Линклар

Шошилинч хабар
11 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 15:52

СИ давригача чўзилган ўзбекларнинг алифбо муаммоси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбутаев - 10 сентябрь, 2026
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбутаев - 10 сентябрь, 2026

Сунъий интеллект (СИ) матнларни турли ёзув ва тиллар ўртасида бир неча сонияда ўгираётган бир пайтда, Ўзбекистон 1993 йилда бошланган кириллдан лотинга ўтиш жараёнини ҳамон якунлай олмаяпти.

Гап Совет давридан қолган ва рус тилида ишлатиладиган кирилл ёзувидан фарқли миллий алифбога тўлиқ ўтиш ҳақида бормоқда. Янги уриниш 33 йилдан бери чўзилаётган жараёнга ниҳоят нуқта қўя оладими?

Сенат 10 сентябрь куни Sh, Ch, O‘ ва G‘ ҳарфлари ўрнига Ş, Ç, Ö ва Ğ ҳарфларини киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Ng ҳарфлар бирикмаси сақлаб қолинади, аммо алифбодаги алоҳида ҳарф ҳисобланмайди.

Янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Қонун кучга кириши учун уни президент Шавкат Мирзиёев имзолаши керак.

Расмийлар бу ўзгаришлар ўзбек ёзувини “бир товуш — бир ҳарф” тамойилига яқинлаштириши ҳамда O‘ ва G‘ ҳарфларини ёзишда қўлланаётган турли апостроф ва қўштирноқ белгиларидан келиб чиқадиган чалкашликларни бартараф этишини айтмоқда.

Бу эса бошқа бир саволни ўртага чиқаради: Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам замонавий муаммони ҳал қиляптими ёки технология анча осонлаштириб қўйган масалага яна вақт ва маблағ сарфлаяптими?

33 йиллик ўтиш даври

Ўзбекистон Совет Иттифоқи парчаланиб, мустақилликка эришганидан икки йил ўтиб, 1993 йил сентябрида лотин ёзувига асосланган алифбони қабул қилди. Ўша дастлабки алифбода ҳозир қайта киритилаётган Ç, Ğ ва Ş каби ҳарфлар мавжуд эди.

1995 йилда стандарт компьютер клавиатураларида ёзишни осонлаштириш мақсадида алифбо қайта ўзгартирилди. Диакритик белгили ҳарфлар ўрнига ҳарф бирикмалари ва апострофли шакллар киритилди. Натижада ҳозирги Sh, Ch, O‘ ва G‘ пайдо бўлди.

Кириллдан лотинга ўтиш жараёни дастлаб 2000 йилгача якунланиши керак эди. Кейин бу муддат 2005 йилга, сўнг 2010 йилга кўчирилди. 2021 йилда ҳукумат лотин ёзувига 2023 йил 1 январгача тўлиқ ўтиш бўйича яна бир режани эълон қилди.

Бу муддат ҳам ўтиб кетди.

Бугун таълим тизимида асосан лотин алифбоси ишлатилса-да, кирилл ёзуви китоблар, газеталар, телевидение, ижтимоий тармоқлар ва катта авлод вакиллари ўртасидаги ёзишмаларда кенг қўлланмоқда. Ёшларнинг аксарияти лотин алифбосида, катта авлод эса кўпроқ кириллда ўқишга одатланган.

Янги ислоҳот ўтиш даврида ўзбек тилидаги уч хил ёзувнинг бир вақтда муомалада бўлишига олиб келиши мумкин: кирилл, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги лотин ва янги лотин алифбоси.

Сенатор Ҳусан Эрматов аввалги ўтиш жараёни якунланмаганини тан олди.

“Хоҳлаймизми-йўқми, газеталар ҳали ҳам кирилл ёзувида чиқяпти, биз лотинга тўлиқ ўта олмадик. Лотин алифбосини танлаган бўлсак-да, ўтиш жараёни якунланмаганининг сабабларидан бири ўзимизда етарлича қатъият бўлмаганидир”, деди у.

“Агар бу сафар ҳам етарлича қатъият бўлмаса, амалда бир вақтнинг ўзида учта алифбодан фойдаланишимиз мумкин”, дея огоҳлантирди сенатор.

Саида Мирзиёева баҳсни қайта жонлантирди

Алифбо масаласи 2023 йил декабрида ўша пайтда президент ёрдамчиси бўлган, ҳозир Президент администрациясини бошқараётган Саида Мирзиёева “Ўзбекистон” сўзининг лотин ёзувида турлича ёзилаётган шаклларини кўрсатганидан кейин яна сиёсий кун тартибига чиқди.

“Гап Ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбога баъзи ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйиш зарур деб ҳисоблайман”, деган эди Саида Мирзиёева.

Унинг баёноти тилшунослар ўртасида йиллардан бери давом этаётган баҳсни сиёсий ҳокимият марказига яқинлаштирди. Аммо ҳукумат ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаевга кўра, Сенат маъқуллаган лойиҳа сўнгги ўн йил ичида тайёрланган бешинчи вариантдир.

Холбўтаев амалдаги O‘ ва G‘ ҳарфларини йиллар давомида муаммо туғдирган “алифбомиз танасидаги зирапча” деб атади.

