Линклар

Шошилинч хабар
16 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 03:05

"Жей Ди Вэнс она шаҳридаги тракчилар". АҚШ матбуоти терговдаги ўзбеклар ҳақида

АҚШнинг Оҳайо штатида ўзбекистонлик муҳожирларга тегишли айрим транспорт компаниялари фаолияти ваколатли идоралар эътиборига тушди.

Америка матбуотининг ёзишича, давлат идораларида айрим компаниялар фаолияти, юк машиналари сони ва хавфсизлик талабларига амал қилиниши юзасидан саволлар пайдо бўлган.

Озодлик гаплашган ўзбек тадбиркорлари бундай ҳолатлар борлигини қайд этаркан, алоҳида ҳолатлар бутун жамоага нисбатан салбий тасаввур уйғотаётганидан хавотирда эканини айтмоқда.

Тракчи ўзбеклар Америка матбуотида

Минглаб ўзбекистонлик муҳожир АҚШ йўлларида юк машинаси ҳайдайди. Улар учун рулдаги ҳаёт нафақат даромад манбаи, балки Америкада ўз келажагини қуриш имконияти ҳамдир.

Оҳайо штатида яшаб, юк машинаси ҳайдаётган Дилмурод Озодлик билан суҳбатда Америкага Грин-карта орқали келганини айтди.

«Келганимга икки йил бўлди. Грин-карта билан Америкага келганман. Оҳайода ҳайдовчиликка ўқитишади, дейишди. Ўн ҳафта ўқиб, CDL ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман. Ҳозир трак ҳайдайман. Асосан Amazon юкларини ташийман», - деди у.

Бироқ сўнгги пайтларда Оҳайодаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар ва уларга тегишли транспорт компаниялари фаолияти Америка матбуотида муҳокама қилинмоқда.

New York Post нашри 7 октябрда эълон қилган мақоласида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг болалиги ўтган Мидлтаун шаҳри ва унинг атрофида Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳамда улар бошқараётган транспорт компаниялари сони кўпайганига эътибор қаратди.

Нашр айрим компаниялар фаолиятида эҳтимолий қоидабузарликлар, бир хил манзилларда кўплаб юридик шахслар рўйхатдан ўтказилгани ва транспорт хавфсизлиги талабларини четлаб ўтиш учун компаниялар номини ўзгартириш ҳолатлари бўлиши мумкинлигини ёзди.

Мақолада келтирилган даъволарнинг барчаси Озодлик томонидан мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Бир манзилда ўнлаб компания

New York Post мақоласида Оҳайо штатининг Батлер ва Уоррен округларида ўзбекистонликларга тегишли ўнлаб транспорт компаниялари бир хил турар жой манзилларида рўйхатдан ўтгани айтилган.

Нашр Мейнвилл қишлоғини ҳам мисол келтиради. Унинг ёзишича, аҳолиси тахминан 1500 нафар бўлган бу ҳудудда 267 та фаол тижорат юк ташиш компанияси рўйхатдан ўтган.

Мақолада айрим компанияларнинг АҚШ транспорт идораларига тақдим этган ҳужжатларида юк машиналари сони ва йиллик босиб ўтилган масофалар ҳақида шубҳа уйғотадиган рақамлар кўрсатилгани ҳам таъкидланади.

«Badri B LLC» компанияси АҚШнинг федерал Транспорт вазирлиги (DOT) ҳужжатларида ўзига тегишли экани қайд этилган 23 001 та юк машинасига эгалик қилишини билдирган. Ушбу ҳужжатларга кўра, барча юк машиналари Огайо штатидаги Лавленд шаҳрида жойлашган битта квартира манзилидан фаолият юритади", - деб хабар қилмоқда нашр.

Озодликда мазкур мақолада номи келтирилган компанияларга оид маълумотларни тасдиқловчи бошқа мустақил маълумот йўқ.

Логистика соҳасидаги мутахассис Баҳодир Файз ҳақиқатда ҳам бундай кўрсаткичлар амалдаги транспорт ташувлари ҳажми ва логистика стандартлари нуқтаи назаридан саволлар туғдиришини таъкидлайди.

