Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

“Агробанк” аҳолига берилган кредитни қайтариш учун ходимларни дам олишсиз ишлатмоқда


“Агробанк” акционерлик тижорат банки. Тошкент шаҳри.
“Агробанк” акционерлик тижорат банки. Тошкент шаҳри.

“Агробанк” акционерлик тижорат банки аҳолига берилган имтиёзли кредитларни қайтариш мақсадида ўз ходимларини меҳнат қонунчилигига зид тарзда иш соатлари меъёридан оширилган ҳолда ва дам олиш кунларисиз ишлатмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган “Агробанк”нинг Андижон бўлими ходимларига кўра, раҳбарият шанба ва якшанба кунлари ишлатганидан ташқари, аҳоли тўлолмаган кредитларни банк ходимларига ойлигидан тўлашга мажбур қилмоқда.

“Агробанк”нинг Андижон вилояти бўлими мулозими ходимлар дам олиш кунлари ҳам ишлатилаётганини тан олди ва буни банкнинг оғир иқтисодий аҳволи билан изоҳлади.

"Меҳнат қонунчилигига тупуриб қўйишди"

Раҳбарлар томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган “Агробанк”нинг Андижон вилоятидаги бўлимларидан бирида ишлайдиган ходимнинг айтишича, кредитларни аҳолидан ундириш масаласида ҳар куни икки марта мажлис ўтказилади:

“Биринчи мажлис ҳар куни эрталаб соат 8 да бўлади, иккинчи мажлис кечқурун соат 6 да. Филиал бошлиқлари ходимларга тазйиқ ўтказади, қандай қилиб бўлмасин кредитни ундирасан, бўлмасам ишдан бўшатаман деб, ҳақоратлаб дўқ-пўписа қилади. Кредитлар қайтиши муаммоли бўлганидан кейин шанба ва якшанба кунлари дам олиш нималигини билмай қолдик. Ҳатто Рамазон ойи кунлари ҳам ифторлик қилишга вақт бермай қўйишди. Бошлиқлар меҳнат қонунчилиги деган нарсага тупуриб қўйишди!”

Ходимнинг айтишича, улар уйма-уй юриб аҳолидан кредитни қайтаришни илтимос қилмоқда:

“Масалан менга, юздан ортиқ кредитчи бириктирилган. Шундан 20таси имтиёзли, қолгани иш ҳақига олинган кредит. Энг қийини имтиёзли кредитларни қайтариш. Бугунги кунга келиб шунинг 90 фоизи муаммолига айланди. Аҳолининг камбағал қатлами, уларда тўлаш қурби йўқ. Шунинг учун раҳбарларимиз бизга ўзимизнинг маошимиздан, ҳеч бўлмаса шу кредитларнинг ойлик фоизини тўлаб қўйишга мажбур қилмоқда. Ўзи 2 миллион сўм маошим бор, ҳар ой 400-500 минг сўм маошимдан шу кредитларни ёпиш учун ўтказяпман. Агар ўтказмасам ё ойлигимни қисқартиришади ёки мукофот пулидан маҳрум қилишади. Шунинг учун мажбур тўлаяпмиз”.

МИБ ходимлари ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти

“Агробанк”нинг Андижон вилоятидаги бошқа бир бўлимининг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, аҳолига берилган кредитни ундириш учун ҳатто МИБ ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти:

“Бизнинг қонуний чорамиз, барча ҳужжатларни тайёрлаб, судга бериш. Яқинда биттасини судга чақирди. Суд фуқародан “шартнома муддати тугабди, нега кредитни тўламадингиз, деди. У “мен кам таъминланган оила бўлганим учун кредит беришганди, лекин ҳозир пулим йўқ, пулим бўлса узаман”, деяпти. Суд кредитни ундиришни МИБга оширяпти. МИБ ҳам ўзи бормайди, биз бориб илтимос қилиб, мошина обориб, юринг шуни ундириб беринг, деб илтимос қиламиз. МИБ эса бориб кўряптики, камбағал бир оила, ундирадиган ҳеч вақо йўқ. Банкка битта алоқа хати билан, мол-мулки аниқланмади деб, делони қайтариб беряпти. Яна ҳамма иш ўзимизга қоляпти, мажбур бизга ойлигимиздан фоизини тўлаттиряпти”.

