Линклар

Шошилинч хабар
15 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 03:17

MrBeast ва ўзбек ёшлари - машҳур блогер нега ажиотажга сабаб бўлди?

YouTube платформасида 521 миллиондан ортиқ кузатувчига эга MrBeast — Джимми Дональдсон.
YouTube платформасида 521 миллиондан ортиқ кузатувчига эга MrBeast — Джимми Дональдсон.

Дунёнинг энг оммабоп блогери, YouTube платформасида 521 миллиондан ортиқ кузатувчига эга MrBeast — Джимми Дональдсоннинг Ўзбекистонга сафари ҳақиқий шов-шув ва хаос келтириб чиқарди.

Джимми Дональдсон Ўзбекистонга шунчаки сайёҳ сифатида келмаганди.

Ўзбекистон Туризм қўмитасига кўра, унинг сафари мамлакат туризми жозибадорлигини ошириш ҳамда рақамли туризмни тарғиб қилиш учун ташкил этилганди.

Расмий маълумотга кўра, блогер билан учрашувлар аввалига Тошкентда режаланган ва бунинг учун иштирокчиларга аввалдан эълон берилган.

Миллионлаб кузатувчиси бўлган юлогер билан учрашиш учун 232 254 та ариза келиб тушган. Улар орасидан компьютер тасодифий равишда 200 кишини танлаган. Учрашув бепул бўлган.

Ҳукумат вакиллари ижтимоий тармоқларда глобал масштабда томоша қилинаётган контентмейкерни жалб қилиш орқали Ўзбекистонни дунё ёшлари харитасига олиб чиқишни мақсад қилганини таъкидлашади.

Бироқ бу сафарнинг ташкилий қисми ва кўрилган хавфсизлик чоралари жиддий саволларни келтириб чиқарди.

Аммо, Тошкентда юзлаб ўсмир у жойлашган меҳмонхона ва тадбир ўтказилаётган майдонларни ўраб олди. Ижтимоий тармоқларда блогерни кўриш линжида бўлган юзлаб ёшларнинг видеолари тарқалди.

Тошкентда кузатилган бу рақамлар блогерга бўлган қизиқишнинг катталигини кўрсатувчи омил ва давлат идораларининг бу сафарни уюштиришини оқловчи исбот тариқасида тақдим қилинди.

Аммо, блогерни конкрет қайси ташкилот Ўзбекистонга олиб келди, бу сафар қанча тушди - бу саволларга яна аниқ жавоб берилмади.

Тошкентдаги расмий тадбирдан кейин жамоатчилик бу саволларни муҳокама қиларкан, MrBeast'нинг Самарқанддаги можароси янги баҳсларга йўл очди.

Бу шаҳарда блогерни кўриш учун минглаб мухлис, асосан ёшлар тўпланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёшларнинг блогер ортидан юргани, айрим жойларда ўтиш қийинлашгани ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари оломон ҳаракатини назорат қилишда қийналгани кўринади.

Муҳлислар сони кўплигини кўрган MrBeast аввалига Ўзбекистонга тез-тез келиб туриши кераклигини айтади, аммо кейинроқ у ўз фикрини бироз ўзгартиради.

«Атрофда минглаб одамлар! Менинг бу ерда бўлишим ҳозир мамлакат учун жуда катта оғирлик яратаётган бўлса керак. Балки бу ердан кетишимиз керакдир?» деди MrBeast.

Блогер билан суратга тушиш ва совға олиш умидида тўпланган ёшлар орасида тиқилинчлар юзага келди.

Kursiv нашри Самарқандда блогерни кузатиш учун Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб этилганини хабар қилди.

Блогер Самарқанддаги оломондан сўнг Бухоро ва Хоразмга сафарини бекор қилганини айтди. Унинг видеотасвирчилари бу икки вилоятга бориб, тасвирга олиш ишларини тезда тугатиб, қайтгани маълум бўлди.

MrBeast'нинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши кулгили ҳолатларга ҳам сабаб бўлди.

Кўчада мотоцикл ва шлемда бўлган хитойлик сайёҳни ўсмирлар оломони шаҳарни тарк этаётган MrBeast деб ўйлаб, ўраб олишди. Кейинроқ хитойлик меҳмон оломон орасидан чиқиб кета олди. У бўлиб ўтган воқеадан шокка тушгани ва ҳеч нарсага тушунмаганини айтди.

Жамоатчилик фаоллари бу воқеани кенг шарҳламоқда. Улардан айримларига кўра, бу ҳолат нафақат ташкилотчиларнинг хавфсизликни етарлича баҳоламагани, балки маҳаллий ёшлар ўртасида MrBeast каби ёшларни оммавий маданият ҳамда турли маданий, маърифий ҳамда кўнгилочар тадбирлар, лойиҳаларга руҳлантирувчи қаҳрамонларга кучли эҳтиёж борлигини кўрсатган.

- Оломон йиғилган жойда тартиб билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Бу crowd management - катта оломонни бошқариш, йўналтириш масаласи. Бу ҳуқуқ-тартибот ва бошқа масъуллар иши! - дейди Озодлик билан суҳбатда ёш тадқиқотчи Отабек Умар.

Шу тариқа, MrBeast’нинг сафари ўзбек жамоатчилигида кескин қаршилашган икки майдон тарафдорларини яна марказга чиқарди.