Шу билан бирга, бир манзилда бир нечта компаниянинг рўйхатдан ўтгани ёки компаниялар сони кўплиги ўз-ўзидан қонунбузарликни англатмайди. Бу ҳолатларнинг ҳуқуқий аҳамиятини аниқлаш учун компанияларнинг ҳақиқий фаолияти, ҳужжатлари ва назорат идораларининг хулосалари ўрганилиши керак.

«Битта ҳайдовчига битта ширкат»

Америкада йигирма йилдан бери транспорт бизнеси билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Мирраҳмат Мўминов ўзбеклар орасида кичик транспорт компаниялари ҳам кўплигини айтади.

«Биз Оҳайонинг Акрон шаҳрида яшаймиз, Кливлендга яқин. Бизнинг кўчамизни ўзида 20 дан ортиқ трак компанияси рўйхатга олинган. У ерда атиги 30 ўзбек яшайди. Нега? Чунки ўзбеклар трак бизнеси билан шуғулланади. Компанияси бор дегани ҳар бир компания 20–30 та тракка эга дегани эмас. “Owner-operator” деган тушунча бор, яъни бир компания — бир трак, бир ҳайдовчидан иборат бўлиши мумкин», — дейди у.

Мўминовнинг таъкидлашича, компаниялар сонини уларнинг ҳақиқий ҳажми ва фаолиятидан айри ҳолда баҳолаш нотўғри хулосаларга олиб келиши мумкин.

Бироқ кичик бизнеснинг мавжудлиги транспорт хавфсизлиги талабларига риоя қилиш мажбуриятини бекор қилмайди. АҚШда тижорат юк машиналарини бошқариш учун махсус ҳайдовчилик гувоҳномаси — CDL - Commercial Driver’s License – Тижорат (юк ва йўловчи ташиш) ҳайдовчиси гувоҳномаси талаб қилинади.

Ҳайдовчи ва юк ташувчи компаниялар белгиланган хавфсизлик ҳамда ҳужжатлаштириш қоидаларига амал қилиши шарт.

Инглиз тили ва CDL қоидалари

Оҳайодаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан боғлиқ муҳокамалар фонида АҚШда тижорат ҳайдовчиларига қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилмоқда.

АҚШ Федерал автомобиль ташувчилари хавфсизлиги маъмурияти (FMCSA) маълумотига кўра, тижорат транспорт воситаларини бошқарадиган ҳайдовчилар йўл белгилари ва сигналларини тушуниш, расмий идоралар саволларига жавоб бериш ҳамда зарур ҳужжатларни тўлдириш учун етарли даражада инглиз тилини билиши керак. Бу талаб фақат муайян миллат вакилларига эмас, тегишли қоидалар татбиқ этиладиган барча ҳайдовчиларга тааллуқли.

2026 йилда АҚШ маъмурияти тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тартибига ҳам ўзгартишлар киритди. Жумладан, 16 мартдан кучга кирган янги қоида АҚШда доимий яшамайдиган хорижликларга CDL бериш ҳуқуқини муайян текшириладиган меҳнат визаси мақомлари билан чеклади. Бу қоида барча хорижлик ҳайдовчиларнинг гувоҳномалари автоматик равишда бекор қилинишини англатмайди.

Лекин, CDL олишда талаблар кучайиши мумкин.

"АҚШда ўзбекистонликлар CDL мактабларини ҳам очишган, шу мактабларда ўқиган ҳайдовчилар рулга ўтирмоқда. Табиий инглиз тилини билмайди, чунки ўзбеклар ташкил қилган мактабда ўқиган. Бу энг аввало хавфсизлик масаласини ўртага чиқаради. Энди CDL олишда талаблар кучайиши мумкин", - дейди Пенсилвания штати Питзбург шаҳрида яшовчи Баҳодир Файз.

New York Post мақоласида инглиз тилини билмаслик ва лицензия олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилган. Нашр келтирган айрим рақамлар, жумладан, 200 минг нафар муҳожир ҳайдовчи гувоҳномасидан маҳрум бўлиш хавфи остида экани ҳақидаги баёнот мустақил расмий маълумотлар билан тасдиқланиши лозим.

Тадбиркор Мирраҳмат Мўминовнинг айтишича, COVID-19 пандемиясидан кейин Америкага келган ўзбекистонликлар сони кўпайган ва уларнинг бир қисми трак бизнесига кирган.

