Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

"Улар овозимизни ва юзимизни тақиқлашди." Ҳуқуқлари тортиб олинган афғон аёллари ҳаёти


Афғонистон, аёллар.
Афғонистон, аёллар.

«Толибон» ҳукумати янги ва янада қаттиқроқ қонунларни жорий этган сайин афғон аёлларининг ўз ҳаётларидан хавотири тобора кучайиб бормоқда.

Афғонистонлик журналист Лиза Каримий "Настояшчее Время" нашри илтимосига кўра мамлакат аёллари билан суҳбатлашиб, уларнинг нимани ҳис қилаётгани ва эркинликлари бутунлай тортиб олинганига қандай муносабатда эканликларини ўрганди.

Гапириш – айб

"Мен кимман? Кимга тегишлиман? Фақат овозим учун жазоланишим керакми?" - бугун Афғонистон аёлларининг аксарияти шу каби саволларга жавоб изламоқда. «Толибон» ҳокимиятга келиши билан аёллар ўз эркинлиги, танаси ва ҳатто овозига бўлган ҳуқуқларини йўқотди.

Август ойи охирида «Толибон» 35 моддадан иборат янги қонунни тасдиқлади. Бу қонун, жумладан, аёлларга жамоат жойларида гапириш ва юзи очиқ ҳолда кўчага чиқишни тақиқлайди. Ҳукумат вакиллари айтишича, янги тақиқлар ахлоқсизликка қарши курашиш ва эзгу фазилатларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган. Қонун олий раҳнамо Хайбатулла Охундзода томонидан маъқулланган.

Янги қонуннинг 13-моддаси фақат аёлларга тааллуқли. Унда аёл овози иллатга тенглаштирилган. Толибон аёллар овозини «интим» деб атайди ва аёлларга жамоат жойларида овоз чиқариб қўшиқ айтиш, гапириш ёки ўқишни тақиқлади. Буларнинг ҳаммасини уйда қилишга рухсат берилган, лекин фақат овоз ташқарига эшитилмаслиги керак.

Бундан буён хотин-қизларга ўзлари қон-қариндошлик ёки никоҳ ришталари билан боғланмаган эркакларга қараш ҳам тақиқланади ва аксинча.

Толибон канали Марказий Осиёда сув урушига сабаб бўлиши мумкинми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

Қонунда, шунингдек, аёл ҳар доим жамоат жойларида ўз танасини яшириши, бошқаларни васвасага солмаслик ва ўзи ҳам васвасага тушмаслик учун юзини беркитиши кераклиги таъкидланган. Янги қонунга кўра, кийим юпқа, тана шаклини кўрсатувчи ёки калта бўлмаслиги лозим. Бундан буён аёллар ахлоқсизликдан сақланиш учун мусулмон бўлмаган эркак ва аёллар олдида ҳам ўзларини тўлиқ яширишлари шарт.

Толибон Афғонистонда уч йилдан ортиқ вақтдан бери ҳокимият тепасида турибди. Улар ҳокимиятни қўлга олганларидан буён эркаклар ва аёллар эркинлигига доир янги қоидалар узлуксиз жорий этилмоқда. Тақиқлар мунтазам равишда кучайтирилмоқда.

"Ишга жойлашиб, таваккал қилганимни биламан"

Янги қоидалар жорий этилгач, илгари ишга борган ёки баъзан маҳрамсиз (яқин эркак қариндошсиз) кўчага чиққан қизлар энди ёлғиз ташқарига чиқишдан қўрқадиган бўлишди. Соғлиғида муаммоси бор ва шифокорга бориши ёки сайр қилиши керак бўлган аёллар ҳозир уйда қамалиб қолган. Эрлари ва ака-укалари «Толибон»га қарши жангда ҳалок бўлган юзлаб аёллар эса ҳозир деярли чиқиб бўлмас вазиятга тушиб қолишган.

Кўплаб аёллар мамлакатдаги аҳволларини муҳокама қилар экан, ҳатто бемалол нафас ҳам ололмаётганларини айтишмоқда. Сўнгги қабул қилинган қонунлар эса улар учун навбатдаги зарба бўлди.

"Аввалига бизга мактаблар, университетларга боришни тақиқлашди, ҳижоб кийишга мажбур қилишди, бугун эса овозларимиз ва юзларимизни тақиқлашди. Биздан яна нима истаяптилар?" - дейди Мозори Шарифлик 27 ёшли Мадина.

Баъзи қизлар аллергия туфайли юзларига ниқоб тақиша олмайди, лекин толиблар уларга агар яна бир марта ниқобсиз ва маҳрамсиз кўчага чиқсалар, бу "ёмон оқибатларга олиб келиши"ни айтиб, таҳдид қилишмоқда.

