Испаниянинг Толедо вилоятида икки тезюрар поезд тўқнашиши оқибатида 60дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Фожиа 28 октябрь куни эрталаб Мадриддан мамлакат жанубидаги Андалусия вилоятига олиб борувчи темирйўл тармоғида юз берди. Ҳодиса жойида қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари ишламоқда.
Испаниянинг Renfe давлат темирйўл компанияси ва хусусий Iryo операторига тегишли поездлар Урда шаҳри яқинида тўқнашган. Дастлабки маълумотларга кўра, Renfe компаниясининг тезюрар поезди йўлда тўхтаб турган Iryo поездига орқадан урилган. Тўқнашув оқибатида Iryo поездининг камида икки вагони издан чиқиб, темирйўл ёқасидаги қияликка тушиб кетган.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталаб соат 9 га яқин, Толедо вилоятидаги Мора, Оргас ва Урда шаҳарлари оралиғида содир бўлган.
Кастилия-Ла-Манча минтақавий ҳукумати дастлаб ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етганини маълум қилган. Кейинроқ қурбонлар сони янада кўпайгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Айрим испан нашрлари ҳудудий фавқулодда хизматлар маълумотларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 39 нафарга етганини, кейинги хабарларда эса 46 киши ҳалок бўлгани айтилганини ёзди. Қурбонлар ва жабрланганларнинг якуний сони расмий маълумотлар ўрганилмоқда.
Минтақавий ҳукумат вакиллари қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ҳодиса жойига бир неча ўт ўчириш гуруҳи, учта тиббий вертолёт ва жонлантириш ёрдами кўрсатувчи тез тиббий ёрдам бригадалари юборилган. Урда шаҳар ҳокимияти жабрланганлар ва йўловчиларни вақтинча жойлаштириш учун спорт залини тайёрлашга киришган.
Испания бош вазири Педро Санчес фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдириб, фавқулодда хизматлар жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ишлаётганини айтди. Бош вазир ҳодиса сабабли кун тартибидаги барча режалаштирилган тадбирларини бекор қилган.
Поездлар тўқнашуви оқибатида Мадрид, Сьюдад-Реал ва Андалусия ўртасидаги тезюрар темирйўл қатнови тўхтатилган. Renfe йўловчиларга чипталарни алмаштириш ёки бекор қилиш имконини берган.
Фожиа сабаблари ҳозирча тўлиқ аниқланмаган. Дастлабки хабарларда поездлар ҳаракатини бошқаришдаги эҳтимолий хатолар ва сигнализация тизимидаги носозликлар ҳақида маълумот берилган. Бироқ ҳодисанинг аниқ сабаблари расмий тергов натижалари орқали белгиланиши керак.
Бу Испанияда сўнгги ойларда юз берган йирик темирйўл фожиаларидан бири бўлди. 2026 йил январь ойида Кордова вилоятидаги Адамус шаҳри яқинида поездлар иштирокидаги бошқа ҳалокат оқибатида 46 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
Форум