«Гап шундаки, COVID-дан кейин ўзбеклар Америкада кўпайди. Олдин CDL олиш учун муайян қийинчиликлардан ўтиш керак эди. Масалан, пермит олгандан кейин маълум бир муддат устоз-шогирд бўлиб трак ҳайдарди. Ҳозир эса ўзбеклар қариндоши, таниши ёки қишлоқдошини чақирмоқда. Ноқонуний CDL мактаблари бўлган, ноқонуний пермит олиш ҳолатлари бўлган, бу бўйича терговлар бўляпти. Мана шу ҳолатлар қонуний ишлаётган ўзбекистонликлар фаолиятига ҳам соя солмоқда», — дейди у.

Мўминовнинг бу гаплари айрим қоидабузарликлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги унинг баҳосидир. Қайси мактаблар ёки шахсларга нисбатан тергов ўтказилаётгани ва қандай қоидабузарликлар аниқланганини расмий маълумотлар асосида алоҳида текшириш зарур.

Оғир авариялар ва жиноий ишлар

New York Post мақоласида ўзбекистонлик ҳайдовчилар иштирокидаги оғир йўл-транспорт ҳодисалари ҳам тилга олинган.

Нашр ёзишича, 2026 йил июлида Оҳайо штатидаги Interstate 71 автомагистралида юк машинаси Honda Accord автомобилига урилиши оқибатида 21 ёшли Тоби Форсайт ҳалок бўлган. Мақолада юк машинасини Бехзод Асраров бошқаргани ва унинг инглиз тилида мулоқот қилиш имконияти чеклангани ҳақида ёзилган. Нашр, шунингдек, ишда далилларни яшириш билан боғлиқ айблов тилга олинганини билдирган.

Бироқ айбловнинг мавжудлиги шахснинг судда айбдор деб топилганини англатмайди. Мазкур иш бўйича суднинг якуний қарори ҳақида Озодликда мустақил тасдиқланган маълумот йўқ.

Нашр 2026 йил февралида Индиана штатида Амиш жамоаси қурувчиларини олиб кетаётган микроавтобус билан юк машинаси тўқнашгани ва ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганини ҳам қайд этган.

Мақолада, шунингдек, ўзбекистонлик Шавкат Абдушукуровнинг 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва одам ўғирлаш билан боғлиқ иш бўйича айбдор деб топилгани айтилган.

Ушбу ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам New York Post нашрига тааллуқли. Ҳар бир иш бўйича суд ҳужжатлари ва расмий баёнотларни текширмасдан туриб, уларга оид барча тафсилотларни мустақил тасдиқланган факт сифатида тақдим этиб бўлмайди.

Мирраҳмат Мўминов New York Post мақоласида айрим ҳолатлар умумлаштириб талқин қилинган, деб ҳисоблайди.

«New York Post мақоласини кўрдим. Бу мақолада шундай бир кўпиртириш борки, Оҳайони ўзбеклар босиб кетди, яъни қавс ичидаги муҳожирлар ва қавс ичидаги жиноятчилар. Америкада юкларнинг катта қисми қуруқлик орқали ташилади. Юз минглаб ҳайдовчи кунини йўлда кечиради. Улар орасида турли давлатлардан келган муҳожирлар бўлиши ва йўл ҳалокати содир этиши мумкин. Лекин битта ҳолатни олиб, бутун ўзбек жамоасининг юзига лой чаплаш тўғри эмас», — дейди у.

New York Post мақоласида маҳаллий аҳолининг айрим вакиллари демографик ўзгаришлар, янги масжид қурилиши, юк машиналари ҳаракати ва транспорт компаниялари фаолиятидан норозилиги ҳам баён қилинган.

Бироқ Озодлик гаплашган тадбиркорлар, муайян ҳудудда муҳожирлар сонининг кўпайиши, бир хил манзилда бир нечта компания рўйхатдан ўтгани ёки айрим ҳайдовчиларга нисбатан айбловлар мавжудлиги бутун жамоа ҳақида хулоса чиқариш учун етарли эмаслигини таъқидлайди.

АҚШ ваколатли идоралари эса ўзбек тракчилари орасида хавфсизлик қоидаларини бузишдан тортиб, ўлимга сабаб бўладиган транспорт ҳодисаларини келтириб чиқаришга қадар қонунбузарликлар кўпайганини қайд этмоқда.

Форум

​
XS
SM
MD
LG