Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Давлат хизматлари агентлиги Озодликда чиққан хабарга яшин тезлигида муносабат билдирди


“Озодлик радиоси” веб-нашри ҳамда унинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги саҳифаларида “Адлия вазирлигидаги коррупция ҳақида хабар берганлар мукофотланади” номли мақола эълон қилинган эди. Унда Адлия вазирлиги томонидан коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар таҳлили келтирилган.

8 апрель куни Давлат хизматлари агентлиги ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдириб, қуйидаги изоҳни Озодликка юборди.

Қуйида Агентлик изоҳи матнини тўлалигича келтирамиз:

Мақолада gazeta.uz сайтига таянган ҳолда “Аммо, ўтган даврга оид ҳисоботда айтилишича, вазирлик ўтказган “сирли мижоз” рейдлари давомида энг катта коррупция Давлат хизматлари Агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида аниқланган”, дея нотўғри талқин қилинган.

Авваламбор “коррупция” тушунчасига аниқлик киритсак.

Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига биноан, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Мақолада “энг катта коррупция Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида” дея баралла айтилмоқда. Аммо, мақолага асос қилиб олинаётган ўрганишларнинг Агентлик ва ҳудудий бошқармаларида кузатилиши мумкин бўлган камчиликларга умуман дахли йўқ. Сабаби – асос бу Давлат хизматлари марказларида ўтказилган “сирли мижоз” тадбирлари. Яъни Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари эмас, Давлат хизматлари марказлари ходимлари хатти-ҳаракати ўрганилган.

Энди, “сирли мижоз” тадбирлари моҳиятига тўхталиб ўтсак.

Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганидан буён ўз олдига қўйган асосий мақсадлари – фуқаролар ва жамоатчилик олдида очиқ ва шаффоф сиёсатни олиб бориш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, марказлар фаолиятини мониторинг қилиш, ходимлар малакасини баҳолашдан иборат.

Мазкур ишларни амалга ошириш учун Агентлик тасарруфидаги Марказларнинг ўзида, шунингдек, электрон маконда мунтазам равишда сўровлар ўтказилиб, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги камчиликларни аниқлашда “сирли мижоз” усулидаги жамоатчилик мониторинги ҳам олиб борилмоқда. Уларнинг натижалари эса кенг жамоатчиликка ошкор этилмоқда. Бу эса ташкилотимиз ўз устида тинмай ишлаётганлигидан, кадрлар салоҳиятига катта эътибор қаратаётганидан далолат.

Бундан ташқари, “сирли мижоз” тадбирларида нафақат коррупция ҳолатларини олдини олиш, балки январь ойида тасдиқланган Давлат хизматлари марказлари ходимлари фуқаролар билан ишлаш жараёнида белгиланган тамойилларга, ички тартиб-интизомга амал қилиши, муомала маданияти, фуқароларни қизиқтирган саволларга профессионаллик билан жавоб бера олиши ҳам ўрганилади.

Юқорида айтиб ўтилганларни инобатга олган ҳолда, “энг катта коррупция Давлат хизматлари Агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида аниқланган” дея талқин қилиш қанчалик тўғри? Бизнинг айбимиз ходимларимизни доимо назорат қилиб, халқимизга очиқ бўлганимиздами? Ёки шаффофликни таъминлаш мақсадида натижаларни жамоатчиликка тақдим этганимиздами?

“Фикр муаллифи ўз гапларини “учта оғиздан ўтган маълумот” зайлида эшитса қулоқларига ишонолмайди”

Яъни, Агентликдан вазирликка, вазирликдан газета.узга, газета.уздан “Озодлик”ка етиб борган маълумот аслига тўғри келмаслиги ҳайрон бўлар ҳолат эмас, лекин буни тўғрилаш ва халққа ҳақиқатни аён қилиш Сиз-у бизнинг вазифамиз. Биздан: объектив, тезкор ва ҳақиқатга мос маълумот бериш. Қолгани эса Сиздан.

Озодликдан: “Адлия вазирлигидаги коррупция ҳақида хабар берганлар мукофотланади” сарлавҳаси остидаги батафсил хабаримиз Адлия вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган мана бу материал асосида ёзилган.

XS
SM
MD
LG