Тошкентда Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ миллионлаб долларлик коррупция иши бўйича судланган Давлат хавфсизлик хизматининг тўрт собиқ ходими 15 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.
Суд ҳукми билан танишган ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, Бектемир туман суди ДХХнинг Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуровни 16 йилга, унинг собиқ ўринбосари Тимур Шариксиев ва бошқарманинг собиқ ходими Ганчар Узақовни 15 йилу 6 ойга, собиқ ДХХ ходими Сухроб Сайфутдиновни эса 15 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Қарийб икки ой давом этган суд жараёни 17 сентябрда якунланган.
Ёпиқ ўтган суд
Суд мажлислари жадвалини эълон қиладиган "Adolat" ахборот тизимида Ашуров, Шариксиев, Узақов ва Сайфутдинов иши бўйича навбатдаги мажлис 17 сентябрь куни соат 10:30 га белгилангани кўрсатилган. Бироқ мажлис тафсилотлари очиқланмаган.
Дастлаб очиқ деб эълон қилинган суд жараёни кейинчалик ОАВ учун ёпиқ ўтказилган.
"Adolat" тизимидаги маълумотларга кўра, тўрт судланувчига дастлабки терговда Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов қўйилган:
- 210-модда 3-қисмининг "а" ва "б" бандлари — пора олиш;
- 243-модда — жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш;
- 301-модда 1-қисми — ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ваколат доирасидан четга чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги.
Расмий суд жадвалида бу иш бўйича 30 нафар шахс жабрланувчи сифатида кўрсатилган.
90 миллион долларлик схема
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 14 май куни эълон қилган баёнотда Жанубий Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ 90 миллион долларлик схема бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.
"Терговда Кореяга ишга юбориш учун жиноий гуруҳ томонидан расмий тўловлардан ташқари фирибгарлик йўли билан 7–12 минг АҚШ долларидан қарийб 90 миллион АҚШ доллари йиғилгани маълум бўлди", дейилган расмий баёнотда.
Бош прокуратура схема ортида уюшган жиноий гуруҳ турганини билдирган.
Озодликка тақдим этилган тергов ҳужжатида ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг собиқ бошлиғи Алижон Ашуров, унинг собиқ ўринбосари Тимур Шариксиев ҳамда бошқарманинг собиқ ходимлари Ганчар Узақов ва Сухроб Сайфутдинов Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ коррупция иши фигурантлари сифатида тилга олинган.
Ҳужжатга кўра, коррупция тармоғига 2022 йилда бир гуруҳ ДХХ ва Миграция агентлиги ходимлари томонидан асос солинган.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ДХХ ходими Сухроб Сайфутдинов 2022 йилда Миграция агентлиги директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Сенат Кенгашининг 2024 йил 23 апрелдаги қарорида ҳам Сайфутдинов "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходими" сифатида кўрсатилган. Бу ҳужжат у Миграция агентлигидаги лавозимини эгаллаб турган пайтда ҳам ДХХ ходими мақомига эга бўлганини кўрсатади.
12 мингдан зиёд фуқародан пул йиғилган
Озодлик қўлга киритган тергов ҳужжатида айтилишича, Миграция агентлиги ходимларининг топшириғи билан вилоятлардаги бир гуруҳ филиал ходими Жанубий Кореяга ишлаш учун бориш истагида бўлган 12 мингдан зиёд фуқародан 7 мингдан 12 минг долларгача пул йиғган.
Ҳужжатда йиғилган пулнинг 70 фоизи Миграция агентлиги ва ДХХдаги схема иштирокчилари ўртасида тақсимлангани иддао қилинади.
Суд ҳукми билан танишган ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба тўрт судланувчи ҳукмда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари сифатида тилга олинганини билдирди.
"Ҳукмда ёзилишича, улар Ўзбекистон фуқароларини Кореяга ишга юбориш учун "Е-9" ва "Е-7" визаларига талаб қилинадиган EPS-TOPIK тести ва малака имтиҳонларидан ўтказиш, муваффақиятли номзодларни SPAS электрон базасига киритиш ҳамда Корея иш берувчилари томонидан танлаб олинишига кўмаклашиш эвазига пора олишган. Ашуров, Узақов, Шариксиев ва Сайфутдинов жиноий фаолиятдан олинган даромадлар ҳисобига кўчмас мулк ва транспорт воситалари сотиб олиб, бу маблағларни легаллаштирган", деди манба.
Икки собиқ миграция ходими қамалмаган
2026 йил 5 июнда ушбу иш доирасидаги яна икки фигурант — Миграция агентлигининг собиқ ходимлари Беҳзод Бойсариев ва Сайфитдин Ризаевга нисбатан ҳам суд ҳукми чиққан.
Наманган шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ҳукмида Бойсариев ва Ризаев Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, фуқаролардан 6 мингдан 8,5 минг долларгача пул олгани қайд этилган. Иш бўйича 70 нафардан ортиқ жабрланувчининг кўрсатмаси тингланган.
