Линклар

Шошилинч хабар
25 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 02:56

Ҳарбий прокуратура фуқарога товон тўлашга мажбур қилинди

UZ - Collage for news report about Abdurahmon Tashanov. Tashkent, 24.09.2026.
UZ - Collage for news report about Abdurahmon Tashanov. Tashkent, 24.09.2026.

Ўзбекистонда суд Ҳарбий прокуратурани ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановга товон тўлашга мажбур қилди. Ташановнинг айтишича, 22 сентябрь куни судья Узоқова раислигида ўтган мажлисда Тошкент шаҳри Миробод туманлараро фуқаролик суди унинг даъвосини қисман қаноатлантирган. Қарорга кўра, Ҳарбий прокуратура унга 5 миллион сўм маънавий ва 10 миллион сўм моддий зарар тўлаши керак. У бундай ҳолат Ўзбекистонда жамоатчиликка маълум бўлган илк воқеа бўлиши мумкинлигини айтди.

«Суммалар кичик, рамзий. Лекин Ҳарбий прокуратура сингари қудратли идоранинг жамоат фаолига маънавий зарар тўлаши принципиал жиҳатдан қувонарли», деди Ташанов Озодликка.

Ташанов нега судга тортилган эди?

Ҳарбий прокуратура 2026 йил 28 февралда Ташановга нисбатан «ёлғон ахборот тарқатиш» айби билан маъмурий иш қўзғатган. Ишга унинг Facebook саҳифасидаги ёзувлари ва Озодликка берган интервьюси сабаб бўлган. Уларда қамоқдаги собиқ амалдор Нозимжон Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги иддаолар тилга олинган эди.

Абдуллаев ҳибсга олинган пайтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Давлат инспекциясида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ҳарбий прокуратура баённомасига кўра, Ташанов «тегишли тартибда текширувдан ўтказилмаган ва фактик далиллар билан мустаҳкамланмаган ёлғон ахборот» тарқатишда айбланган. 1 апрель куни Миробод тумани жиноят ишлари бўйича суди маъмурий ишни Ташановнинг фойдасига ҳал қилган.

Шундан сўнг Ташанов Ҳарбий прокуратура, собиқ ҳарбий прокурор Отабек Холбоев ва терговчи Тимур Муҳитдиновга нисбатан фуқаролик даъвоси киритиб, 500 миллион сўм маънавий зарар талаб қилган. Унинг айтишича, суд бу талабнинг 5 миллион сўмлик қисмини, шунингдек, адвокат харажатлари учун 10 миллион сўм ундиришни маъқуллаган. Ташанов маънавий зарар миқдори кам белгиланган деб ҳисоблаб, апелляцияга мурожаат қилишини билдирди.

Ашуров ва Узақов ҳақидаги иддаолар

Нозимжон Абдуллаев президентга йўллаган мурожаатида ДХХ ходимлари ундан Президент администрацияси мулозими Комил Алламжоновга қарши кўрсатма олишга уринганини иддао қилган. У калтаклангани, ўлим билан таҳдид қилингани ва тирноғи омбир билан суғуриб олинганини ёзган.

Абдуллаев ўз мурожаатида бу ҳаракатлар ортида ДХХнинг собиқ ходимлари, полковник Алижон Ашуров ва подполковник Ганчар Узақов турганини даъво қилган. Унинг отаси Баҳодир Абдуллаев ҳам ўғли ҳибсхонадаги учрашувда ўзига нисбатан қийноқ қўлланганини айтганини Озодликка билдирган.

Бу иддаолар юзасидан тайинланган тиббий экспертиза Абдуллаев танасида жароҳатлар борлигини қайд этгани, бироқ уларни ўзига ўзи етказган бўлиши мумкин деган хулосага келгани ҳақида унинг яқинлари хабар берган. Баҳодир Абдуллаевга кўра, тергов органи ва изолятор ходимларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувида айбдорлар аниқланмаган. Озодлик қийноқ ҳақидаги иддаоларни мустақил тасдиқлай олмаган аммо кейинчалик Алижон Ашуров ва Ганчар Узақов Жанубий Кореяга ишчи юбориш билан боғлиқ пора олиш иши бўйича судланган. Суд Ашуровни 16 йилга, Узақовни эса 15 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган.

Ташановнинг Озодликка айтишича, унга нисбатан маъмурий иш қўзғатган ҳарбий прокурор Холбоев ишдан олинган. Ташанов ишни қўзғатган мансабдорларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилишини ҳам талаб қилганини айтди. Ҳозирча уларга нисбатан чора кўрилгани ҳақида маълумот йўқ.

Абдуллаев иши энди нима бўлади?

Ташановга товон тўлаш ҳақидаги қарор Нозимжон Абдуллаевга чиқарилган ҳукмни ўзгартирмайди. 27 март куни Ўзбекистон ҳарбий суди кассация тартибида Абдуллаевни дастлабки ҳукмдаги беш айбловнинг тўрттаси бўйича оқлаб, қамоқ муддатини 15 йилдан 12 йилга қисқартирган. Давлатга хиёнат айблови эса ўз кучида қолган.

Абдуллаевнинг иши ёпиқ кўрилган, суд ҳужжатлари махфийлаштирилган. Шу сабаб давлатга хиёнат айблови қайси далилларга таянгани Озодликка маълум эмас. Ташановнинг айтишича, Абдуллаев ҳимояси Олий судга шикоят берган ва ишнинг қайта кўрилишини кутмоқда.

Форум

​
XS
SM
MD
LG