Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:47

Афғонистонда ИШИД қўли остидаги ҳаёт даҳшати: зўрлашлар, қотилликлар, бола аскарлар


Афғонистондаги "Ислом давлати" экстремистик гуруҳидан озод қилинган шибирғонлик аёлларнинг бир гуруҳи.
Афғонистондаги "Ислом давлати" экстремистик гуруҳидан озод қилинган шибирғонлик аёлларнинг бир гуруҳи.

35 яшар Холида Афғонистоннинг Жўзжон вилоятидаги Дарзаб туманида “Ислом давлати” экстермистлари қўлидан қочиб қутилган бир неча минг кишининг биридир.

Ҳозирда вилоят пойтахти Шибирғон шаҳри чеккасидаги лагерда яшаётган Холида жангарилар қўли остидаги ҳаёт даҳшатлари ҳақида сўзлаб берди:

- Ёш қизларни зўрлик билан олиб кетиб, уларга уйланишди. Ҳамқишлоқларимни ўлдиришганини кўрдим. Ёш болаларни ўзлари билан жанг қилишга мажбурлашди. Биз ҳеч нима қила олмадик.

“Ислом давлати” экстремистик гуруҳининг Афғонистондаги бўлими мисли кўрилмаган золимлиги билан ном чиқарган. Улар рақибларининг калласини кесиб, миналарни босишга мажбурлаб келади.

Жангари гуруҳ аъзолари Ироқ ва Сурияда ҳам ёш қизларга зўрлик билан уйланиб, қизлар ва аёлларни зўрлагани кўпчиликка маълум. Аммо Афғонистонда бундай ҳолатлар ҳақида озроқ хабар қилинган.

Лекин кейинги ҳафталарда минглаб одам Дарзабдан қочиши ортидан гуруҳ хунрезликлари ҳақидаги ҳикоялар кўпайди.

“Ислом давлати” жангарилари жорий йилнинг 31 июлида рақиб жангари гуруҳ бўлмиш толиблар ҳамда Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан сиқиб чиқарилди. Натижада ўнлаб ИШИД жангариси ҳалок бўлди, 200 дан ошиғи ҳукумат кучларига таслим бўлди.

Тўқнашувлар давомида кўплаб одам Шибирғон шаҳрига қочди. Қочқинлар ҳозир маҳаллий ҳукумат ҳамда хорижий ёрдам ташкилотлари берган егуликлар билан кун кечирмоқда.

Турмуш ўртоғи Эронга муҳожирликка кетган Холида уч фарзанди билан тунда, ҳамма нарсасини ортда қолдириб Сардара қишлоғидан мотоциклда қочиб кетганини сўзлаб берди.

Бошқа қочқинлар каби Холида ҳам жангарилар қайтиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли уйга қайтишга ҳали ошиқаётгани йўқ.

Ўтган ҳафтада турмуш ўртоғи ҳамда икки фарзанди билан Дарзабдан қочган Марям 15 ёшли синглисини ИШИДчилар ўғирлаб кетганини сўзлаб берди:

- ИШИД жангарилари онамнинг уйига боришди. Куёвимни ўлдиришди. Кейин энг кичик синглимни бошқа қишлоққа олиб кетишди. У ерда уни зўрлаб, ИШИД етакчисига турмушга чиқишга мажбурлашди.

Марям ҳозир синглиси қаерда эканлигини, ҳатто тирик ёки йўқлигини билмайди.

ИШИД жангарилари бошқа хунрезликларга ҳам қўл уриб келади. Улар оқсоқолларни ҳамда ҳукумат тарафдоридек кўринганларни қатл этишган. Маҳаллий аҳоли жангарилар ёш болаларни жанг қилишга мажбурлаганини айтиб келади. Ҳукуматга таслим бўлган жангарилар орасида ёш болалар кўплиги буни тасдиқлайди.

Дарзабнинг яна бир турғуни Фотима турмуш ўртоғи жангарилар қўлида ҳалок бўлганини сўзлаб берди:

- Эрим қишлоқ оқсоқолларидан бири эди. ИШИД жангарилари уйимизга келиб, кўзимнинг олдида уни ўлдиришди. Кўп хунрезликларга қўл урди улар.

ИШИД жангарилари Афғонистонда илк бор 2015 йилда пайдо бўлган.

2017 йил жангарилар Жўзжон вилоятининг Дарзаб ҳамда Қуштепа туманларини босиб олди. Гиёҳванд моддалар савдосининг муҳим йўли ўтувчи бу туман Туркманистон билан чегарада жойлашган. АҚШ ва Афғонистон кучлари амалиётлари ортидан жангарилар вилоятдан сиқиб чиқарилди. Жангарилар толиблар билан ҳам тўқнашди.

Жангари гуруҳ Жўзжонда йўқ қилинган бўлишига қарамасдан, Нангарҳор вилоятида йирик ҳудудларни эгаллаб олишган. Нангарҳордаги жангарилар Жалолобод ҳамда Қобул шаҳарларида бир неча ҳужумни амалга оширди.

Афғонистондаги ИШИД тўдаси Ироқ ва Суриядаги экстремистик гуруҳининг тўғридан-тўғри бўлими эмас. Улар асосан Афғонистон ва Покистондаги толиблардан ажралиб чиққан жангарилардан иборат. Шунингдек, улар орасида Ўзбекистон Ислом ҳаракати ҳамда Лашкари Жангви гуруҳлари аъзолари ҳам бор.

XS
SM
MD
LG