Линклар

Шошилинч хабар
24 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 03:41

ЕИ Алишер Усмонов ва Фридманга нисбатан санкцияларни бекор қилди

Миллиардер Михаил Фридман ва Алишер Усмонов
Миллиардер Михаил Фридман ва Алишер Усмонов

Европа Иттифоқи россиялик-ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ва россиялик миллиардер Михаил Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқарди.

Reuters хабарига кўра, бу қарор Россия билан боғлиқ яна қарийб 3 минг жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чекловларни уч йилга узайтириш бўйича муроса келишувининг бир қисми бўлди.

Франция Словакия билан биргаликда миллий хавфсизлик билан боғлиқ сабабларни келтириб, Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни талаб қилган.

Люксембург эса санкциялар туфайли кўрилган зарар учун мамлакатдан 16 миллиард доллар талаб қилиб, арбитражга мурожаат этган Фридманни рўйхатдан чиқаришни сўраган.

Латвия дастлаб келишувга қарши чиққан, аммо якунда овоз беришда бетараф қолган. Бу қарорнинг қабул қилинишига имкон берган.

Reuters’га кўра, Франция шундан сўнг Латвиянинг Франция ядровий тийиб туриш ташаббусига қўшилиши бўйича музокаралар бошлашга, шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатида ҳарбий иштироки ва ҳаво мудофааси бўйича кўмагини кучайтиришга рози бўлган.

Европалик дипломатлар Reuters’га Франция Усмонов масаласида Озарбайжон босимига дуч келганини айтган. Озарбайжонда камида икки нафар Франция фуқароси ҳибсда сақланмоқда. Дипломатларга кўра, Париж ёпиқ мулоқотларда Боку Усмонов масаласидан Франция фуқаролари тақдири бўйича босим воситаси сифатида фойдаланаётганини билдирган. Озарбайжон бу даъвони рад этган. Президент Илҳом Алиев эса аввалроқ Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўраган.

Украина бу қарорни қоралади. Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Усмонов ва Фридманни санкциялардан чиқаришни "шармандали ва оқлаб бўлмайдиган" қарор деб атаб, Европа Иттифоқи давлатларини уларга қарши миллий чекловлар жорий этишга чақирди.

Усмонов ва Фридман 2022 йилда Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан сўнг Европа Иттифоқининг активларни музлатиш ва сафарларни чеклаш чораларига тушган эди. Янги қарор фақат ЕИ санкцияларини бекор қилади: Усмонов АҚШ ва Буюк Британия санкциялари остида қолмоқда.

Путинга яқинлик — санкциялар учун келтирилган асослардан бири

Европа Иттифоқи Алишер Усмановни 2022 йил 28 февралда — Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан тўрт кун ўтиб санкциялар рўйхатига киритган. Кейин АҚШ ва Британия ҳам унга қарши чекловлар жорий қилди.

ЕИ дастлабки санкция қарорини асослар экан, Усмановни Россия президенти Владимир Путин билан “айниқса яқин алоқаларга эга Кремл тарафдори олигарх” деб таърифлаган.

Кейинроқ ЕИ Усмонов Россия ҳукуматига катта даромад келтирадиган етакчи бизнесмен эканини ҳам санкцияларни сақлаб қолиш учун асос сифатида келтирди.

Усмонов бу даъволарни рад этиб келади.

Усмоновнинг айтишича, у бошқа айрим россиялик миллиардерлардан фарқли ўлароқ, 1990-йилларда давлат мулкини ҳокимият билан алоқалари эвазига арзон нархда қўлга киритмаган ва ўз бизнесларини бозор шароитида сотиб олган.

“Мен ҳеч қачон ҳокимиятдан совға олмаганман”, деган Усмонов 2023 йилда Тошкентда Италиянинг TGcom24 телеканалига берган интервьюсида.

У Путин билан Ғарб расмийлари таъкидлаётган даражада яқин муносабатда эканини ҳам рад этади.

Усмонов Россия ва Ўзбекистон фуқаролигига эга. Bloomberg Billionaires Index 2026 йил бошида унинг бойлигини қарийб 18,8 миллиард долларга баҳолаган.

