Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 01:21

Мирзиёев мақтаган агрофирма минглаб мавсумий ишчиларига маош бермаётир


“GOLD AGRO FRESH” агрофирмаси
“GOLD AGRO FRESH” агрофирмаси

Термиз туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган “GOLD AGRO FRESH” агрофирмасининг ишчилари Озодликка агрофирманинг минглаб мавсумий ишчиларга март ойидан буён иш ҳақини бермаётганидан шикоят қилди.

Уларнинг даъво қилишича, мавсумий иш бошланганидан буён ишчиларга бир сўм ҳам ҳақ берилмаган ва ҳамма ишчилар икки-уч ой ишлаганидан сўнг ишни ташлаб кетган.

Корхона иш бошқарувчиси, ишчилар маоши берилмаганини Озодликка тасдиқлар экан, бригадирларни ишчиларга иш ҳақини бермай қочиб кетганликда айблади.

Президент Мирзиёев ўтган йилнинг февралида бу агрофирмани бориб кўрган ва илиқ сўзлар айтган эди.

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлашган “GOLD AGRO FRESH” агрофирмасининг бир неча ишчиси Озодликка мурожаат қилиб, “қора меҳнати” учун иш ҳақи ололмаётганидан шикоят қилди.

Исми сир қолишини сўраган ёлланма ишчилардан бирининг айтишича, корхона маъмурияти ишлаб чиқариш цехларида ва корхонага тегишли парникларда меҳнат қилган мавсумий ишчиларни март ойидан буён алдаб келмоқда:

Мен март ойидан буён заводнинг қадоқлаш цехида қора меҳнат қилдим. Иш ҳақини ҳар ойнинг охирида, ана берамиз, мана берамиз, деб алдаб келишди. Оч қоринга мусиқа ёқмас деганларидек, май ойида ишни ташлаб кетдим. Заводга қарашли иссиқхоналарда минглаб ёлланма ишчилар, заводда қарийб 200 одам ишлаган. Шулардан ҳеч ким иш ҳақини ололмаган”, дейди ёлланма ишчилардан бири.

Унинг айтишича, мавсум бошлангандан буён корхона кундузги ишчиларга кунига 25 минг сўмдан, тунги сменаларга 30 минг сўмдан иш ҳақи беришга ваъда қилган эди:

Ваъда, ваъда ва яна ваъда. Одамлар ахийри ишонмай қўйди. Ҳамма ишни ташлаб кетди. Тўғрида, қора меҳнат қилиб, бир сўм ололмасанг, ким ҳам ишлайди. Ҳамманинг ҳам бола-чақаси бор, ейман, ичаман, дейди. Туман прокуратурасига бу ҳақда юзлаб одамлар ариза ёзиб мурожаат қилди, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади”, дейди ишчилардан бири.

Исмини шартли равишда Аброр деган бошқа ишчи ҳам маош ололмагандан сўнг, ишни ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтади:

"Март ойида заводга ишчи оляпти экан, деб эшитдик. Борсам, паспортим копиясини олиб, ишга қўйишди. Картон яшиклар тайёрлардик, уларни қизлар помидор билан тўлдирарди, кейин устига қоғоз қўйиб, ёпардик. Хуллас, 9 соат тинмай ишлардик. Икки ой ишладим, ойлик бермади. Ойлик йўғу, яна тез-тез ишланглар деб, иш талаб қилишарди. Кейин ташлаб кетдим. Иш ҳақимни сўраб борганимда, юзлаб қиз-аёлни заводга ойлик сўраб турганини кўрдим. Шунча одамни аҳмоқ қилиб, алдаб ишлатишди, лекин бир сўм ҳам беришмади", дейди ёлланма ишчи Аброр.

Унинг айтишича, одамларни ишга олиб келишга қўйилган битта автобусга ҳамма сиғмаган ва у ҳар куни 3 минг сўм йўлкира тўлаб ишга келиб-кетган.

“GOLD AGRO FRESH” корхонасининг иссиқхоналар иш бошқарувчиси Рустам Каримов Озодлик билан суҳбатда ёлланма ишчиларнинг икки ойлик маоши берилмаганини тасдиқлар экан, бунга ишчилар бригадирларини айблади:

- Ишчилар тўрт ойлик эмас, икки ойлик маошларини ҳақиқатан олгани йўқ. Бу ерда булар бир ўйин қилишган. Буларни бригадирлари бизнинг фирмадан пул олаверганда, уларга етиб бормаган. Кейин буни биз билиб қолдикда, пул беришни тўхтатдик. Чунки, бригадирлар йўқ одамнинг номини ҳам ёзиб пул олаверган. Миллиардлаб пулни улар ўртада еб кетган. Бригадирларнинг кўпи қочиб кетган, сўрасак Россияга кетган, у ёққа, бу ёққа кетган, дейишяпти. Биз шундай шарт қўйдик, ёлланма ишчи агар бизда ишлаган бўлса, 15 августгача, паспортини олиб заводга келсин, биз текшириб иш ҳақини берамиз. Пулимиз йўқ эмас, бор, - деди иш бошқарувчи Рустам Каримов.

Озодлик бу ҳолат бўйича Термиз тумани прокуратурасидан муносабат ололмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 10 февралида Термиз туманидаги “Gold Agro Fresh” агрофирмаси фаолияти билан танишган эди.

“Gold Agro Fresh” агрофирмаси сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган истиқболли лойиҳалардан биридир. Қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг замонавий иссиқхоналарида йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1000 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирда 20 гектарлик 15 блокда помидор, гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпизнинг харидоргир навлари ўстирилмоқда. Барча 70 блок ишга тушгач иссиқхоналар 100 гектардан ошади. Бундан ташқари, 434 гектар ерда мавсумий экинлар экилиб, 23 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 2100 кишини иш билан таъминлаш, келгусида 100 гектар ерда интенсив боғ яратиш режалаштирилган”, деб ёзган эди Ўзбекистон Ахборот агентлиги.

XS
SM
MD
LG