Суд ҳукмига кўра, Бойсариев ва Ризаев айбига иқрор бўлган ҳамда Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди — фирибгарлик бўйича айбдор деб топилган. Бироқ уларга қамоқ жазоси тайинланмаган.
Ҳукмда жабрланувчиларга етказилган 7 миллиард 80 миллион сўмлик, тахминан 589 минг долларлик моддий зарар тўлиқ қоплангани сабабли уларга жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилгани қайд этилган.
Яна бир собиқ ДХХ ходими Туркиядан қайтарилган
Озодлик манбаларига кўра, Кореяга ишга жўнатиш схемасининг яна бир фигуранти — хорижга қочиб кетган собиқ ДХХ ходими М.Н. Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилган. Ҳозир унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Манбалар М.Н. маълум муддат ДХХнинг Ўз хавфсизлиги бошқармасида коррупция масалалари бўйича куратор бўлиб ишлаганини айтди.
Озодлик қўлга киритган ҳужжатда коррупция тармоғида иштирок этгани иддао қилинган бошқа ДХХ ва Миграция агентлиги ходимларининг исмлари ҳам келтирилган. Бироқ бу маълумотлар қўшимча манбалар орқали тасдиқланмагани боис Озодлик уларнинг исмларини ошкор қилмаяпти.
Интерпол қидирувида бўлган Тоштемиров
Ҳужжатда номи келтирилган шахслардан бири — Азизбек Тоштемиров бу иш доирасида Интерпол қидирувига берилгани орқали аввалроқ жамоатчиликка танилган.
У 2026 йил майида Кореяга ишчи жўнатиш тизимидаги эҳтимолий коррупция юзасидан очилган жиноят иши доирасида фирибгарлик айблови билан Интерпол орқали қидирувга берилган эди. Кейинчалик унинг исми Интерпол сайтидаги очиқ қидирув рўйхатидан йўқолди. Қидирув расман бекор қилинган-қилинмагани маълум эмас.
Андижонлик 36 ёшли Тоштемиров 2025 йил мартда коррупцияга оид гумонлар ортидан Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги миграция ваколатхонаси раҳбари лавозимидан олинган.
Озодлик Тоштемировга тергов ҳужжатидаги маълумотлар юзасидан саволлар йўллади. У ўз жавобида иддаоларни рад этиб, уларни "сиёсий ўйин" деб атади.
Агентлик раҳбарининг ишдан олиниши
2026 йил 3 сентябрда Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев лавозимидан олинди. Расмий хабарда унинг бошқа ишга ўтгани айтилди, аммо орадан икки ҳафта ўтиб ҳам қаерга тайинлангани маълум қилинмади.
Озодликда Мусаевнинг ишдан олиниши ушбу жиноят ишига боғлиқ эканини тасдиқловчи маълумот йўқ.
Уч ой аввал агентликнинг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров Мусаевни идорадаги коррупция схемаларига алоқадорликда айблаган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати эса маҳаллий ОАВга Мусаевга нисбатан жиноят иши очилмаганини билдирган.
"Офис" суриштирувларида тилга олинган шахслар
Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ иш бўйича судланганлардан камида уч нафари — Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Ганчар Узақов — Озодликнинг Тошкентдаги норасмий "Офис" тузилмаси ҳақидаги суриштирувларида ҳам асосий фигурантлар сифатида тилга олинган.
Озодлик манбалари ДХХнинг собиқ раиси Абдусалом Азизов норасмий "Офис" фаолиятидан хабардор бўлгани ва унинг эҳтимолий жиноятларига кўз юмганини иддао қилган.
Манбаларга кўра, Азизов билан бир пайтда — 2024 йил 22 ноябрда лавозимидан олинган ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров "Офис" билан яқин ҳамкорлик қилган.
Озодликка сиздирилган маълумотларда "Али бобо" лақаби билан танилган Ашуров раҳбарлигидаги бошқарма амалда кенг ваколатларга эга бўлгани айтилган. Манбалар Ашуров ўз ваколатларидан "Офис"нинг ноқонуний манфаатларини илгари суришда фойдаланганини иддао қилган.
Ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари Ашуровнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Тимур Шариксиев ДХХнинг иқтисодий хавфсизликка масъул ходими сифатида "Офис"нинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилганини билдирган.
Манбалар Ганчар Узақов ҳам "Офис" фойдасига ишлаб, маҳаллий журналист ва блогерларга ноқонуний босим ўтказганини иддао қилган.
Озодликнинг 2024 йил кузида эълон қилинган суриштирувларидаги бу иддаоларга расмийлар ҳозирга қадар муносабат билдирмаган.
Алижон Ашуров 2024 йил 22 ноябрда лавозимидан олинган. Кейинчалик унинг қўл остида ишлаган бир неча мулозим, жумладан, подполковниклар Тимур Шариксиев ва Ганчар Узақов ҳам ишдан бўшатилган.
Форум