Банк ходимлари аҳолидан кредитни қайтаришни сўраб кечаси ҳам юришмоқда. Сурат @bankirkundaligi Телеграм каналидан олинди.
Банк ходимлари аҳолидан кредитни қайтаришни сўраб кечаси ҳам юришмоқда. Сурат @bankirkundaligi Телеграм каналидан олинди.

Банк ходими аҳолига берилган кредитларнинг 70 фоизи мақсадсиз ишлатилганини айтади:

“Бизнинг лавозим мажбуриятимизда банк ходимининг кредит ундируви деган жойи йўқ. Лекин бизни мажбурлашгани мажбурлашган. Мисол 30та банк ходимини учта группага бўлиб қўйишди. Битта уйга ўн киши бўлиб борамиз, эшигининг тагида турамиз. Лекин барибир натижа бўлмаяпти. Бизнинг раҳбарларга ҳам қийин, улар тепадан сўкиш эшитади, кейин бизни сўкишади”.

"Вазият оғир!"

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган “Агробанк” Андижон вилояти бўлими мулозимларидан бири, ходимлар дам олиш кунисиз ишлатилаётганини тасдиқлади:

“Мана бугун Ҳайит, бугун дам берилди. Эртага ва яна икки кун ҳам дам олиш куни. Лекин эркак ходимлар эртадан ишга чиқишлари ҳақида кўрсатма берилган. Республикадан банк бошқаруви раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоров келган. Асосий масала аҳолига давлат дастурлари асосида берилган кредитни қайтариш. Шунинг учун ходимларни шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлашларини илтимос қиляпмиз. Биламиз, меҳнат қонунчилигига тўғри келмайди. Лекин аҳволни тушуниш керак. Ҳатто кеча президентимиз ҳам муаммоли кредитларни йил охиригача қайтариш кераклиги ҳақида гапирди. Чунки вазият жуда оғир.”

Мулозимнинг айтишича, давлат дастури доирасида берилган имтиёзли кредитлар ҳокимиятлар тузган рўйхат асосида ҳеч қандай кафолатсиз берилган ва уни қайтаришда ҳокимликлар ҳам масъул бўлиши керак:

“Кредит беришнинг ўз қонун-қоидаси, меъёрлари бор. Ҳокимлик берган тавсияга асосан камбағалликдан чиқарамиз, ишли қиламиз деб ҳеч қандай кафолатсиз берилаверди. Демак, ҳокимликлар ҳам бунда айбдор. Кредитни қайтариш қурби бор-йўқлигини тўлиқ ўрганмай уруа-урачилик билан рўйхат тузиб бераверган. Энди қайтаришга ҳам ҳокимликлар ёрдам берсин. Лекин қандай йўл билан қайтара олишимизни ўйлаб, ўйимга етолмаяпман. Чунки у пулнинг ўзи аҳолида ҳозир йўқ!”

Ўзбекистонда байрам куни бўлгани сабабли “Агробанк” АТБ матбуот хизматидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Президент вазият оғирлигини тан олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида корхоналарнинг кредит қопламаслик ҳолати ва оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича берилган кредитларни қайтариш муаммога айланганини тан олди.

Президент йил якунигача қарзлар юз фоиз банкларга қайтарилиши ҳақида кўрсатма берди:

“Демак, бу лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, “кўзбўямачилик” учун амалга ошириляпти, корхоналар солиқ тўламасдан ишлаяпти дегани эмасми? Агар бу пул банкка қайтса, қанча имконият кўпаяди”, деди президент.

XS
SM
MD
LG