Ҳукумат давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари янги алифбога ўтказилишини билдирмоқда. Бироқ бунинг аниқ муддати эълон қилинмади. Шунингдек, ОАВ кирилл ёзувидан бутунлай воз кечишга қонунан мажбурланадими ёки янги лотин ёзувида қўшимча версия тақдим этиши кифоя қиладими — бу ҳам номаълум.

Ҳозирнинг ўзида Ўзбекистондаги аксар йирик нашрлар материалларини кирилл ва лотин ёзувларида тақдим этади.

“Албатта, шахсий ёзишмаларда фуқаролар ўзлари ўрганган алифбодан фойдаланишлари мумкин бўлади. Лекин расмий иш юритишда ва расмий оммавий ахборот воситаларида янги алифбога тўлиқ ўтиш вазифаси қўйилади”, деди Холбўтаев.

Дарсликлар 2031 йилгача ўзгартирилади

Биринчи синф дарсликлари 2027 йилдан янги алифбода чоп этила бошлайди. Барча мактаб дарсликларини 2027–2031 йилларда навбатдаги қайта нашр қилиш жараёнида янги алифбога ўтказиш режалаштирилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев дарсликлар барибир белгиланган тартибда янгиланиши сабабли бу жараён қўшимча маблағ талаб қилмаслигини айтди.

Аммо бу баҳо фақат режалаштирилган қайта нашр жараёнига тегишли. Ислоҳотнинг умумий харажатларига дарсликларни таҳрирлаш ва текшириш, имтиҳон материалларини тайёрлаш, ўқитувчи ва муҳаррирларни қайта ўқитиш, давлат маълумотлар базаларини мослаштириш, клавиатура ва дастурларни янгилаш ҳамда расмий ҳужжатлардаги исм-фамилия ва бошқа маълумотларни тўғри сақлаш киради.

Хусусий нашриётлар, ОАВ, банклар, савдо ва технология компаниялари ҳам алифбони алмаштириш ва янги талабларга мослашиш учун харажат қилиши мумкин.

Ислоҳотнинг умумий қийматига оид батафсил ҳисоб-китоб эълон қилинмади. Муддатлар, техник стандартлар ва кадрларни тайёрлаш тартибини белгилаши керак бўлган Вазирлар Маҳкамасининг дастури қонун Сенатда маъқулланган пайтда ҳали тайёрланаётган эди.

Рақамли технологиялар вазирлиги давлат маълумотлар базаларидаги ҳарфларни автоматик равишда алмаштириш мумкинлигини билдирди. Шунингдек, Ö, Ğ, Ş ва Ç учун клавиатурада алоҳида тугмалар ажратиш таклиф қилинди.

Бироқ автоматик алмаштириш чет элликларнинг исм-фамилиялари, интернет манзиллари, шахсни тасдиқловчи маълумотлар ёки “s” ва “h” алоҳида товушларни англатадиган сўзларни ҳам ўзгартириб юбориши мумкин.

Саводхонлик ошадими ёки чалкашлик кучаядими?

Ўзбекистонда оддий ўқиш ва ёзишни биладиган аҳоли улуши деярли 100 фоиз деб кўрсатилади. Бироқ халқаро баҳолаш натижалари ўқиб тушуниш даражаси анча паст эканини кўрсатган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг PISA-2022 тадқиқотида Ўзбекистондаги 15 ёшли ўқувчиларнинг атиги 14 фоизга яқини ўқиш бўйича минимал иккинчи даражага эриша олган. Ташкилотга аъзо давлатларда ўртача кўрсаткич 74 фоизни ташкил этган.

Бу натижалар ўқиш даражасининг пастлигига алифбо сиёсати сабаб бўлганини исботламайди. Аммо такрорий ислоҳотлар, ягона бўлмаган имло ва кирилл ҳамда лотин ёзувларининг бир вақтда қўлланиши чалкашликни кучайтириши мумкин.

Ўтиш даврида турли синфлардаги ўқувчилар лотин алифбосининг турли вариантларида чоп этилган дарсликлардан фойдаланиши мумкин. Улар уйда ва интернетда амалдаги лотин ҳамда кирилл ёзувларини учратишда давом этади. Ўзбекистоннинг XX асрда яратилган адабиёти ва архивларининг катта қисми эса кирилл ёзувида қолмоқда.

Замонавий технологиялар бу вазифаларнинг кўпини ҳозирнинг ўзида бажара олади. Улар матнларни фақат ўзбек тилидаги турли алифболар ўртасида эмас, балки бутунлай бошқа тилларга ҳам бир неча сонияда ўгирмоқда.

Ўзбекистон алифбо масаласига яна қанча вақт сарфлайди? 33 йилда ҳам якунланмаган ислоҳот энди оддий тил масаласидан чиқиб, танқидчилар фикрича, давлатнинг қарор қабул қилиш ва уни амалга ошириш салоҳияти ҳақидаги саволга айланди. Агар мамлакат алифбо каби оддий ислоҳотни ўн йиллар давомида охирига етказа олмаса, унинг анча мураккаб вазифаларни бажариш қобилиятига хорижий ҳамкорлар қандай ишонч билдириши мумкин?


Форум

XS
SM
MD
LG