"Ислом буюрганидек, мен ўз ҳижобимни ҳурмат қиламан, лекин улар биздан талаб қилаётган нарса исломда йўқ," дейди Мадина. У аёллар кўчага чиқишга қўрқишаётганини, ҳозирги шароитни қуллик деб аташаётганини айтади.

Ўзбекистон позицияси: Толиблар билан қандай муносабатларни ўрнатиш керак?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:38 0:00

Толибон ҳокимият тепасига келгач, аёллар тез орада молиявий мустақиллигини ҳам йўқотишди. Эндиликда уларга кўплаб соҳаларда ишлаш тақиқланган. Тобора кўпроқ иш берувчилар аёлларни ишга қабул қилишдан бош тортмоқда. Ҳатто яқинда имкониятлар кўпроқ бўлган хусусий бизнес соҳасида ҳам аёлларни ишга олишдан воз кечила бошланди. "Настоящее Время"нинг бир нечта суҳбатдошлари ҳар сафар иш учун мурожаат қилганларида "Биз аёлларни ишга қабул қилмаймиз, сизга ишлашга рухсат йўқ" деган гапни эшитишларига тўғри келаётганини айтишди.

Баъзи аёллар катта саъй-ҳаракатлар натижасида хусусий гўзаллик салонларида иш топган – асосан йирик шаҳарларда, кичик шаҳарлардаги вазият анча оғир. Бироқ янги қоидалар эълон қилиниши билан улар ўз ҳаётлари учун хавотирлана бошладилар. Шундай аёллардан бири – Шоиста Жалолий. Шартнома бўйича у ҳафтада уч кун ишлайди, лекин энди бу анча мураккаблашди.

"Мен ишга жойлашиб таваккал қилганимни биламан. Буни илгари ҳам билардим. Аммо оилам ва болаларимга ким пул тўлайди? Фарзандларим очликдан азият чекишини истамайман," дейди Шоиста.

Афғонистоннинг барча ҳудудларидаги қизлар қийинчиликларга дуч келмоқда. Ҳатто маҳрам ҳамроҳлигида кўчага чиққанларида ҳам, биринчи талабга кўра, ёнларидаги эркак "ҳақиқий маҳрам," яъни ота, ака, эр ёки ўғил эканлигига барча далилларни кўрсатишлари шарт. Қариндошлик ҳужжатлари доимо ёнларида бўлиши керак. Аёллар бир вилоятдан бошқасига сафар қилганда эса ҳужжатларни саводи бўлмаган толиблар текшириб, сўроқ қилади.

Вилоятларда яшовчи аёллар катта шаҳарлардаги аёлларга қараганда оғирроқ аҳволда. Кўпинча улар ўз ҳуқуқларини билишмайди ва эркакларга сўзсиз итоат қиладиган қилиб тарбияланади, дейди Шоиста.

"Афғонистоннинг кичик қишлоқларидаги аёллар уйда ишлаш, фарзанд кўриш ва доимо кимгадир бўйсуниш учун туғилганликларига ишонишади. Бу ҳолат уларнинг кейинги авлодларни ҳам шундай тарбиялашига олиб келади. Агар она ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаса, ўз фарзандини қандай тарбиялаши мумкин? – дея савол қўяди Шоиста. – «Толибон» ҳозир аёл овозини тақиқламоқда, лекин вилоятларда бу аллақачон тақиқланган эди. [Аввалги ҳукуматларнинг] кўп йиллик саъй-ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бермади, чунки улар пухта ўйланмаган эди. Туб ўзгаришларни амалга ошириш учун таълим керак, аёллар эса энди ундан маҳрум бўлдилар."

Руҳий босим

Қўрқув ва зўравонликка дуч келаётган тобора кўпроқ аёллар ўзларини яккаланган ҳис қилмоқда. Ҳозирги шароит уларни бутунлай мустақилликдан маҳрум этди.

Бундай вазиятда кўплаб аёллар катта руҳий босимни бошдан кечирмоқда, уларнинг баъзилари ўз жонига қасд қилишга уринган, дейди психолог Роҳа Каримий.

"Бу қизлар ва аёлларда тушкунлик, ўзини паст баҳолаш, мулоқот қобилияти сусайиши, шахсий муносабатларда муаммолар ривожланади. Бунинг сабаби - уларда эркинлик ва танлаш имконияти йўқлиги," дейди у.

Психологларни ҳозирги шароит толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин юзага келган муаммоларни янада чуқурлаштиришидан хавотир қилмоқда.

Толибон билан хуфия ҳамкорлик. Шартни ким қўйяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:50 0:00

"Биз жим турмаймиз"

Мамлакат ичида ўз ҳуқуқлари учун курашиш тобора хавфли бўлиб бораётган бир пайтда, қувғиндаги фаоллар мамлакатдаги аёлларнинг шундоқ ҳам оғир аҳволини янада оғирлаштирган янги қонунларга эътиборни жалб қилишга уринмоқдалар. Афғон фаоллари ижтимоий тармоқларда видео эълон қилиб, «Толибон»нинг тақиқларига қарши норозилик билдиришга ҳаракат қилишди. Улар орасида ҳуқуқ ҳимоячиси ва Афғонистон аёллари адолат ҳаракати асосчиси Хода Ҳамош ҳам бор:

"Толибон уч йилдан бери афғон аёлларини жамиятдан четлатишга ва овозидан маҳрум қилишга уринмоқда, аммо биз ҳеч қачон жим турмаймиз. Улар бизни [жим қилишга] ва овозимизни жамиятдан йўқ қилишга қанчалик уринмасин, биз қайта-қайта овозимизни кўтариб, ўз ҳуқуқларимиз учун курашамиз," дейди у.

Унинг фикрича, афғон аёллари ҳеч қачон ўз ҳуқуқларидан воз кечмаслиги, аксинча, улар учун курашиш учун барча имкониятлардан фойдаланишлари керак.

Афғонистоннинг Норвегиядаги собиқ элчиси ва аёллар таълими фаоли Шукрия Баракзай ҳам «Толибон» ҳаракатлари аёлларни жамиятдан четлатишга қаратилганини таъкидлади.

"Менимча, «Толибон» аёлларни жамиятдан четлатишга уринишдан бошқа ҳеч нарса қилмаяпти. Аслида, янги қонунлар Афғонистонда инсон ҳуқуқлари йўқлигини кўрсатмоқда," - дейди у.

Афғонистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда, кўплаб фаол аёллар ва собиқ ҳукумат амалдорлари «Толибон»ни ислом тамойилларига зид ҳаракатларда айбламоқда.

Аёл шифокорлар ҳуқуқлари қўмитаси раиси, кўп йиллар давомида уларнинг ҳуқуқлари учун курашган доктор Аманининг, толиблар ҳокимиятни қўлга олганидан сўнг мамлакатни тарк этишдан бошқа чораси қолмади. Ҳозир у Францияда истиқомат қилмоқда. Унинг фикрича, ислом ҳеч қачон аёлларни жамиятдан четлатишни талаб қилмаган:

"Аллоҳ аёл ва эркакни яратиб, уларга ҳам ҳуқуқ, ҳам мажбурият берган. Аёллар эркаклар билан тенг овоз бериш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким аёлнинг ҳар бир ҳаракатини жинсий ҳийла сифатида қабул қилмаслиги керак," дейди у.

Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган ва «Толибон» қонунларига қарши норозилик билдираётган эркак фаоллар ҳам бор: "Биз эркаклар сизлардек заиф эмасмиз, ўзини назорат қила олмайдиган ва аёлларни шунчаки жинсий ҳийлагар деб биладиган сохта мужоҳидлар эмасмиз. Аёллар заиф эмас, аёллар [бу курашда] ёлғиз эмас," дейди фаол Ҳасан Мустафо Аманий.

Толибондан Тошкентга қочиш. Абдурашид Дўстум матбуот котибининг ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:33 0:00

"Дунёда аёллар ҳуқуқлари соҳасидаги энг жиддий инқироз"

ЮНEСКО маълумотларига кўра, Афғонистонда 1,4 миллиондан ортиқ қиз таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиб, бу бутун бир авлоднинг келажагига хавф солмоқда.

«Толибон» ҳокимият тепасига келганидан бери аёллар ҳуқуқлари соҳасида дунёдаги энг жиддий инқирозни келтириб чиқарди, – деди Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти. – Толибоннинг шафқатсиз бошқаруви остида афғон аёллари ва қизлари ўзларининг энг ёмон тушларини ҳаётда бошдан кечирмоқдалар."

«Толибон» ҳукуматининг бош вакили Забиҳулла Мужоҳид ўз баёнотида шариат билан таниш бўлмаслиги мумкин бўлганларни, айниқса, ўз шубҳалари ёки эътирозларини билдириши мумкин бўлган ғайридинларни «такаббурликдан» қайтарди.

"Биз ушбу қонунларни чуқур тушунишга ва ислом қадриятларини ҳурмат қилишга чақирамиз. Бундай тушунчага эга бўлмасдан бу қонунларни рад этиш, фикримизча, такаббурликдир," деди у.

Бугунги Афғонистон инсон ҳуқуқлари тарихидаги қора саҳифадир. Ушбу мамлакат аҳолисининг ярми таълим олиш ва танлаш эркинлиги каби асосий ҳуқуқларидан фойдалана олмаяпти. Аёллар эркакларнинг деярли тўлиқ назорати остида бўлиб, улар ўзлари хоҳлаган нарсани эмас, балки улардан талаб қилинадиган ҳамма нарсани бажаришлари керак.

Форум

XS
SM
MD
LG