Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида яширин иқтисодиётга қарши курашдаги камчиликлар ортидан ишдан олган икки юқори лавозимли амалдор Тошкентда судланмоқда. Уларга ўзлаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби айбловлар қўйилган.
Олий суднинг суд мажлислари жадвалига кўра, Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Юнусжон Насимжонов ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Алишер Ғаниевга оид ишларни кўриб чиқиш 21 сентябрга белгиланган. Ишлар Шайхонтоҳур туман жиноят ишлари бўйича судида кўрилмоқда.
2021–2026 йилларда пойтахт солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган Насимжонов ўта кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек, ўта кўп миқдорда зарар етказган ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Ўзлаштириш бўйича айблов тасдиқланса, у беш йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ғаниевга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда Ўзбекистондан қонунга хилоф равишда чиқиш ёки мамлакатга кириш айбловлари қўйилган. Суд маълумотларида чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ айблов такроран содир этилган ҳаракат ва четга чиқиши учун махсус рухсат талаб қилинадиган мансабдор шахсга оид оғирлаштирувчи ҳолатларни қамраб олиши кўрсатилган.
Очиқ суд маълумотларида етказилган зарар миқдори, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган компаниялар ёки икки собиқ амалдорга оид ишлар ўзаро боғлиқ экани ҳақида маълумот келтирилмаган. Суд ва прокуратура батафсил айблов хулосасини ҳам эълон қилмаган.
Айбланувчиларнинг қўйилган айбловларга муносабати ҳозирча маълум эмас. Улар суд ҳукми қонуний кучга киргунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Мирзиёев 27 январдаги йиғилишда Тошкентда солиқ маъмурчилиги ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни «мутлақо қониқарсиз» деб баҳолаб, мазкур икки амалдорни ишдан олишни буюрган эди.
Йиғилишда пойтахтдаги яширин ва ҳисобга олинмаган иқтисодиёт ҳажми қарийб 60 триллион сўмга етгани, оқибатда бюджетга 7,5 триллион сўм солиқ тушмагани айтилган.
Президент айрим солиқ раҳбарларини тушумларни кўпайтириш ўрнига муайян тадбиркорларга ҳомийлик қилишда айблаган. Расмийларга кўра, текширувлар давомида 70 миллиард сўмлик солиқ ҳисобланмай қолгани аниқланган.
Йиғилишда Ғаниев айрим тадбиркорларга солиқ тўлашдан қочиш йўлларини кўрсатиб юргани айтилган. Президент уни ишдан олиш, Насимжоновнинг фаолиятига эса ҳуқуқий баҳо беришни топширган.
Шу билан бирга, пойтахт солиқ идоралари бюджет тушумлари режасини ҳалол тадбиркорлардан ортиқча солиқ ундириш ҳисобига бажаргани танқид қилинган. Расмий маълумотларга кўра, 46 минг 400 та корхона жами 876 миллиард сўм ортиқча солиқ тўлаган.
Расмийларга кўра, 2024 йил бошидан буён 19 нафар солиқ ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилиб, уларнинг ҳаракатлари давлатга 27 миллиард сўм зарар етказган.
Январь ойида Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекциясининг собиқ бошлиғига нисбатан ҳам жиноят иши очилгани маълум қилинган. У инспекция биносининг бир қисмини шахсий манфаати учун ижарага бериб, 315 миллион сўмни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Суд гувоҳларни қачон тинглаши ёки жараён журналистлар учун тўлиқ очиқ бўлиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Форум