Санкциялар Усманов оиласига ҳам таъсир қилди

Ғарб чекловлари фақат Усмоновнинг ўзи билан чекланмади. Унинг қариндошлари, компания раҳбарлари, трастлари ва Ғарб расмийлари Усмоновнинг молиявий тармоғига алоқадор деб ҳисоблаган қатор компаниялар ҳам санкцияга тушди.

Улар орасида Усмоновнинг опа-сингиллари Гулбаҳор Исмоилова ва Саодат Нарзиева ҳам бор эди. Британия Гулбаҳор Исмоилованинг ўғиллари Санжар ва Сарвар Исмоиловларга ҳам санкция жорий қилди. Сарвар Исмоилов Англиянинг “Эвертон” футбол клубида директор бўлиб ишлаган.

ЕИ Саодат Нарзиевани акаси билан молиявий алоқаларда бўлган деб кўрсатган. Гулбаҳор Исмоиловани эса Усмоновга алоқадор деб ҳисобланган активлар, жумладан Dilbar суперяхтасига эгалик қилувчи тузилмалар билан боғлаган.

Усмонов қариндошларига санкция жорий этилишини “адолатсизлик” деб атаган.

“Улар бутун умрини Ўзбекистонда ўтказган ва Россия Федерациясига ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деганди у 2023 йилда.

Европа Иттифоқи Саодат Нарзиевани 2022 йил сентябрда санкциялар рўйхатидан чиқарди. 2025 йил мартда эса Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан ЕИ санкциялари бекор қилинди.

Бироқ Исмоиловага нисбатан Британия ва АҚШ санкциялари сақланиб қолган.

АҚШ 2023 йил апрелида Усмонов билан боғлиқ шахслар ва компанияларга қарши санкцияларни кенгайтирди. Вашингтон Усмоновнинг бизнес ва молиявий фаолиятига ёрдам берган деб ҳисоблаган компаниялар, раҳбарлар, трастлар ва бошқа шахсларни ҳам рўйхатга киритди.

Яхта, самолёт ва қимматбаҳо уйлар

Санкциялар Усмонов билан боғланган улкан бойлик ва активларни ҳам нишонга олди.

Улар орасида юзлаб миллион долларга баҳоланадиган Dilbar суперяхтаси, Airbus A340 самолёти, шунингдек Германия, Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларидаги қимматбаҳо кўчмас мулклар бор.

Аммо айнан шу активларнинг кимга тегишли экани кейинчалик Усмонов ҳимоясининг муҳим қисмига айланди.

Унинг адвокатлари матбуот ва расмий ҳужжатларда “Усмоновники” деб кўрсатилган айрим активлар аслида 2022 йилдан анча олдин оилавий трастларга ўтказилганини айтади. Шу сабаб, уларнинг таъкидлашича, Усмонов бу мол-мулкнинг на эгаси ва на назорат қилувчиси ҳисобланади.

OCCRP ва бошқа нашрлар Усмонов бойлиги атрофидаги трастлар, қариндошлар ва офшор компаниялардан иборат мураккаб тизимни суриштирган.

Усмонов бу тузилмалар санкцияларни четлаб ўтиш учун ташкил қилинганини рад этади.

Санкцияларга қарши суд кураши

2022 йилдан бери Усмонов Европада санкциялар ва уларни асослашда ишлатилган айрим даъволарга қарши қатор суд ишларини олиб борди.

У нафақат ЕИ санкцияларини, балки санкцияларни асослашда фойдаланилган айрим матбуот хабарлари ва баёнотларни ҳам судда баҳслашди.

Reuters маълумотига кўра, бу ҳуқуқий кампаниянинг асосий мақсадларидан бири Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш бўлган.

ЕИ Бош суди Усмоновнинг санкцияларга қарши бир неча даъвосини рад этди ва унинг номи санкциялар рўйхатида қолди. 2024 йилги қарор устидан берилган апелляция эса ЕИ Адлия судида кўриб чиқилмоқда.

Германияда Усмоновга нисбатан олиб борилган икки тергов кейинчалик тўловлар бўйича келишувлардан сўнг ёпилди.

