Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2020, Тошкент вақти: 04:25

Ҳужжат: Арипов ҳукуматга Telegram ва тармоқлардаги шикоятлар билан алоҳида шуғулланишни буюрди


Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов барча ҳукумат аъзоларига ижтимоий тармоқлар ва Telegram мессенжерида нашр этилаётган фуқаролар шикоятлари ва мурожаатларини ўрганиб¸ “тезкор” муносабат билдиришга буйруқ берди.

2020 йил 15 январь куни Бош вазир Арипов томонидан имзоланган ва барча Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик идоралар раҳбарларига, вилоятлар ва шаҳар ҳокимларига юборилган буйруқ нусхаси Озодлик радиосига тақдим этилди.

Бу ҳужжатга бевосита дахлдор Тошкент мулозими шахси сир қолишини сўради.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳужжат
Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳужжат

Буйруққа илова қилинган маълумотда қайд этилишича, биргина 2019 йил декабрь ойида веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда жамиятнинг турли соҳаларини танқид қилувчи мингдан ортиқ маълумот эълон қилинган. Танқидларнинг аксар қисми фуқароларнинг шикоятлари ва мурожаатларидан иборат экани алоҳида қайд этилган.

Мазкур ҳолат тегишли вазирлик ва идораларнинг … ишини такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини кўрсатади”, дейилади ҳужжатда.

Бош вазирга тақдим этилган таҳлил “энг кўп муҳокама қилинган, ҳамон ечимини кутаётган, у ёки бу тармоқнинг долзарб муаммоларини кўрсатиб берувчи масалаларга” эътибор қаратган.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳужжат
Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳужжат

Ҳужжатдан англашилича, фуқаролар мурожаатлари ва эътирозларини жиддий ўрганиш лозимлиги ҳақидаги ташаббус Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан чиққан.

Ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерларида эълон қилинган танқидий материаллар юзасидан маълумот Агентлик томонидан тайёрланган. Комил Алламжонов бошчилигидаги Агентлик раҳбарияти таркибида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам бор.


Танқидий мазмундаги ахборотларга муносабат билдириш билан бир қаторда мамлакатда амалга оширилаётган улкан миқёсдаги ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш чораларини Агентлик билан ҳамкорликда кўриб боришингизни сўрайман”, дейилади Бош вазир буйруғида.

Арипов буйруғига мувофиқ¸ бундан сўнг “нохолис ва танқидий” ахборотларга муносабат тегишли давлат органларининг ахборот хизматлари билан ҳамкорликда тезкорлик билан берилади.

Ҳужжатда фуқароларнинг интернетда нашр этилаётган танқидларига бефарқлик билан қараш мамлакатдаги вазиятга масъул шахслар фаолиятига салбий муносабатни шакллантириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Таҳлилий материалдан кўринишича, фуқароларнинг аксар танқидлари энергетик тақчиллик, ИИВ ходимларининг масъулиятсизлиги, касалхоналардаги оғир вазият, ижтимоий объектларнинг таъмирталаблиги, йўлларнинг носозлиги каби ўнлаб долзарб муаммоларни қамраб олган.

Ҳокимликларга нисбатан эълон қилинган танқидлар масъулларнинг давлат ислоҳотларининг самарали ижросида янада фаолроқ бўлишлари лозимлигини тақозо этади,” дейилади ҳужжатда.


Президент Мирзиёев ҳокимияти даврида фуқароларнинг бевосита мурожаатлари ва шикоятлари учун юзлаб махсус Халқ қабулхоналари очилди. Бироқ ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ривожи муаммолар ҳақида билдириш учун ушбу расмий канал билан бир қаторда норасмий, тезкор ва кўп ҳолларда самаралироқ имкониятни очиб берди.

Эслатма: Ўн минглаб Озодлик радиоси фойдаланувчиларини бирлаштирган Sizdan Telegram лойиҳаси энг оммабоп ижтимоий тармоқ лойиҳаларидан биридир.


Лойиҳада ST (Sizdan Telegram) даракчиларидан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Хабарлар Sizdan Telegram сайтида, шунингдек, ижтимоий тармоқлар - Facebook ва Telegram саҳифаларида эълон қилинади.


Sizdan Telegram да эълон қилинган даракчиларнинг шикоят ва мурожаатлари аксар ҳолларда маҳаллий ҳокимлик ва мутасаддилар томонидан ўрганилиб, кўп ҳолларда ижобий ҳал қилинади.

Хабарларингизни Telegram тармоғидаги @ozodnews ёки +420 724 971 539 рақамига йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG