Линклар

Шошилинч хабар
30 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 03:07

Ўқувчиларнинг Хитой дефолиантидан заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

23 сентябрда пахтага сепилган кимёвий доридан заҳарланган ўқувчилар
23 сентябрда пахтага сепилган кимёвий доридан заҳарланган ўқувчилар

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида пахта даласига кимёвий восита сепилганидан кейин мактаб ўқувчиларининг заҳарланиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар вазирлиги илк бор далага сепилган препарат номини ҳам очиқлади — расмий маълумотга кўра, бу «Агро Аугрон» воситаси бўлган.

Ички ишлар вазирлигининг 29 сентябрда тарқатган расмий ахборотига кўра, воқеа 23 сентябрь куни Ғузор туманидаги 51-сонли мактабда содир бўлган.

ИИВ дастлаб соат 11:45 ларда 21 нафар ўқувчи кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинганини билдирди.

Ўрганиш давомида мактаб жойлашган Янгиобод маҳалласига туташ ҳудудда «Шохмалик Шермурод ўғли» фермер хўжалигига қарашли 88 гектар ер борлиги, унинг 20 гектари мактаб атрофида жойлашгани аниқланган.

ИИВнинг дастлабки маълумотига кўра, ўша куни соат 09:00 лар атрофида пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида далага «Агро Аугрон» номли кимёвий восита сепилган.

Вазирлик бунинг оқибатида 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчисида "ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари" кузатилганини билдирди. Уларга дастлаб "ошқозон диспепсия синдроми" ташхиси қўйилган.

29 сентябрдаги расмий маълумотга кўра, етти нафар ўқувчи ҳали ҳам Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда, 15 нафари эса аҳволи яхшилангач уйига жавоб берилган.

Расмий рақамлар нега фарқ қилади?

ИИВ маълумоти воқеадан кейин маҳаллий идоралар берган дастлабки рақамлардан ҳам, Озодлик суҳбатлашган ота-оналар ва ўқитувчилар айтган рақамлардан ҳам фарқ қилади.

Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати 24 сентябрда Озодликка 14 нафар ўқувчи шифохонага олиб борилгани ва уларнинг барчаси уйига жавоб берилганини билдирган эди.

Бироқ 25 сентябрда Озодлик билан гаплашган ота-оналар ва ўқитувчилар 23 сентябрь куни 60 дан ортиқ бола шифохонага олиб келинганини, икки кундан кейин ҳам 30 дан ортиқ бола касалхонада қолаётганини айтган. Уларнинг иддаосича, ўнга яқин бемор жонлантириш бўлимида даволанган.

Озодликка тақдим этилган видеоларда шифохона палаталарида бир нечта бола ётгани, айримларига кислород ниқоби ёки бурун найчаси орқали кислород берилаётгани кўринган.

Жиноят иши қайси модда билан қўзғатилди?

ИИВ маълумотига кўра, воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми — «Зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган.

201-модданинг 1-қисми бўйича айбдор деб топилган шахсга 50 дан 100 БҲМгача жарима, беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

ИИВ ҳозирча жиноят иши муайян шахсга нисбатан қўзғатилганини билдирмаган. Хусусан, «Шохмалик Шермурод ўғли» фермер хўжалиги раҳбари ёки кимёвий воситани сепган шахс гумонланувчи ёхуд айбланувчи мақомини олгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

"Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси дастлабки терговни олиб бормоқда. Ҳодисага ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли экспертизалар тайинланган."

"Агро Аугрон" — Хитой дорисими?

Озодликнинг аввалги суриштирувида ота-оналар пахтага Хитойда ишлаб чиқарилган кимёвий восита сепилганини айтган эди. Фермер билан гаплашган ота-оналардан бири ҳам фермер пахта уруғи ва дефолиант Хитойдан келтирилганини айтганини билдирган.

Вазирлик захарланишга сабабчи бўлган препаратни «Агро Аугрон» деб атади.

Озодлик текширган ташқи савдо маълумотларида «Agro-Avgurun Extra» номи билан худди шу мақсадда қўлланадиган, таркиби тидиазурон 360 г/л ва диурон 180 г/л бўлган дефолиант Хитойдан Ўзбекистонга йирик партияларда импорт қилингани кўринади.

2023 йил августда Хитойдан Ўзбекистонга "Agro-Avgurun Extra"нинг 2 минг ва 7 650 литрлик икки партияси импорт қилинган. Уларнинг умумий қиймати қарийб 265 минг доллар бўлган. Экспортчи Хитойнинг Nanjing Fengshan Chemical компанияси сифатида кўрсатилган.

2024 йилда импорт янада ошган. Май ва июнь ойларида Хитойдан ҳар бири 14 минг литрлик икки партия — жами 28 минг литр "Agro-Avgurun Extra 54%" олиб кирилган. Уларнинг умумий қиймати 401,5 минг доллар атрофида бўлган, импортёр сифатида Indorama Agro кўрсатилган.

Очиқ маълумотларда 2023–2024 йилларда Хитойдан Ўзбекистонга жами камида 37 650 литр, қарийб 666 минг долларлик "Agro-Avgurun Extra" олиб кирилгани кўринади.

Препарат таркиби тидиазурон 360 г/л ва диурон 180 г/л деб кўрсатилган. У пахта баргларини тўкиб, ҳосилни машинада теришга тайёрлаш учун қўлланадиган дефолиант ҳисобланади.

2025 йилда эса Хитойдан таркиби худди шундай бўлган "B-Augron Extra 54%" препаратининг яна камида 4 минг литри олиб кирилган. Бироқ бу маҳсулот "Agro-Avgurun Extra" билан айнан бир бренд эканини тасдиқловчи маълумот ҳозирча йўқ.

Шу боис Ғузорда сепилган "Агро Аугрон"нинг Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиши эҳтимолини кўрсатувчи жиддий далиллар мавжуд.

"Аугрон"ни ҳукуматнинг ўзи тавсия қилган

Ғузордаги воқеа алоҳида бир фермер тасодифан топиб ишлатган номаълум кимёвий восита билан эмас, балки 2026 йил пахта мавсумида Ўзбекистон аграр тизими томонидан фаол тавсия қилинган дефолиант тури билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилда Augron’ни фаол тавсия қилган

Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг 9 сентябрь 2026 йилги пахта йиғим-терими бўйича тавсиясида «аугрон» алоҳида тилга олинган. Кечки пишаётган пахта майдонларида аввал этефон сепиш, 5–7 кундан кейин эса «аугрон дефолиантига 1 литр этефон қўшиб» дефолиация ўтказиш тавсия қилинган.

Қишлоқ хўжалиги тизими тарқатган бошқа расмий материалда ҳам Augron "енгил таъсир этувчи дефолиант" сифатида таърифланиб, унинг ғўза баргларини тўкишни тезлаштириши айтилган.


Форум

​
XS
SM
MD
LG