктори¸ профессор¸ агрокимёгар, тупроқшунос олим Аҳмаджон Хоразмий (Аҳмад Ҳасанов) 5 апрель куни 72 ëшида Стокпорт шаҳрида оламдан ўтибди.

Расмий тақиқ

Озодлик икки йил аввал Ўзбекистон ватандоши бўлган Аҳмад Хоразмийнинг ўз ватанига қисқа муддатга киришига ўзбек мулозимлари тарафидан тушунарсиз тақиқ қўйилгани ҳақида ëзган эди.

Аҳмад ҳожи Хоразмий 2018 йилда Шавкат Мирзиëев номига мактуб ëзиб, уни қўллаб-қувватлашини изҳор қилган ҳолда¸ Ўзбекистонга сафар қилиб, яқинлари билан кўришиб қайтишга имкон берилишини сўраган эди.

Тупроқшунос олим ўз мактубига Мирзиëевни мақтаб гапирган Озодликдаги радиосуҳбат матнини ҳам илова қилган эди.

Аҳмад Хоразмийнинг Бош вазир виртуал қабулхонасидан олган жавоб хатида “Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-қарорининг 19-моддаси асосида, яъни “миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибини муҳофаза қилишни таъминлаш манфаатлари йўлида” Ўзбекистон Республикасига келишингиз рад қилинади”, деб ëзилган.

Бундан олдин айни мазмундаги рад жавоби ëзилган мактуб олимнинг Хоразм вилоятида истиқомат қиладиган ўғли Ойбекка вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саъдуллаев имзоси билан келган эди.

Озодлик мухбири (яъни мен билан) суҳбатда Аҳмад Хоразмий “ўлишимдан олдин туғилган юртим Боғотга бориб ўтганлар қабрини тавоф қилиб¸ тириклардан рози-ризолик олиб қайтаман¸ деб ният қилган эдим. Ниятим амалга ошмади. Висол қиëматга қолди”¸ деган эди.

Ғурбатдаги ғариб эди

Ўлганлар ҳақида яхши гапириш керак¸ дейишади. Аҳмад Хоразмийнинг ҳижратдаги даври мураккаб бўлгани ва баъзи муаммолар боис Британияда судма-суд юрганидан хабардорман. Британия суди Аҳмад Хоразмнийни ногирон деб топганлигини ҳам биламан. Аҳмад Хоразмий икки марта юрагида амалиëт ўтказганидан ҳам хабарим бор. Ҳаëт фақат кинолардагина гўзал кўринади...

Аммо Аҳмад Хоразмий мутоиба ва кўнгилхушлик қилишга доимо вақт топар эди. Такаббурлик¸ каттазанглик йўқ эди у кишининг феъли-хўйида. Британиянинг Стокпорт шаҳри кўчасида шляпасини ерга қўйиб қўлига гитара олиб қўшиқ айтаëтгани видеосини юборган эди менга. Видеода Аҳмад Хоразмий қўшиғига маҳлиë бўлганларнинг шляпага пул ташлагани акс этган.

Аҳмад Хоразмий Британияда қўшиқ куйламоқда
Аҳмад Хоразмий Британияда қўшиқ куйламоқда

Афғонистонлик генерал Дўстимга атаб қўшиқ ëзиб видеотасвирга олиб Афғонистоннинг Лондондаги элчихонасига эринмай юборганини айтиб берганди бир сафар.

Аҳмад ҳожи Хоразмий ўз вақтида афсонавий ҳофиз Комилжон Отаниëзовдан тор чалиш сирларини ўрганган ҳаваскор ҳофиз эди.

Ўзининг айтиши бўйича¸ у студентлик пайтида Комилжон Отаниëзовнинг мусиқий дастасида ëрдамчи вазифасини бажарган. Ëрдамчининг вазифаси доиракашнинг доирасини ўчоқ олдидаги оловга тутиб қиздириб таранг қилиб бериш бўлган. Баъзан иккинчи рубобчи чарчаса¸ қўлига тор олиб соз ҳам чалган. Доиракашнинг қўли оғриса¸ доира чалган.

Суҳбатлашганимда¸ Комилжон Отаниëзов ҳақида кўп хотираларни сўзлаб берган ва анчайин ширали овозда эски қўшиқларни хиргойи қилган эди.

Очиқкўнгил одам эди ва айни пайтда Аматжон акада “ëшулли” тийнати бор эди. Яъни узоқ вақт Хоразм вилоятида мулозим бўлгани унинг характерида из қолдирган эди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг собиқ аъзоси, профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий Хоразм вилояти ҳокимлиги агросаноат мажмуасида ва бошқа ҳукумат тизимларида ишлаган эди.

Аҳмад Хоразмий 2005 йилда норозилик пикети уюштирган эди
Аҳмад Хоразмий 2005 йилда норозилик пикети уюштирган эди

2005 йилда Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси олдида ишдан бўшатилганидан норози бўлиб пикетлар ўтказгани ортидан тазйиққа учраган Хоразмий ўша йили Британиядан сиëсий бошпана олган эди.

Ўлимидан ярим йилча олдин менга юборган видеосида у “кимнидир билиб билмай хафа қилган бўлсам¸ Оллоҳ ризоси учун узр сўрайман. Мени ҳам кимдир хафа қилган бўлса¸ ҳаммани кечирдим” дея рози -ризолик тилаган эди.

Мана Аматжон ака сизга берган ваъдамнинг устидан чиқиб¸ сиз ҳақингизда некролог ëздим. Озодликдаги ҳамкасбларим ҳам бу некролог ëзилишини исташди.

Озодлик жамоаси сизнинг Британия¸ Ўзбекистон ва Туркманистондаги яқинларингизга таъзия билдиради. Тупроқшунос олим эдингиз. Яна ўша тупроққа қўшилдингиз. Бошқа нимаям дердим.

Шуҳрат Бобожон. Прага. 8 апрель

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG