Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2022, Тошкент вақти: 00:02

Афғон генерали: "Вагнер" гуруҳи собиқ афғон ҳарбийларини Украина урушига ёлламоқда


АҚШ кучлари Афғонистон миллий армияси қўмондонларини тайёрламоқда. Кобул, 22 март, 2011 йил.

Кремль билан яқин алоқага эга "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати Толибон келганидан кейин Эронга қочиб ўтган афғон қўмондонлари ва бошқа ҳарбий кучларни Украинадаги урушга ёлламоқда, дея маълум қилди собиқ афғон ҳарбий қўмондони.

Бир вақтлар Афғонистон Мудофаа вазирлиги мулозими ва 207 Зафар армия бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Абдул Рауф Арғандивалнинг сўзларига кўра, 15 га яқин собиқ афғон қўмондонлари аллақачон Вагнер гуруҳига қўшилган ва яна минглаб кишилар Эрон кўмагида Украинада жанг қилиш учун ёлланиши мумкин.

“Вагнер" биринчи босқичда 1000 кишини, иккинчи босқичда яна 1000 кишини урушга жалб қилиш ва бу жараённи босқичма-босқич давом эттиришни режалаштирган”, деди Арғандивал Озодлик радиоси билан суҳбатда.

"Ёлланганларнинг тақдири, уларнинг Киевга етиб борган ёки йўқлиги борасида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ", деди Арғандивал.

Россиянинг кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин Украина жануби ва шарқий қисмида фронт чизиғини сақлаб қолишга уринишлари Кремлни "Вагнер" ва чечен қўшинларининг ёлланма аскарларига тобора кўпроқ таянишга мажбур қилди.

Арғандивал унинг "юзлаб" собиқ аскарлари ёлланганидан шахсан хабардор эканини билдирди.

Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг, Афғонистон армиясининг кўплаб ҳарбийлари, полиция зобитлари ҳамда аввалги ҳукуматга содиқ ҳарбий ва разведка зобитлари Толибон қасос олишидан қўрқиб Эрон, Покистон ва бошқа мамлакатларга қочганди.

АҚШнинг Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус инспекцияси май ойида Толибон келишидан олдин ҳам “юқори мартабали зобитлар ва пиёда аскарлардан иборат 3000 га яқин афғон хавфсизлик кучлари ҳарбий техника ва машиналари билан бирга Эрон чегарасини кесиб ўтганинини хабар берган. Толибон умумий амнистия эълон қилганидан кейин кўпчилик Афғонистонга қайтган.

Толибон ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, Эрон афғон армиясида хизмат қилганини исботлай оладиган афғонларга вақтинчалик визалар таклиф қилгани хабар қилинган эди.

Август ойида Республикачилар бошчилигидаги АҚШ Конгресси ўтказган текширувдан сўнг, Эронга қочиб ўтган собиқ афғон кучлари “АҚШнинг ҳарбий ва разведка тактикасидан хабардорлиги, техникаларини билиши АҚШ учун хавф туғдириши мумкин” деган хулосага келинган.

Арғандивалнинг айтишича, Эрон ҳукумати мамлакатга келган собиқ афғон ҳарбийларига ё Афғонистонга қайтиш ёки Украинада Россия учун жанг қилиш учун ультиматум қўйган.

Озодлик радиоси Арғандивалнинг даъволарини мустақил равишда текшира олмади.

"Ассошиэйтед Пресс" агентлигининг хабар беришича, афғон махсус кучлари аъзолари ойига 1500 доллар ва оила аъзолари учун хавфсиз бошпана ваъдаси билан ёлланмоқда. Нашрнинг Эронда бўлиб турган собиқ афғон қўмондонидан иқтибос келтиришича, 400 га яқин жангчилар Вагнерга қўшилиш ҳақида ўйламоқда ва бу янада ортиши ҳам мумкин.

Собиқ қўмондоннинг айтишича, кўплаб афғон аскарлари Вашингтон томонидан ташлаб кетилганидан кўнгли қолган ҳамда ўзи ва Афғонистондаги оиласи учун Россия визасини таклиф қилаётган Вагнерга қўшилиши мумкин.

Юқори малакали ва махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган афғон жангчиларининг Украинадаги урушга таъсир кўрсата олиши ҳозирча баҳсли мавзу. Афғонистон хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали ходими Foreign Policy нашрига афғон жангчиларининг Россия-Украина урушига кириши Кремль учун уруш тизгинини ўзгартириши мумкин, дея фикр билдирди.

Россия Фанлар академиясининг Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Сергей Данилов:

"Улар тайёргарликдан ўтган, аммо ҳеч қандай мотивацияга эга эмас. Улар бирор хавф туғдиради деб ўйламайман. Айримлари Покистон ва Эронга қочган ва энди бошқа жойга кетишади. Аммо, улар ҳатто бир неча мингтага ҳам бормайди” дея таъкидлади.

Форум

XS
SM
MD
LG