Бу сафарни олқишлаганлардан бири, ўзбекистонлик жамоат фаоли Умидхон Мўйдинхўжа фикрича, миллионлаб долларга тенг маркетинг ўрнини босувчи бундай ташриф мамлакат туризми ва бренд сифатида танилиши учун бебаҳо имкониятдир:

- MrBeast’нинг Ўзбекистонга келиши мамлакат учун улкан ижобий ҳодиса! Тошкент ва Самарқанд бу ютубчининг миллионлаб муҳлислари эътиборига тушади. Шундай машҳур одамлар орқасидан мамлакат имиджини кўтариш имкони бор. Кечаги воқеалар шуни кўрсатадики, бизнинг ёшларимиз жаҳон трендларини кузатиб борувчи фаол, ғайратли ва илғор фикрлилардир. MrBeast хайрия ишларига миллионлаб доллар сарфловчи саҳоватпеша тадбиркор, ёшларимиз ундан кўп нарса ўрганишади.

Танқидчилар эса давлат бюджети ва йирик маъмуритй ресурс сарфланган ушбу тадбирнинг асл ижтимоий нафига шубҳа билан қарамоқда.

Хусусан, «Маориф ва илм-фанга берилмаган эътибор ва сармоя нега арзон шоу-бизнесга ажратилмоқда?» деган савол тез-тез янграмоқда.

Шунингдек, бундай блогерлар ёшларнинг фақат визуал шов-шув ва енгил контент ортидан эргашишини кучайтиради, деган танқид янграмоқда.

Самарқандлик фаол ва журналист Анастасия Павленко эса давлат томонидан блогер ўрнини боса оладиган муқобил лойиҳа, ғоя ва қаҳрамонлар таклиф этилмаяпти, деган фикрда.

"Аслида болаларнинг айби нимада? Дунё бўйлаб миллионлаб тенгдошлари танийдиган ва томоша қиладиган инсонни кўришни истаганидами? Машҳур инсон билан суратга тушишни орзу қилганидами? Ёки совға олишга умид қилганидами?...

Мени ундан кўра бошқа нарса кўпроқ қизиқтиради. Биз, катталар, ушбу авлодга бунинг эвазига нимани таклиф қила олдик? Қайси воқеалар, лойиҳалар ёки учрашувлар ўқувчиларимизда шунчалик ҳаяжон ва қувонч уйғотишга қодир?" - дея савол қўяди ўзбекистонлик журналист Анастасия Павленко.

Дунёнинг қарийб ярим миллиарди томоша қилаётган 28 яшар блогер - MrBeast муваффақиятининг сири нимада, деган савол ҳам бор.

У шунчаки блогер эмас — у рақамли даврнинг “саховатпеша тадбиркори” сифатида танилган.

Рақамли дунё кузатувчилари унинг муваффақияти учта асосий устунга таянади деб ҳисоблайди: миллионлаб долларлик челленжлар, йирик хайрия лойиҳалари ҳамда томошабинни бир сония ҳам чалғитмайдиган динамик видеомонтаж.

Рақамли медиа ривожланаётган, аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон каби мамлакатларда эса MrBeast образи “тез бойиб кетиш”, “орзуларга эришиш” ва “қизиқарли ҳаёт” символи сифатида қабул қилинади.

Блогер ва жамоат фаоли Отабек Умар ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида "Ёшлар кайфиятини бузманглар" деган пост қолдирди.

Унинг фикрича, бу блогерга қизиқиш ёшларда ижтимоий лифт ва кўнгилочар соҳага бўлган кучли эҳтиёжни яққол кўрсатади.

- MrBeast кимлигини ёки Z-авлод қизиқишларини билмайдиган инсонлар бу ҳодисага ҳайрат билан қараяпти. Ваҳоланки ҳозирги ижтимоий тармоқлар даврида блогерлар улар орасида катта юлдузларга айланган. Ёш йигит-қизларнинг кўчага ёпирилиб, ўз эмоцияларини билдиришинида мен ажабланарли ҳолат кўрмадим.

MrBeast`нинг келганини танқид қиляпмизу, бошқа томондан Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиққанида ўзимиз оммавий чиқишлар қилганмиз. Ахир футбол ҳам - фанатлик! Биз ёшларга яхши кайфият совға қилдик. Компьютерда ўтирса ҳам танқид қиламиз уларни, кўчага ёпирилиб чиқса ҳам ёқмайди бизга. Ёшлар жонли мулоқот қилсин, шундай тадбирларга қатнашса яхши деб ўйлайман.

MrBeast’нинг Ўзбекистонга сафари — мамлакатдаги Z-авлоднинг бугунги оммавий маданиятга муносабати ва глобал трендлар билан туташгани, давлат медиаси ҳамда PR сиёсатидан эса узоқ экани, айрим таҳлилчиларга кўра эса, ҳатто анча ўзиб кетганини кўрсатди.

Аксар таҳлилчилар, юзлаб ўсмирнинг қисқа муддатда тўпланиб, миллий гвардия ҳам зўрға назорат қиладиган оломонга айланиб кетишини эса, мамлакатда ёшлар сиёсатидаги ғоявий бўшлиқни юзага чиқарди, демоқда.


Форум

​
XS
SM
MD
LG