Линклар

Шошилинч хабар
21 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 03:05

Кўкдала ҳокимига ҳужум. Янги тафсилотлар

Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев
Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев даволаниш учун 18 октябрда Германияга олиб кетилди.

Бу ҳақда Озодликка Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ишлайдиган, бир-биридан мустақил икки манба маълумот берди.

Шифокорлардан олинган маълумотга кўра, ҳоким боши, юзи ва елкаси, қўлидан жиддий жароҳат олган, аҳволи ўртача оғир. Адвокатларга кўра, бу иш юзасидан 62 яшар тадбиркор Б.Я.га нисбатан ЖК нинг 25 ва 104 моддалари билан “Жиноятга тайёргарлик” ҳамда “қасддан оғир шикаст етказиш” айби билан иш очилган.

Шу кунга қадар на Кўкдала, на Қашқадарё ва на республика расмийлари бу ҳодиса ҳақида бирор маълумот бермади, Озодликнинг такрор-такрор мурожаатлари жавобсиз қолдирилмоқда.

Озодлик бу воқеа ҳақида 14 октябр куни хабар берган эди.

Шифокор: ҳоким Германияга олиб кетилди

Озодлик манбасининг айтишича, Жўраев Еттитомдаги шифохонада операция қилинган ва уч кун даволанганидан кейин вертолётда Тошкентга — собиқ 16-шаҳар касалхонаси сифатида танилган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Кўкдала ҳокими Хуррам Жўраев 14 октябрда ҳужумга учраган, 16 октябр куни Кўкдала туманидаги шифохонадан Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига вертолётда олиб келинган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг исми сир қолишини сўраган шифокори, Хуррам Жўраев жароҳати оғирлиги боис 18 октябр куни эрталаб Германияга олиб кетилганини маълум қилди.

“Германияга олиб кетишди, аҳволи ўртача оғир. Боши, юзи, елкаси ва қўли ўткир тиғли қуролдан оғир жароҳат олган. Германиядан келган икки шифокор кўрикдан ўтказиб, ўзимизда даволаймиз, олиб кетмасак бўлмайди, дейишди. Якшанба куни эрталаб касалхонадан олиб кетилди”, деди шифокор.

Озодлик билан гаплашган, Кўкдала туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган мулозим ҳам ҳоким учун германиялик шифокор Кўкдаладаги шифохонага олиб борилганини тасдиқлади:

“Мирзиёевнинг топшириғи билан Хуррам Жўраевни даволагани германиялик шифокор опа касалхонага келди. Ҳокимнинг аҳволини кўриб, вертолёт билан Тошкентга олиб кетди. Кейин эса ҳоким Германияга олиб кетилганини айтишди”

Кўкдала туманидаги Озодликнинг дастлабки хабарида манбалар ҳокимнинг операциядан кейинги аҳволини барқарор деб таърифлаган эди. Янги маълумот берган манба эса унинг кўп қон йўқотганини, боши, юзи ва елкасида чуқур жароҳатлар борлигин иддао қилмоқда.

Озодликда ҳокимнинг ҳозирги ҳолати ҳақида тиббий хулоса йўқ.

"Аввал чорраҳадаги тортишув, кейин ҳужум"

Озодлик манбалари бир ҳафта аввал содир бўлган ҳодисанинг янги тафсилотларини ҳам хабар қилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган яна бир манбанинг баёнига кўра, 14 октябрь куни эрталаб ҳоким ва тадбиркор чорраҳада анча вақт гаплашган ва тортишган. Суҳбатнинг аниқ мазмуни манбага маълум эмас.

Бу Кўкдала туманида яшайдиган тадбиркорлардан бири ва у шахсининг сир сақланишини сўради.

"Бу воқеа хлопзаводнинг олдида содир бўлган. Ҳокимнинг шофёри ва ёрдамчиси ўзи билан бирга бўлган. Доим ҳоким билан бирга юрувчи ИИБ бошлиғи Тошкентда ўқишда экан. Тадбиркор дарахтнинг панасида пойлаб туриб, ҳоким ёлғиз қолганда бориб, доскала билан бош аралаш елкасига беш-олти марта кетма-кет зарба берган”, деди манба.

Тадбиркор «доскала» деганда тут шохларини кесишда ишлатиладиган ўткир тиғли асбоб - чопқини назарда тутаётганини тушунтирди. Аввалги хабарларда ҳужум қуроли болта деб таърифланган эди. Ҳозирча ҳужум қуроли ҳақида ҳам Озодликда расмий маълумот йўқ.

Ҳужумда тилга олинаётган тадбиркор ким?

Кўкадала туман ҳокимлигига яқин яна бир манба ҳокимга ҳужум қилган шахсни “62 яшар тадбиркор Б. Я.” деб таништирди. (Озодликда тадбиркор шахси ва манзилига оид тўлиқ маълумот бор, аммо ошкор қилмаётир - таҳр.)

Туман ҳокимлигига яқин манбанинг айтишича, Я. илгари фельдшер бўлиб ишлаган, кейин Кўкдала марказидаги аҳоли “катта йўл” деб атайдиган кўчада озиқ-овқат дўкони очиб, тадбиркорликни бошлаган.

Тадбиркорнинг шахси ва аввалги фаолияти ҳақида Озодлик қўлга киритган маълумотларга ҳам расмийлар аниқлик киритмаётир. Озодликнинг бу борада қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилмоқда.

Иш тафсилотлари билан таниш қашқадарёлик адвокатлардан бири жиноятда гумонланган Б. Я. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 25-моддаси(Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 104-моддаси(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) жиноятларида гумон қилинмоқда, деб маълумот берди. Исми сир сақланаётган адвокат берган маълумотга на Кўкдала ва Қашқадарё ИИБдан маълумот олишнинг имкони бўлди.

Ҳодиса нега содир бўлди?

Озодлик суҳбатлашган кўкдалалик манбалар ҳоким ва тадбиркор ўртасидаги келишмовчиликни дўконни бузиш талаби билан боғламоқда.

Кўкдалалик тадбиркорлардан бирининг иддао қилишича, Б.Я.нинг дўкони қонуний қурилган ва бу ҳақда зарур ҳужжатлари бўлган. Бироқ ҳокимлик уни бузишни талаб қилган:

“Тадбиркорнинг дўкони катта йўл бўйида эди. Яқинда катта пул сарфлаб таъмирдан чиқарган эди. "Янги Ўзбекистон қиёфаси» номидаги давлат дастури асосида бу дўкон бузишга тушган. Лекин тадбиркор унинг бузилишига қарши бўлган. Бу тадбиркор яқинда 58 минг долларга аукциондан ер сотиб олган. Ҳоким ўша ерининг яқинидан унга яна ер ажратиб беришга ваъда бериб, дўконини ўша жойга кўчиришни сўраган. Тадбиркор рози бўлмаган”.

Бу тадбиркорнинг айтишича, ҳужум содир бўлган пайтда дўкон ҳали бузилмаганди. У дўкон билан боғлиқ низо судда кўрилганини ҳам айтди. Унинг баёнига кўра, дастлаб суд тадбиркор фойдасига қарор чиқарган, кейин ҳокимлик бу қарор устидан шикоят қилганидан сўнг суд тадбиркор зарарига қарор қабул қилинган.

Суд қарорлари нусхалари Озодликда йўқ. Шу сабабли иш қайси судда, қандай тартибда кўрилгани, дўконни бузиш талаби қайси ҳуқуқий асосларга таянгани ва тадбиркорга компенсация таклиф қилинган-қилинмагани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Озодлик Б. Я. нинг фарзандлари билан боғланди. Аммо улар Озодликка маълумот беришдан бош тортди.

Озодлик кўкдалаликлар берган маълумотларга аниқлик киритиш учун 19 октябр куни Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ирода Расулованинг мобил қўнғироғига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади. Матбуот котибининг Телеграм каналига ёзилган саволлар ҳам жавобсиз қолди.

Озодлик аввал Кўкдала тумани ҳокимлигининг расмий сайтида Хуррам Жўраевнинг мобил рақами сифатида кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилган эди.

Қўнғироққа ўзини ҳокимнинг ёрдамчиси Муҳриддин деб таништирган шахс жавоб берган. У ҳокимга ҳужум қилингани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлаган, на инкор этганди.

Озодлик туман ва республика расмийларидан ҳодиса бўйича маълумот олишга уринмоқда. Тегишли идоралар расмий жавоб бериши билан Озодлик уни эълон қилишга тайёр.

Кўкдала туманига янги прокурор тайинланди

19 октябр куни Кўкдала тумани прокурори ишдан олинди, унинг ўрнига илгари Шаҳрисабз шаҳар прокурори бўлиб ишлаган Равшан Хуррамов тайинланди.