2024 йилда Франкфурт прокуратураси Усмоновга нисбатан икки йилдан ортиқ давом этган пул ювиш бўйича терговни ёпди. Усмонов Германия давлати ва хайрия ташкилотларига жами 4 миллион евро ихтиёрий тўлов қилишга рози бўлди.

Прокуратура ишнинг ёпилиши Усмоновнинг айбдор деб топилгани ёки судланганини англатмаслигини таъкидлади. Усмонов адвокатлари эса тергов асосий гумонларни исботлай олмаганини билдирди.

2025 йил декабрида Германияда Усмоновга қарши яна бир тергов ҳам ёпилди.

Терговда Усмонов санкцияларни бузган бўлиши мумкинлиги текширилган. Хусусан, Бавариядаги икки уйни қўриқлаш учун 1,5 миллион евро тўлангани, шунингдек қимматбаҳо буюмлар, картиналар ва вино шишалари ҳақида Германия расмийларига маълумот берилмагани ўрганилган.

Усманов қонунбузарлик қилганини рад этган. У терговда тилга олинган уйлар ҳам ўзига тегишли эмаслигини билдирган.

Унинг адвокатларига кўра, Усмонов ишни ёпиш учун Германия давлати ва хайрия ташкилотларига 10 миллион евро тўлашга рози бўлган. Ҳимоя томони бу тўлов жарима, жазо ёки айбни тан олиш эмаслигини таъкидлаган.

Германиядаги терговларнинг ёпилиши Усмоновнинг ўзига нисбатан ЕИ санкцияларини бекор қилмади.

Тошкент ҳам Усманов масаласини ЕИ олдида кўтарган

Ўзбекистон ҳукумати ҳам Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатиш масаласини ЕИ олдида кўтарган.

Financial Times 2022 йилда Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан Усмонов ва унинг синглисига нисбатан санкцияларни юмшатишни сўрагани ҳақида хабар берган.

Тошкент келтирган асослардан бири иқтисодий эди: санкциялар Усмоновнинг Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятларига салбий таъсир қилиши мумкин.

Усмонов масаласи Тошкент билан Европа ҳукуматлари ўртасидаги муносабатларда нозик мавзулардан бирига айлангани хабар қилинган.

Der Spiegel маълумотига кўра, Германияда Усмонов билан боғлиқ объектларда тинтувлар ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Германия элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган. Ўзбекистон ТИВ мулоқот тафсилотларини очиқламаган.

Усмоновнинг Ўзбекистонда катта иқтисодий ва хайрия лойиҳалари бор.

Унинг президент Шавкат Мирзиёев оиласи билан ҳам қариндошлик ришталари бор. Усмановнинг 2013 йилда вафот этган жияни Бобур Усмонов Шавкат Мирзиёевнинг жияни Диёрa Мирзиёева билан турмуш қурган эди.

Forbes маълумотига кўра, Усмонов 2022 йилда Тошкентга кўчиб ўтган.

2023 йилда Тошкентда TGcom24 телеканалига интервью берган Усманов бизнесни бевосита бошқаришдан четлашганини, инвестицияларидан келадиган дивидендлар ҳисобига яшаётганини ва энди асосий эътиборини хайрия ишларига қаратаётганини айтган.

“Ҳа, мен Россия фуқаросиман, лекин она Ватаним манфаатлари билан яшайман”, деган у Ўзбекистон ҳақида.

Бойликни Ўзбекистонга бериш ваъдаси

Фарзанди бўлмаган Усмонов бойлигининг келажаги ҳақида ҳам бир неча бор гапирган.

У 2013 йилда Forbes’га қариндошлари етарлича бой эканини айтиб, ўз бойлигини мерос қилиб қолдириш ўрнига Россия ва “тарихий ватани” Ўзбекистонда илм-фан, маданият ва спортни қўллаб-қувватлайдиган хайрия ишларига сарфлаш ниятини билдирган.

2023 йилда Тошкентда берган интервьюсида эса Усмонов Ўзбекистонга ёрдам бериш учун “барча куч ва ресурсларини” сафарбар қилишини айтган.

XS
SM
MD
LG