Кўкдалаликларнинг Озодликка айтишича, маҳаллий ҳукумат идоралари бу ҳодисани сир тутишга қаттиқ уринмоқда. Иддаоларга кўра, маҳаллий блогер ва журналистларга куч ишлатар идоралар вакиллари томонидан Кўкдала ҳокимига ҳужум мавзусини ёритмаслик топшириғи берилган. Озодлик ушбу иддаони мустақил тасдиқлай олгани йўқ.

Ҳужум ҳақида Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари дастлаб қисқа хабарларни эълон қилган. Бироқ мавзу тафсилотлари ёритилмаган.

Кўкадала туман ҳокимлигига яқин манбага кўра, давлат идорасида ишлайдиган мансабдор шахсга қилинган ҳужум ҳокимият органларини жиддий хавотирга солиб қўйган:

“Бу хавфли прецедентга айланиши мумкин. Чунки, ҳокимлар бевосита президент томонидан тайинланган, президент ҳимоясидаги мулозимлар. Шунинг учун, бу воқеанинг ошкор бўлишидан чўчишяпти. Менимча тадбиркорга жазо беришни ҳам халқни муносабатини секин ўрганиб, шунга қараб белгилашади. Агар халқ ҳоким тўғри жазоланди, деб гап-сўз қилса жазо мундайроқ, агар кўпчилик ҳокимнинг ёнини олса жазо шафқатсиз кўринишда тус олади”.

Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев асли Китоб туманидан.

Президент Мирзиёев 2019 йил 23 июль куни ўтказган видеоселектор давомида Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Хуррам Жўраевни танқид қилган эди.

Ўша пайтдаги вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга Жўраевни ишдан олиш ҳақида топшириқ берган эди:

"Булар қанча гапиришимизга қарамасдан олиб борилаётган ишларни тушуна олмаяпти ва тушунишни хоҳламаяпти. Рўзиев, солиқчингниям, биринчи муовинингниям бугуннинг ўзида ишдан олиб ташла", деган эди президент

Аммо ўша йилнинг ноябрида Хуррам Жўраев Чироқчи тумани ҳокими этиб тайинланди ва у ерда 3 йил ишлади.

2022 йил 19 апрелда эса президент ташаббуси билан Кўкдала тумани ташкил этилгач, у ерга айнан Хуррам Жўраев ҳоким қилиб тайинланди.

Чироқчилик фермерлар 2022 йилда Озодликка мурожаат қилиб, ҳоким Хуррам Жўраев бирор қонуний асос кўрсатмай, фермерлар ерини тортиб олгани ҳақида шикоят қилган эди.

Олий суд қарорини писанд қилмаётган ҳоким ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:03 0:00

Озодликка келган шикоятларга кўра, ўшанда Олий суд Чироқчи тумани ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топганига қарамай ҳоким ерни фермерларга қайтармаган.

Ўзбекистонда Мирзиёев тайинлаган ҳокимларга совуқ қурол билан ҳужум қилиш ҳодисаси илк бор кузатилмоқда. Президентнинг ўзи ҳокимларни унинг рухсатисиз ҳеч ким, ҳатто прокурорлар ҳам жазолай олмаслиги ҳақида гапирган.

Ободонлаштириш ёки катта лойиҳалар доирасида дўконлар, савдо мажмуалари бузилишга тушган тадбиркорларнинг норозилиги ҳақида Озодлик кўп хабар берган.

Жумладан, 2019 йил 20 июл куни ички ишла​р тизимининг йигирмага яқин ходими ҳамроҳлигида келган Яккабоғ тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев¸ бульдозерчи буйруғини бажармаганидан сўнг, ўзи бульдозерга чиқиб, уни ишлаб турган дўкон устига ҳайдаган эди.

Дўконини компенсация бермасдан бузмасликни сўраган тадбиркор¸ гапи инобатга олинмагач¸ Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборганди.

Кўкдалада ҳам ҳокимга ҳужум қилингани тадбиркор мулкига оид қарорларни текшириш заруратини йўқотмайди.

Адвокатларга кўра, мулк низоси мавжудлиги зўравонликни оқламайди. Жамоатчилик эса ҳужумнинг ҳолатлари ҳақида ҳам, ундан олдинги низо қандай ҳал қилингани ҳақида ҳам ишончли ахборот олишга ҳақли.


This item is part of

Форум

​
XS
SM
MD
LG